Наманган вилояти ижтимоий тараққиёти йўлида яна бир салмоқли қадам

18:35 11 Май 2022 Жамият
655 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда Австрия билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шу муносабат билан вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов раҳбарлигидаги делегация кўп томонлама ўзаро манфаатли шартномалар имзолаш мақсадида Австрия Республикаси пойтахти Вена шаҳрида бўлиб турибди.

Ташриф аввалида UniCredit Bank Austria департаменти директори Дорис Пигниттер билан учрашув бўлиб ўтди. Австриянинг энг йирик банки Наманган вилоятидаги лойиҳаларни молиялаштиришга тайёр эканини билдирди.

Маълумот учун, UniCredit Bank Austria AG'нинг жами активлари 33,4 млрд евродан ортиқни ташкил этади. Дорис Пигниттер UniCredit Bank Austria AG томонидан Австрия назорат банки билан ҳамкорликда Австрия компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти доирасида экспорт ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича тақдим этилаётган хизматларнинг доираси кенг эканини таъкидлади. Икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бағишлаш мақсадида UniCredit Bank Austria AG департамент директори ўзаро манфаатли барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини айтди.

Ўз навбатида Наманган вилоят ҳокими Ш. Абдураззоқов тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун узоқ муддатли ва фоизсиз қарз бериш имконига эга бўлган Австриянинг энг йирик банки билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқлиги, бу эса нафақат вилоят, балки Фарғона водийсида замонавий юрак жарроҳлиги амалиётига муҳтож ватандошларимиз учун муҳим эканини алоҳида қайд этди. Шундан сўнг қиймати 8,8 миллион евролик Наманган кардиология марказини модернизация қилиш бўйича тақдимот бўлиб ўтди.

Шунингдек, Австриянинг энг йирик банки UniCredit Bank Austria AG департамент директори билан Наманган вилоят травматология марказини модернизация қилиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди. Ўзаро дўстона руҳда кечган музокаралар натижасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Делегация сафари чоғида Қуйи Австрия Федерал Ери билан билан ҳам доимий ҳамкорлик ўрнатилди. Вице-губернатор Ёхен Даннингер бошчилигидаги расмийлар билан ўтказилган музокараларда икки томонлама кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини доимий ривожлантириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Келгусида ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий, туризм ва бошқа йўналишлардаги алоқаларни ривожлантириш мақсадида «йўл харитаси» ишлаб чиқилади ва ҳаётга татбиқ этилади.

Наманган делегациясининг Австрия Республикасига сафари давом этмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?