Ҳазрати Усмон Мусҳафи энди Ислом цивилизацияси маркази Қуръон залида
2025 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бошланган “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресси ўз ишини давом эттирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган конгресс 300 га яқин Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжондан келган олимлар, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакилларини, шунингдек, маданият ва санъат арбобларини бирлаштирди.
Минтақамиз халқларининг маънавий ва илмий меросини уларнинг бирлиги, ҳамкорлиги ва барқарор тараққиёти асоси сифатида таҳлил қилиш мақсадида ташкил этилган конгрессда оламшумул жараён бўлиб ўтди. Ҳазрати Имом мажмуасида жойлашган “Мўйи муборак” мадрасасидан ислом тарихининг энг улуғ ва муқаддас қўлёзмаларидан бири — Ҳазрати Усмон (р.а.) даврида кўчирилган Усмон Мусҳафи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Конгресснинг иккинчи куни ислом тарихининг энг улуғ ва муқаддас қўлёзмаларидан бири бўлган ана шу бебаҳо қўлёзма — Ҳазрати Усмон (р.а.) даврида кўчирилган Усмон Мусҳафининг тақдимоти билан бошланди.
Шунингдек, конгресс иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Қуръони Карим залини томоша қилишга мушарраф бўлишди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов конгресс қатнашчиларига Қуръон зали ва ундан ўрин оладиган артефактлар ҳақида маълумот берди.
– Ушбу зал муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган муаллифлик ғояси асосида барпо этилди. Залнинг умумий майдони 1200 квадрат метрни, баландлиги эса 64 метрни ташкил этади. 50 тонна вазнга эга бўлган улкан ва беназир қандил осилган. У дунёдаги энг йирик қандиллардан бири бўлиб, дунёга машҳур Сваровски тошлари билан безатилган.
Зал пушти рангли қимматбаҳо мармар билан қопланган бўлиб, энг қимматли гавҳари, албатта, муҳтарам ва муқаддас Қуръони Карим – Усмон (р.а.) Қуръонидир. Маълумки, бу ноёб нусха Учинчи халифа Усмон (р.а.)нинг бевосита фармони асосида яратилган. Ҳозирги кунда ушбу нодир қўлёзма ЮНЕСКОнинг “Жаҳон мероси” рўйхатига киритилган. Бугун сизларга шу марказда амалга оширилган ишлар билан биринчи бўлиб танишиш шарафига муяссар бўляпсиз.
Шуни ҳам қайд этишни истардимки, ушбу муқаддас Қуръон атрофида яна 114 та нодир Қуръон нусхаси сақланмоқда – улар орасида сомонийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, ғазнавийлар, темурийлар, шайбонийлар даврида кўчирилган нодир мусҳафлар бор.
Ишончим комилки, сиз — азиз меҳмонларимиз, дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз билан биргаликда мамлакатларимиз маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш йўлида улкан ва хайрли мақсадларни амалга оширамиз, – деди марказ директори.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳам ушбу бебаҳо мероснинг аҳамияти ҳақида маълумот бераркан, мазкур қўлёзма халқаро миқёсда ҳам чуқур ўрганилганини қайд этди.
– Бу ерда намойиш этилаётган мусҳаф – ислом тарихидаги энг қадимий ва энг ишончли қўлёзмалардан бири. Милодий 644-656-йиллар оралиғида мусулмон умматига раҳбарлик қилган Халифа Усмон (р.а.) томонидан ёздирилган, ўзлари ҳам мунтазам ўқиб юрган муборак Қуръон нусхаси ҳисобланади.
Тарихчиларнинг айтишича, ҳазрати Усмон (р.а.) шаҳид этилган пайтда мусҳаф саҳифаларига муборак қонлари томган. Бу тарихнинг ўзи гувоҳлик бераётган, эътиқод йўлида жон фидо қилинган дақиқаларнинг тирик изидир.
Мазкур қўлёзма халқаро миқёсда ҳам чуқур ўрганилган. ЮНЕСКО илмий экспертлари томонидан ўтказилган таҳлиллар – қоғоз, сиёҳ, хаттотлик услуби ва матн тузилмаси бўйича олиб борилган текширувлар – бу мусҳафнинг айнан Усмон (р.а.) даврига мансуб эканини илмий жиҳатдан тасдиқлаган.
Шу боис ушбу мусҳаф – нафақат диний қадрият, балки бутун инсоният учун тарихий, маънавий ва маданий мероснинг ноёб тимсолидир. Бу тарихий маросим мамлакатимизда муқаддас ислом меросига бўлган юксак ҳурмат, илм-фан ва маърифатга бағишланган эътиборни намоён қилади, – деди Зайниддин Эшонқулов.

Гулнара Жаманкулова, техника фанлари номзоди, Қирғиз-славян рус университети профессори:
– Ислом цивилизацияси маркази ўзининг улуғворлиги, меъморий кўлами билан ниҳоятда катта ҳайрат уйғотади. Бу – бетакрор меъморий ёдгорлик. Жуда гўзал ва бу марказни барпо этишда ўз ҳиссасини қўшган минглаб инсонларнинг меҳнати яққол сезилиб туради.Марказ ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли даражада бунёд этилган. Албатта, марказнинг энг асосий дурдонаси — бу ноёб Қуръон қўлёзмасидир. Бу жуда улуғвор, ниҳоятда қимматбаҳо манба. Ислом ғоясининг тарғиб қилинаётганининг ўзи жуда қувонарли. Чунки у бағрикенг, тинчликпарвар дин бўлиб, барча халқлар ўртасида тинчлик ва ўзаро ҳамкорликка даъват этади. Айниқса, аввало, ислом миллатлари ўртасидаги бирликни мустаҳкамлайди.
Ўйлайманки, Ўзбекистон жуда улкан иш амалга оширди. Ўзбекистон Президентининг бундай марказ барпо этиш ташаббуси — беназир ва улуғ бир ғоя. Ушбу марказ ислом етакчилари, исломга эътиқод қилувчи ва ҳатто исломга эътиқод қилмайдиган, аммо унга қизиқадиган инсонлар учрашадиган масканга айланади, деб ўйлайман.
Усмон Мусҳафи ҳақида маълумот: Ўзбекистон дунё тамаддуни тарихида ўчмас из қолдирган буюк давлатлар ворисидир. Асрлар давомида бу заминда юксак меъморчилик, санъат ва адабиёт дурдоналари яратилган. Улар ҳанузгача бутун дунёдаги ихлосмандларни ҳайратга солиб келмоқда. Мана шундай улкан меросдан бири — Ҳазрати Усмон (р.а.) даврида кўчирилган муқаддас Қуръони карим қўлёзмаси, яъни Усмон Мусҳафидир.

Ҳужжатларга кўра, ХХ аср бошларида Мусҳаф 353 варақдан иборат бўлган. Бир аср мобайнида унинг 15 саҳифаси йўқолиб кетган. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 июндаги 115-сонли “Усмон Мусҳафи”ни талаб даражасида сақлашни таъминлаш тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинди. Германиядан олиб келинган махсус сандиқ (саркофаг)да бу нодир асар намлик ва ҳарорат мўътадил шароитда сақланди.
Айни вақтда у 338 та варақдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири қалин терида 12 қатордан ёзилган муқаддас оятларни ўз ичига олади. Ажабланарлиси, оятларнинг катта қисми чиригани сабабли саҳифалар қоғоз билан ямалган ва оятлар уларнинг устида қайтадан ёзилган.
Ҳазрати Усмон Мусҳафида Қуръоннинг 114 сурасидан бор-йўғи иккитаси — “Анъом” ва “Тоҳа” суралари тўлиқ етиб келган. Бошқа суралар ё қисман, ё умуман йўқолган. Ҳозирги ҳолатда 6236 оятдан фақат 2108 таси сақланиб қолган.

2025 йилда Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Кувайт ва Буюк Британияга амалга оширган хизмат сафарлар чоғида Мусҳафнинг йўқолган саҳифаларидан яна 7 тасини аниқлади. Хусусан, Кувайтдаги Ражаб Ториқ музейидан 6 та — 70, 80, 211, 217, 246, 340 саҳифалар, Британиядаги машҳур коллекциядан 1 та варақ — Оли Имрон сурасининг 178-179 оятлари битилган саҳифаси топилди. Улар Тошкентдаги Мусҳафнинг айнан етишмаётган саҳифалари экани маълум бўлди.
Ҳазрати Усмон Мусҳафи — нафақaт ислом оламининг энг бебаҳо қадриятларидан бири, балки инсоният тарихидаги қимматли илмий ва маданий дурдоналардан ҳамдир. Уни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш — бизнинг муқаддас бурчимиздир. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида ушбу буюк қўлёзмага муносиб эътибор қаратилиши, бинонинг марказий қисми – Қуръони карим зали ўртасида ушбу нодир манба учун махсус айвонча қурилгани, бу қадимий мусҳафни зиёрат қилиш учун замонавий шарт-шароитлар яратилиши “Ҳазрати Усмон мусҳафи”га қаратилган юксак эътибор намунасидир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу муқаддас манбанинг муносиб тарзда сақланиши, ўрганилиши ва халқимиз ҳамда жаҳон мусулмонлари учун доимий зиёрат нуқтасига айланиши йўлида изчил ишлар олиб бормоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг