Муаллиманинг 22 туп ниҳоли...

21:59 05 Апрель 2024 Жамият
804 0

— Дўстим, мени табрикла! Фарзандли бўлдим!

— Умри билан берган бўлсин! Хўш, энди байрамни бошлаймизми? Анча-мунча харажат қиласан, “эрийсан” энди, тўғрими?

— Йўқ, дўстим, бу дабдабаларнинг нима кераги бор. Отам яхши маслаҳат берди, шуни амалга оширмоқчиман, сенинг ҳам ёрдаминг асқатади.

— Ўзи нима қилмоқчисан?

— Ҳозир бозорга бориб, 10 туп мевали дарахт кўчати сотиб оламиз. Кейин уни янги дунёга келган ўғлим шарафига экамиз. Ўғлим улғайиб, юра бошлаганида дарахтлар ҳосилга киради. Ҳам  мева, ҳам тоза ҳаво. Ахир она табиатимиз яшилликка муҳтож бўлиб турган пайтда турли дабдабабозликка бало борми? Фикрим сенга маъқулми?

— Жўра, тўғри ўйлабсан, кетдик бозорга!

Бу каби ибратли ташаббуслар кенг қанот ёза бошлагани қувонарли, албатта. Азалдан халқимиз фарзанд туғилганда унга атаб терак эккани, ўғлига уй қурганида шу теракдан фойдалангани ҳақида кексаларимиз гапириб юришади. Бугун эса ана шу ўлмас қадриятлар яна урфга айланмоқда, ёши олтмишга етган кишилар 60 туп кўчат экиб, боғни парваришлашни ўз зиммасига олаётгани ҳам анъана тусига кирди. Юртга меҳри, муҳаббати юксак одам, албатта, она заминга ўз қўллари билан ниҳол экади-да. Ўзи Ватанни севиш уни боғ-роғларга айлантиришдан бошланди.

Тан олиш керак, тўқликка шўхликлар ҳам бор. Тўйлардаги, турли маросим ва издиҳомлардаги ортиқча таомлару дабдабалар оддий оила бюджетини чўктириб қўйиши ҳеч гап эмас. Аслида бу маросимларнинг ўзи ортиқча ташвиш. Уни ўрнига тўйболага атаб мевали дарахт кўчати ўтқазилса  ёки келин-куёв ўз қўли билан уйи ёнига, ариқ лабига тўрт туп дарахт ўстирса, қалбан табиатга яқинлашамиз. Ўзимиз эккан дарахт куртак чиқарса ёки барг ёзса, руҳиятимиз осмони чарақлаб кетади. Масалан, аёлларимиз “гап”га йиғилганида “келинглар, ҳар биримиз биттадан дарахт кўчат ўтқазиб, ўзимизнинг номимиз билан атаймиз” дейишса ва бу ишни амалга оширишса, қандай яхши. Ёки эркак “гаштак”чилар ўзларининг “улфатлар боғи”ни яратишса, ҳар гал йиғилишганида шу боғдаги дарахтлар остини юмшатишса, парваришлашса, нур устига нур эмасми?

Кекса авлод вакиллари фарзандлар ва набираларни кўчат экишга ундаб туриши керак. Кексалар ўгитини ўғил-қизлар қабул қилишади, қулоқ тутишади. Айни “Яшил макон” умуммиллий дастури амалга оширилаётган кезларда отахону онахонлар сўзига муҳтожлик сезилиб турибди. Шундай онахонлардан бири Нишон туманида яшовчи кекса муаллима Гулчеҳра аянинг фикрлари барча учун ибратли. Онахон бугун юртимизда боғ-роғлар кўпаяётгани, кўчат экиш виждон ишига айланганидан суюниб, ўз ҳовлисидаги боғ тарихи ҳақида сўзлаб берди.

Онахоннинг айтишига кўра, бошланғич синфда ўқитган шогирди Япониядан қўнғироқ қилиб, устозини Ҳайит байрами билан табриклабди ва боғдаги бир дарахт ҳақида сўрабди.

— Устоз боғингиздаги мен эккан ўрик дарахти оппоқ гулга бурканган бўлса керак?

— Бобуржон, нимасини айтасан, бу йил дарахтинг шундай қийғос гулга кирдики, новдаларини кўзимга суртиб, сени эслаб тургандим, ўзинг қўнғироқ қилиб қолдинг, болам. Тани жонинг соғми, ўқишларинг яхшими? Дарахтинг мева беряпти, албатта, сен ҳам яхши мутахассис бўлиб, Янги Ўзбекистон истиқболи йўлида хизмат қиласан.

У томондан овоз эшитилмади. Бобурни она юрт соғинчи, болалик хотиралари бир зум ўйлантириб қўйган, кўнгли алланечук бўлиб кетган эди.  Онахоннинг ҳам киприклари намланди. Гулчеҳра муаллима кўз ўнгида жажжи Бобур ва унинг синфдошлари гавдаланди. Ўшанда ўқувчилар устози туғилган кунига дарахт кўчати совға қилишганди. Муаллиманинг ҳамкасбларидан бири “бир қучоқ чўпни совға деб қабул қилдингизми?” деб кесатган эди. Ўша бир қучоқ “чўп” бугун мевазор боғга айланганини у кўрганда эди.

Бобур ўрик, Наргиза олма, Зилола шафтоли, Муроджон гилос, Севинч қароли, Даврон хурмо, Улуғбек нок, хуллас, 22 ўқувчи совғага кўчат олиб келиб, устози томорқасига экишган. Шогирдлар яратган бу боғ устоз ва шогирдлар ўртасидаги суҳбатда доим эсга олинади. Ҳар гал ўқувчилари қўнғироқ қилганда Гулчеҳра муаллима дарахтлар кўкка бўй чўзаётгани ҳақида гап очади. Шогирдлар ўз қўллари билан эккан дарахт ўсаётгани, ривожланаётгани, гуллаб мева тугаётганидан шундай қувонишадики, дунёга келиб қилган энг катта иши шу эканига амин бўлади.

Тошкент шаҳридаги Олмазор тумани Янги Себзор маҳалласида яшовчи, ёши саксонга яқинлашиб қолган Дилорам аянинг  кўпқаватли уйлар ўртасидаги  боғ яратгани ибратга лойиқ. Тиниб-тинчимас онахон билан яқинда суҳбатлашганимизда у болаларда она табиатга муҳаббат уйғотаётгани ҳақида сўзлаб берди.

— Кўпқаватли уйлар ўртасида боғ яратиш осон бўлмаган, — дейди онахон. — Бундан уч йил олдин дастлабки кўчатларни экаётганимда баъзи кишилар “бу ерда дарахт ўсмайди, сув йўқ, ёзда қуриб кетади” деб танбеҳ беришганди. Мен эса фикримдан қайтмадим, “баклажка”да сув ташиб, дарахтларни ундириб олдим. Эндиликда 30 туп дарахтга тахтача осиб, унга “Зарнигор”, “Шукрона”, Зебузар”, “Иброҳим” каби болалар исмларини ёзиб чиқдим. Бу болалар ҳар куни “баклажка”да сув олиб келиб номи ёзилган дарахтлар остига қуяди. Бундан ота-оналар ҳам жуда хурсанд. Айниқса, 6-7 ёшли бу болажонларнинг “менинг дарахтим гуллабди”, “менинг дарахтим барг чиқарибди” деган гапларини эшитганимда таним яйраб кетади.

Дилорам ая бу боғни “Меҳр боғи” деб атабди. Кексалар шу боғ ёнидаги ўриндиқда нафас ростлаб, чой ичишади. Саксон беш ёшли Жасур бобонинг “лейка”да дарахтларга сув қуйиб юргани эса болажонлар учун намуна. Айтмоқчи, кўпқаватли уйларда чақалоқ дунёга келса, ота-она шу боғга бир туп ниҳол экади. Ўша чақалоқ юра бошлаганида шу дарахт остига унинг қўллари билан сув қуйишади. Бундай гўзал анъаналар ҳаётимизнинг аъмолига айланиб бораётгани қувонарли, албатта. Аммо қанийди, барча маҳаллаларда, кўпқаватли уйлар ёнида Дилорам ая яратган боғ каби мевазор масканлар яратилса. Бунинг учун имконият бор, фақат уни қўлдан бой бермаслик керак.

Кўчат экиб, боғ яратиш энг савоб иш. Зотан, элу юртимиз гулу гулзорларга бурканиб, табиатимиз сўлим ва гўзал қиёфага кирса, бу бизнинг, фарзандларимизнинг, қолаверса, келажак авлоднинг бахту саодатидир. Улуғ шоир Эркин Воҳидовнинг “Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,

Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст” деган сатрлари бугунги кун учун “Яшил макон” ижодкорлари учун ёзилгандек, жаранглаб турибди. Ҳақиқатда, биз бугун эккан ниҳоллар эртага гўзал ва серфайз боғга айланиб, фарзандларимизга, келажак авлодга хизмат қилади. Шунинг ўзи юртга дахлдорлик, Ватанга муҳаббат дегани эмасми?

Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер