Муддатли ҳарбий хизматчилар учун ОТМларга ўқишга киришда имтиёзлар берилади

15:44 25 Январь 2023 Жамият
2022 0

Хизмат мобайнида Давлат мукофотлари билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчилар имтиёз учун тест синовларининг натижаларидан қатъи назар тавсиянома олиш ҳуқуқига эга.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Йўлдошев маълум қилди.

Маълумки мамлакатимизда ёшлар орасида ҳарбий хизматга ва ҳарбий касбга бўлган қизиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг нуфузини янада ошириш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқароларга имтиёз тизимини такомиллаштириш мақсадида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига асосан Республикамизнинг олий ҳарбий таълим муассасалари ва олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга киришда имтиёз яратиш тизими жорий этилган.

Жорий йилнинг 26-31 январь кунлари Мудофаа вазирлиги қўшинларида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирганлигини якуний баҳолаш ҳамда уларнинг билим даражасини текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовлари ўтказилади.

Тест синовларига барча муддатли ҳарбий хизматчиларнинг иштироки таъминланади.

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган тест саволларининг умумий сони 100 та саволдан иборат бўлиб:

унинг 40 таси – жанговар тайёргарлик;

20 таси – маънавий-маърифий тайёргарлик;

10 таси – математика фани;

10 таси –физика фани;

қолган 20 таси – мантиқий саволлар.

Ҳар бир тўғри жавоб учун:

жанговар тайёргарлик бўйича -1,2 балл;

маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича – 1,1 балл;

математика бўйича – 1 балл;

физика бўйича – 1 балл;

мантиқий саволлар бўйича – 1 балл берилади.

Тест синовларини ўтказишнинг умумий вақти 3 соатни ташкил этади.

Тавсиянома бериш тўғрисидаги якуний қарорни қабул қилиш учун ҳар бир муддатли ҳарбий хизматчининг тест синовларининг натижалари, намунали ҳарбий интизоми ва ўқув фанларидан қўйилган якуний ўртача кўрсаткичи йиғиндиси жамланади.

Хизмат мобайнида Давлат мукофотлари билан тақдирланган муддатли ҳарбий хизматчилар тест синовларининг натижаларидан қатъи назар тавсиянома олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тавсиянома олган муддатли ҳарбий хизматчилар Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига мувофиқ:

республикамизнинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;

Республиканинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида ажратилган қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тақдим этилган тавсиянома уч йил мобайнида амал қилади.

Президентимиз Қарори билан таъсис этилган ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси муддатли ҳарбий хизматчилар - эртамиз давомчилари бўлган ёшлар қалбида Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат бурчини шараф билан ўташга, армия мактабида қатъий ирода ва характер, фаол ҳаётий позицияни шакллантиришга, юксак инсоний фазилатларга эга бўлишга, ҳарбийликдек шарафли касбга бўлган қизиқиш ва ҳавасни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер