Наманган вилоят энциклопедиясининг биринчи жилди нашрдан чиқди

14:50 18 Январь 2023 Жамият
1181 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзининг қирмизи олмалари, минг бир ифорга бурканган гулзорлари, атласу адраси ва меҳнатсевар инсонлари билан довруқ қозонган Наманган ҳақида кўпроқ билишни истаганлар учун ишончли манба - вилоятнинг олис тарихи, кечаги ва бугунги куни ҳақида танишув маълумотлари жамланган энциклопедиянинг биринчи китоби нашрдан чиқди. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан чоп этилган «Ғазнаи Намангон» деб номланган уч жилдли энциклопедиянинг дастлабки китоби «Олтин одамлар» деб номланади.

Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқовнинг «Кўҳна ва янги Наманган қомуси» сарлавҳали сўзбошисидаёқ вилоятга доир қимматли маълумотлар айтиладики, ўқувчи улар орқали марказ – Наманган шаҳридан бошлаб туманлар ва энг чекка ҳудудлардаги асрлар ортидан етиб келган сиру синоатлардан воқиф бўлади. Китобда ёзилганидек, «Ғазнаи Намангон» атамасининг беш юз йиллик тарихи бўлиб, у «Бобурнома»да ҳам қўлланган.

Энциклопедия маълумотлари анъанавий тарзда алифбо тартибида жойлаштирилган бўлсада, мавзулар хусусида бўлакчароқ йўл тутилган. Жумладан, биринчи жилднинг бош мавзуси - инсон омили. Муллиф ўз ҳаёти ва фаолияти билан Наманганнинг шарафини юксакларга кўтарган тарихий шахслар ва бугунги замондошларимиз ҳақидаги битикларни «Олтин одамлар» дея қоғозга битган. Улар орасида эртакчи ва достончилар, атоқли олимлар, академиклар, олтин юлдуз нишондори бўлган қаҳрамонлар, давлат, жамоат ва дин арбоблари, ахсикатийлар, бобурийлардан бошлаб, «Наманган генераллари», «Наманган вилояти раҳбарлари», «Олий унвон соҳиблари», «Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари»... қўйингчи 2,5 минг киши ҳақида билиб олиш мумкин.

Китобдан яна шу нарса аён бўладики, Наманган фарзандлари жаҳоннинг бешала қитъасида бор. Улар ҳам юртимиз шаънини улуғлашган. Масалан, Сардоба даҳасида улғайган Наимахоним таниқли файласуф, Туркияга бориб қолган. Китобларининг тақдимоти Буюк Британияда ўтади. Қрим, Беларус, Россия, Қозоғистонда, Қирғизистону Тожикистон ва бошқа юртларда академик, чемпион, давлат арбоби бўлганлар ҳам анчагина. Футбол юлдузи Одил Аҳмедов Хитой чемпиони, Дмитрий Дмитренко Мурманск губернатори, Ю. Арзуманов «Роскосмос»нинг атоқли академиги. 150 га яқин ахсикатийлар, Ашина Чечак, Тоҳир-Зуҳра ва Қоракўз Бека каби афсонавий шахслар, қатағон даврида шаҳид кетганлар, яна қанчадан-қанча хазиналар ҳақидаги қимматли маълумотлар ҳам китобхон тасаввурини бойитади.

— Энциклопедия муаллифи Рустамжон Умматовнинг айтишига қараганда, вилоят қомусининг кейинги китоблари ўта кенг қамровли, мазмун-мундарижаси жиҳатидан янада залворли бўлади, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов. — Бунда ўқувчининг Наманган ҳақидаги ҳар қандай саволга батафсил жавоб топа олиши мақсад қилинган. Иккинчи жилд «Олтин замин» дея номланиб, унда вилоятнинг жўғрофий манзиллари, тупроғи, сув йўллари, қадамжолари , шаҳар-туман, қишлоғу маҳаллалари хусусида ҳикоя қилинади. Қомуснинг учинчи жилди эса «Минг бир жамоат» номи билан меҳнат жамоаларига бағишланади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?