Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд — кейингиси қайси вилоят? «Қўлбола» алкоголдан заҳарланиш ҳолатлари тобора кўпаймоқда

12:07 15 Январь 2025 Жамият
197 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Беруний тумани бўлими томонидан тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Тезкор тадбир давомида фуқаро Ш.С. «Жайҳун» МФЙ ҳудудидаги «Э.» савдо дўконида тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан турли номдаги жами 279 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйганлиги аниқланган.

Тадбир давомида ушбу алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Оққўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Туманидаги «Д.» МЧЖ раҳбари Д.Т. харидорга 2 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини сотган вақтида ушланиб, ушбу савдо дўконидан 233 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Янгийўл тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро П.М. яшаш хонадонида яширин цех ташкил этганлиги fosh qilingan.

Фуқаро П.М яширин цехда қўлбола алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келганлиги аниқланган. Хонадондан «Ўзбегим» номли қўлбола алкоголь маҳсулотлари ва 120 литр спирт ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, сўнги ҳафталарда мамлакатимиз ҳудудида фуқароларнинг спиртли ичимликлардан заҳарланиб шифохонага тушаётгани ҳолатлари кўпайди. Алкоголдан заҳарланиш ҳолатларининг аксар қисми ўлим билан якунланмоқда.

Жумладан, 22-26 декабрь кунлари Андижон вилоятида 22 киши Ўзбекистон аксиз маркаси ёпиштирилган «Ўзбекистон» номли коняк истеъмол қилгани оқибатида шифохонага ўткир заҳарланиш ташхиси билан ётқизилган ҳамда шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, уларнинг 5 нафари вафот этган эди.

Кеча, 14 январь куни Самарқанд шаҳрида 13 киши қўлбола ароқдан заҳарланиб шифохонага ётқизилган. Дастлабки маълумотга кўра, заҳарланган 13 кишидан 5 нафари зарур тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Бундан ташқари, 2023 йилнинг cентябрь ойида Фарғона вилояти Қўштепа ва Олтиариқ туманларида 7 киши ароқдан заҳарланиб шифохонага ётқизилган эди.

2020 йилнинг охирларида Наманган вилоятида 12 киши спиртли ичимликдан заҳарланган. Маълумотларга кўра, улардан икки нафари вафот этган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер