Момомерос касбини улуғлаб

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Нурота каштачилиги ҳақида сўз очилса, нуроталик машҳур чевар Саодат Раҳматованинг уч аср билан юзлашган момомерос сўзанасини яп-янги автомашинага алишмагани эсга тушади. Ўша сўзана Саодат ая билан қўшиб ҳисоблаганда еттинчи авлоднинг қўлига ўтибди. Чинданам уни сотиб ёки алишиб бўлмайди, фақат мерос қолдириш мумкин.
Каштачилик Нуротада ана шундай момомерос қадриятлардан. Ушбу санъат мазкур туманда қадим-қадимдан аёлларнинг бандлигини таъминлашдек ижтимоий аҳамият ҳам касб этиб, унинг сиру синоати бувидан набира, қайнонадан келинга ўтиб келган. Шунингдек каштачилик орқали шунчаки уқув ва маҳоратгина эмас, орзу-ҳавас, санъатгагина хос нафосат, турмуш тарзлари, сабру қаноат ҳамда назари тўқлик каби фазилатлар камол топган.
— Нурота каштачилик мактаби, хом-ашёга дастлабки ишлов беришдан тортиб, якунида тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни қамраб олиши билан ажралиб туради, — дейди санъатшунос Амин Қодиров. — Унинг санъат даражасига кўтарилганлиги, ҳар бир намуна алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, маълум бир йўналишларда тарихий давр ўз аксини топганлигини кузатиш мумкин.
Бугун санъатсевар ёшлар эстафетани қўлга олиб, Нурота каштачилик мактабининг анъанавий йўналишларини Бухоро, Қашқадарё ва, ҳатто Тожикистон мактабларининг композиция ва нақш унсурлари билан бойитмоқда. Шу туфайли нуроталик чеварлар маҳсулотлари Франция, Япония ва яна бир қатор мамлакатлардаги халқаро кўргазмаларда тадқиқотчиларнинг диққатини тортмоқда.
— Нурота амалий санъати, хусусан каштачилиги, ҳудуднинг табиатини, маҳаллий аҳолининг кайфиятини ифода этади, — дейди Франциялик сайёҳ Паскал Махтинелли. — Тўғри, такрорликлар кўп. Бироқ бунда аҳолининг маросимларга, ўз ҳаётининг унутилмас даврига эътиборини назарда тутсак, бу камчилик ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Санъат ва маросимлар қадим боғлиқлиги мана шу заминда сақланиб қолинганлиги дунёда камдан кам учрайдиган воқеликдир. Албатта, бу жуда катта тадқиқот манбаи. Чуқурроқ тадқиқ этилса, санъат тарихи билан боғлиқ жуда катта кашфиётларга манба бўлади.
Нуротада кашта ҳунармандчилиги бугун тадбиркорлик тусини олиб, туман марказида минг нафардан зиёд қиз-жувон у билан машғул. Чекка қишлоқ қизларини мазкур санъат синоатларидан воқиф этиш, шу орқали ижтимоий бандлигини таъминлаш мақсадида ўқув курслари ҳам ташкил этилган. Уларда қизлар Нурота каштачилиги билан бирга харидоргир Бухоро зардўзлигини ҳам ўрганиб, ўз маҳсулотларини кун сайин хорижий сайёҳлар ташрифи ортиб бораётган Чашма мажмуаси кўргазмаларида тақдим этмоқда.
Хусусан, яқинда Нурота шаҳридаги Эргаш Жуманбулбул ўғли номидаги истироҳат боғида туман ҳокимлиги ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан «Сўзана ва кашта» миллий ҳунармандчилик санъати фестивали ташкил этилиб, унда Нурота каштачилигининг намуналари намойиш этилди.
— Сайёҳлик дастуримизга Нуротадаги «Чашма» мажмуасига саёҳат ҳам киритилгани туфайли биз ажойиб санъат ва ҳунармандчилик фестивалининг гувоҳи бўлдик, — дейди швейцариялик Элвира Эберхард. — Албатта, бу ерда олган таассуротларимиз, Ўзбекистон ниҳоятда бой тарихга эга, маданий мерос қадрланган мамлакат эканлиги хусусида юртдошларимизга сўзлаб берамиз. Дунёнинг йигирмага яқин мамлакатида бўлганман. Бу ердагидек меҳмондўстликни ҳали кўрган эмасман.
Фестиваль иштирокчилари «Энг яхши Сўзана ва каштачи», «Энг яхши Сўзана ва каштачи мактаби устаси», «Сўзана ва каштачилик бўйича қадимий сулола давомчиси», «Қадимий анъаналарни қайта тиклаган Сўзана ва каштачи», «Энг ёш маҳоратли Сўзана ва каштачи» номинациялари асосида тақдирланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг