Мўйноқ тумани: Тарихий ўзгаришларга бир назар

12:12 20 Сентябр 2022 Жамият
1018 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳамкорлигида «Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикасида, айниқса Мўйноқ туманида амалга оширилган тарихий ўзгаришлар ва эришилган ютуқларини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни» мавзусида Мўйноқ туманига медиа – тур ташкил этилди.

Тадбирга марказий ва маҳаллий нашрлар ҳамда теле ва радио журналистлари, блогерлар таклиф этилиб, улар чекка туманда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Медиа-тур иштирокчилари дастлаб, Мўйноқ тумани яқинида жойлашган «Ҳаким ота» Сулаймон Боқирғоний зиёрат мажмуасига бориб, у ерда амалга оширилётган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари билан танишишди.

— Манбаларда келтирилишича, Сулаймон Бокирғоний – яъни, Ҳаким ота Аҳмад Яссавийнинг энг иқтидорли ва ҳаким шогирди бўлса, буюк мутафаккир, Занги ота Ҳазратларининг устози бўлганлар, — дейди «Мавлуда-Қарлиғаш» туристик агентлиги раҳбари Мавлуда Ембергенова. — Сулаймон Бокирғоний устози Аҳмад Яссавий тариқатини юргизган ва шеъриятда издошлик қилган иқтидорли ва ҳаким шогирдидир. Унинг ҳаёти ва пурмаъно ҳикматлари бугунги кунда бутун дунё тасаввуф ихлосмандлари томонидан севиб ўқилади. 

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 23-24 февраль кунлари ташрифи доирасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Аҳмад Яссавий тариқатининг давомчиси «Ҳаким ота» Сулаймон Боқирғонийнинг 900 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Шу муносабат билан 29-30 сентябрь кунлари Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши кутилмоқда.Қурилиш ва бунёдкорлик ишларидан сўнг янада обод зиёратгоҳга айланаётган ушбу манзилда қўшни республикалардан зиёратга келган меҳмонларни ҳам учратиш мумкин.

— Ўзбекистонда, шу жумладан Оролбўйида туризм соҳасига, айниқса зиёрат ўринларига катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик, — дейди Қозоғистон Республикасидан зиёратга келган Бийзада опа Казанатова. — «Ҳаким ота» зиёратгоҳига бундан 5 йил илгари келганимиз. Ҳозирда зиёратгоҳ катта мажмуага айлантирилибда маҳобатли мақбаралар қурилгани ва атрофлари ободонлаштирилгани бу борадаги ишларга қаратилган эътибордан далолат. «Ҳаким ота»ни қўшни республикалардан ҳам кўплаб инсонлар келиб зиёрат қиладилар.

Ўйлаймизки, «Ҳаким ота» зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг ушбу мажмуа маҳаллий ва ҳорижий сайёҳларнинг эътиборини янада тортиши ва зиёрат туризми марказларидан бирига айланишига ишонамиз.

Тадбир иштирокчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи инновация марказининг «Оролдаги боғим» (My garden in the Aral Sea) лойиҳаси асосида Мўйноқ тумани «Тикўзек» овулидаги боғда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

— Мазкур боғда тегишли лойиҳа дорасида қум ва шўрлоқ ерларга мос дарахт кўчатлари етиштирилмоқда, — дейди Оролбўйи инновация марказининг директори вазифасини бажарувчи Камалатдин Идрисов. — Ушбу боғда иқлим шароитимизга мос 56 турдаги дарахт кўчатлари билан бирга жорий йилдан бошлаб ёнғоқ ва бодом дарахти кўчатларини ҳам экиб парваришламоқдамиз. Ҳозирги кунда 20 гектар майдонда тажриба-синов жараёнлари ўтказилмоқда. Бу борадаги ишларимизни Хитой, Германия, Исроил, Араб мамлакатлари каби бир қатор давлатлар билан ҳамкорликда ўсимликларни экиш ва парваришлаш технологияларини синовдан ўтказмоқдамиз. Яна бир бир хушхабар, Биз Европа иттифоқи билан амалга ошираётган ишларимиз натижасида шу йўналишдаги грант лойиҳасини ютиб олдик. Грант лойиҳасининг умумий қиймати 55 минг евро бўлиб, бунда синов тажриба майдонимизда 27 минг кўчат етиштириш назарда тутилган. Ҳозирги кунда 9 минг кўчатларни экдик ва бу ишларни ноябрь ойигача давом қилдирамиз.

Медиа-тур иштирокчилари Мўйноқ тумани Экология ва Орол денгизи музейлари ҳамда яқинда ишга тушиши режалаштирилган янги корхонага ҳам бориб кўрди.

 — Мазкур лойиҳа асосида “MUYNAK LDSP” масъулияти чекланган жамияти томонидан Мўйноқ туманида қамишдан ЛДСП панеллари ва мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, —  дейди корхонанинг муҳандис-технологи Алишер Сайипназаров. — Ҳудуддаги кўлларда табиий ҳолда ўсадиган қамиш ўсимлиги эндиликда саноат усулида қурилиш моллари ва мебель маҳсулотларига айлантирилади. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган заводга Хитой ва Квропа давлатларидан олиб келинган ускуналар ўрнатилиб, қурилиш ва монтажлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё захираси ҳам жамғариб қўйилган. Умумий қиймати 8,5 млн. доллар бўлган мазкур лойиҳа амалга оширилгач ушбу корхонада 1 500 та мавсумий ва 150 та доимий иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулот ички бозорни таъминлаш билан бирга қўшни республикаларга ҳам экспорт қилиш назарда тутилган.

Шу куни тумандаги «Ёшлар маркази»да «Мўйноқ туманида амалга оширилган тарихий ўзгаришлар ва эришилган ютуқлари» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Семинар аввалида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Ботир Матмуратов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламаларни барпо этиш ва бу ишда бутун мамлакатимиздан ҳашарчилар келиб, мазкур эзгу ишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганини ва бу амалий ишларнинг бугунги кундаги самаралари ҳақида гапириб ўтди.

Тадбирда Мўйноқда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берилиб, Президент ҳузуридаги Орол бўйи инновация маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Халқаро Оролни қутқариш фонди ва бошқа масъуллар идоралар вакиллари Мўйноқда амалга оширилган ишлар юзасидан ўзларининг тақдимотлари билан йиғилганларни таништирди.

Семинарда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига масъуллардан атрофлича жавоблар олди.

Медиа-тур иштирокчилари Мўйноқдаги «Оқ кема» болалар дам олиш маркази, шунингдек, сўнгги йилларда қурилиб фойдаланишга топширилган, Маданият саройи, Ёшлар саройи, Амфитеатр, Мўйноқнинг янгиланган аэропорти, «Future Muynak» ўқув-амалиёт маркази фаолияти билан танишишди.

Эътиборлиси, сўнгги йилларда Мўйноқда шу қадар янгиланишлар ва эътироф қилишга муносиб ишлар бўляптики, уларни бир мақолага жойлаш имконсиз. Фақат келиб кўрган киши олдин мавж уриб турган Орол денгизи қуришидан «мерос» қолган табиий инқироз ва бугунги ислоҳотлар натижасида қайта жонланиб, янгиланаётган Мўйноқдаги тарихий ўзгаришларни яхшироқ англайди.

Тадбир якунида Мўйноқ туманида амалга оширилган тарихий ўзгаришлар ва эришилган ютуқларини фаол ёритиб келаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари, хусусан, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти жамоасига миннатдорлик билдирилиб, тадбир ташкилотчилари томонидан Қорақалпоғистондаги мухбирлари «Ташаккурнома» ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғайратжон Отажонов, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер