Минораи Калоннинг меъмори ким?

15:22 20 Февраль 2025 Маданият
980 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Кўҳна Бухорони Минораи Калонсиз тасаввур этиш мушкул. Шаҳарга келган сайёҳ борки, унга ҳайрат билан боқади. Дафъатан одамнинг хушбичим қоматини эслатадиган бу обида ҳақида кўп ва хўп ёзилгани бежиз эмас. У ҳамда Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасаси жойлашган ҳудуд яхлит ҳолда Пойи Калон меъморий ансамбли деб аталади. Бу гўша «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 8 мўъжизаси» рўйхатидан ўрин олган.

Минораи Калон (Катта Минора) сўнгги қорахоний ҳукмдор Арслонхон фармонига мувофиқ, 1127 йилда қуриб битказилган. Баландлиги 47,5 метр, диаметри 9 метрда иборат, 105 пиллапояли бу обида ўз вақтида Арслонхон минораси деб ҳам аталган. Мутахассислар Минораи Калонга Бухоро меъморчилигининг ўзига хос қомуси, дея таъриф беради. Босқинлару истилолар ва табиий офатлар оқибатида шаҳар ўзининг ўнлаб меъморий ёдгорликларидан айрилиб муштипар онадек бўзлаб қолган паллада Минораи Калонни қураётган меъмор ўша обидалардаги нақшлардан нусха олган. Маҳобатли минорага синчиклаб тикилган киши бу нақшларнинг бетакрорлигини, ўзига хослигини кўради. Дарвоқе, унинг меъмори ким? Мутахассислар бу саволга аллақачон жавоб топган. Минорада араб ёзувида битилган «Амали Усто Бақо» ёзуви бу масалага ойдинлик киритади.

Халқ орасида минора билан боғлиқ афсонаю ривоятлар кўп учрайди. Шулардан бирида айтилишича, ҳаётдан кўз юмаётиб Усто Бақо ўзини минора яқинида дафн этишларини васият қилган экан. Бу қабр ҳозиргача сақланиб қолган, деган тахмин бор. Чунончи, миноранинг кунботар томонида жойлашган ҳовлилардан бирида қадимий қабр бор. Уни Минораи Калонни қурган меъморнинг дахмаси, деб фараз қилишади. Лекин бу ҳақида шу пайтгача аниқ тарихий маълумот йўқ.

— Бу ҳовли бизга бобомдан мерос, — дейди қадимий қабр сақланаётган хонадон соҳиби Бобуржон Мирзаев. — Болалигимиз шу хонадонда кечган. Айни пайтда ҳовлидан оилавий меҳмонхона сифатида фойдаланяпмиз. Дуогўй инсонлар учун эшигимиз ҳамиша очиқ.

Айтиш керакки, Бухоронинг тарихий қисмида жойлашган масжиду мадрасалар, савдо тоқи, карвонсаройлар, қадимий ҳовлилар ва ҳатто кўчаларда кўплаб азиз-авлиёларнинг қабрларини кўриш мумкин. Уларга юртимиз тарихининг ажралмас бир бўлаги сифатида қараб келинмоқда. Шу нуқтаи назардан Бобуржон Мирзаевнинг қадимий қабрни алоҳида бир уй қурган ҳолда ёғин-сочиндан, ташқи таъсирлардан асраб-авайлаб келаётгани таҳсинга лойиқ.

Бундан икки-уч йилча муқаддам «Халқ сўзи»даги чиқишларимиздан бирида таъкидлаганимиздек, 2027 йилда Минораи Калоннинг барпо этилганига 900 йил тўлади. Шу муносабат билан юртимиз меъморчилиги тарихи, иморатсозликнинг шарқона анъаналари, қадимий ёдгорликларни консервация қилиш тажрибасига бағишлаб Бухорода халқаро анжуман ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Бундай хайрли ишлар ёш авлоднинг не-не кечмишларнинг тилсиз гувоҳи саналган Минораи Калон тарихи ҳамда унинг ижодкори тўғрисидаги билим ва тасаввурларини бойитади. Тарихнинг ўқилмаган саҳифаларини очишга туртки беради. Қолаверса, туризм равнақига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?