Миллий манфаатларга садоқат намунаси

Дунё тамаддунга юз тутибдики, инсонлар холис ва тезкор ахборотга муҳтож. Эрамиздан аввалги 59 йилда ҳукмдор Сезарнинг кўрсатмаси билан лойдан ясалган лавҳачаларда «Acta diurna senatus etpopuli» — «Сенат ва Рим халқининг кундалик баённомалари» чиқа бошлаган. Кейинчалик ана шу лавҳачалар иккита энг ибтидоий хабарномага айланган, улар «Acta senates» ва «Acta diurna populi romani» деб номланган.
Тарихчилар таъкидлашича, «Acta senates» раҳбариятнинг ўзига хос жарчиси бўлган. Унда ҳукмдорнинг амру фармонлари ҳамда Сенат янгиликлари эълон қилинган. Шунингдек, башоратлар, об-ҳаво маълумоти ва астрономия янгиликлари ҳам ҳавола этилган. Сабаби, ҳокимият ўзининг айрим қарорларини қабул қилишда айнан шу маълумотларга асосланган. Лойдан ясалган лавҳачадан иборат «Acta senates» ҳукумат биноларининг деворларига ҳам илиб қўйилган. Моҳиятан, шу расмий газетанинг илк кўриниши бўлган, дейиш мумкин.
«Acta diurna populi romani» эса халқ учун мўлжалланган янгиликларни эълон қилган. Улар қисқа сатрлардан иборат эди. Масалан, хабарлардан бирининг матни: «Кеча шаҳар устида кучли бўрон бўлди. Шаҳар чеккасида дуб дарахти чақмоқ уриши туфайли қулаб тушди». Ёки бошқа бир хабар: «Вино тайёрлаш ертўласида жанжал юз берди. Дўкон эгаси яраланди». Бу тахтачалардан нусхалар ҳам тайёрланган, яъни «Рим халқининг кундалик баённомалари», замонавий тил билан айтсак, кўп ададли бўлган. Бу нусхалар бозорлар, халқ кўп тўпланадиган жойларда тарқатилган.
Хўш, икки минг йилдан кўпроқ даврда нима ўзгарди? Биз, худди аввалгидай, шаҳримиз, давлатимиз ва дунёда юз берган воқеалар ҳақидаги хабарларни кўздан кечириб чиқамиз. Тўғри, Қадимий Римда яшаган шаҳар фуқароси янгиликлар билан танишиш учун бозорга боришига тўғри келар эди, биз эса — бугунги кунда смартфонимиз экранида бармоқларимизни юргизсак, шунинг ўзи кифоя. Хуллас, бундай ҳаракатларнинг маъно-мазмуни, мақсад-муддао ўша-ўша.
Лекин бугунги замондошимизнинг ахборот олиш бўйича эҳтиёжлари антик дунё одамлариникидан жуда кескин фарқ қилади. Қадимда бирор киши қайсидир воқеа ёки муҳим масала юзасидан фикрларни эшитмоқчи бўлса, Цицерон каби файласуф ва нотиқларнинг маърузасини тинглагани бориши керак эди.
Бугунчи? Ҳар қандай мавзудаги «асосли» фикр ёки изоҳни олиш, ҳар қандай янгиликни билиш учун қанчадир масофа босиб ўтиш шарт эмас, балки битта бармоқ ҳаракати кифоя.
Қадимда янгиликни кўпчиликка ҳавола этиш ҳуқуқи шунга муносиб деб ҳисобланувчи, ўқимишли, давлатда ўз хизмати билан танилган, фуқароларнинг ҳам эътирофига эришган инсонлардагина бўлган. Бугунчи? Бир неча сатрдан иборат кинояли изоҳни ижтимоий тармоқларда ҳатто собиқ «иккичи» ҳам ёза олади. Яхшиямки, сўзларнинг имло қоидаларига мос тарзда тўғри ёзилишини кўрсатиб, хатосини тузатиб турадиган матн муҳаррири бор. Айрим «муаллиф»ларчи, ҳатто ўзи қўллаган сўзнинг чин маъносини билмайди ҳам.
Бундай ҳолат салбий ёки аксинча, ижобий тусга эга эмас. Одамлар ҳам кўп, техника тараққиётининг мевалари ҳам. Ҳар ким ўзи хоҳлаган мавзуда ёзади. Бу — замонавий воқелик. Тармоқдаги постлар ва изоҳлардаги бундай хилмахилликнинг муҳимлиги эса кўриниб ҳам қолди: бунда иқтисодиётнинг ҳар қандай вазиятда адолатли бўлган талаб ва таклиф ҳақидаги қонунияти «ишга тушди». Яъни фикрлар қанчалик кўп бўлгани сари уларнинг қадр-қиммати ҳам шунчалик тушиб кетди.
Яна бир жиҳат. Қачонки, аниқ далиллар ўрнини ҳис-ҳаяжон эгаллар экан, у одамларни бошқариш қуролига айланиши эҳтимоли бор. Инсоннинг ҳис-туйғулари орқали унинг эътиборини чалғитиш мумкин. Ў бўлмаса, ўқувчи ва томошабинни энг мақбул вариантдан мосуво этган ҳолда яхши ва ёмон ўртасида танлов қилишга мажбурлаш учун сохта дилеммалар яратиш мумкин.
Мисол учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Медиамаконда шундай мулоҳазалар ҳам бўляптики, уларда Ўзбекистон йирик давлатлар орасидаги глобал қарама-қаршиликда қайси томонда, кимнинг позициясини қўллаб-қувватлайди, қайси гуруҳ ва ташкилотларнинг манфаатини ҳисобга олади, деган ноқулай саволлар қўйилади.
Бу жараёнда кузатиш мумкинки, баъзан жиддий қиёфадаги шарҳловчилар шундай мавзуларда фикр юритишади, эҳтиросли изоҳлар беришади, тадқиқотларнинг натижалари ёки сиёсатдонлар, популист-нотиқларнинг сўзларини келтиришади. Бу сингари «экспертлар» гўёки сатрлар орасида яширинган фикрларни «ўқишади» ва ўзларича Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати чинданам кўп векторлими ёки бирёқлама бўлиб қолдими, каби саволларни кўтаришади. Бундай саволларга эса ҳар сафар бир хил ўта соддалаштирилган, примитив жавоблар берилади.
Бу сингари «мутахассислар»нинг иши фуқароларимизни боши берк кўчага киритиб қўйишдан бошқа нарса эмас. Йўқса, бундай кераксиз демагогияга берилмасдан, ишончли далилларга таянган бўлишарди.
Ташқи сиёсат майдонидаги фаоллик
Квант механикаси муаллифларидан бири, физика бўйича Нобел мукофоти совриндори Эрвин Шрёдингер нафақат ўзининг машҳур «Шрёдингер мушуги» сингари ноодатий тадқиқотлари ва тафаккур тажрибалари билан шуҳрат қозонган, балки австриялик бу олим жамият тараққиётига ҳам илмий ва фалсафий нуқтайи назардан қарашга уринган.
У ўз тадқиқотларида «энтропия» деган тушунчани фаол қўллаган. Физика фанида бу тушунча тизимдаги тартибсизлик ёки хаос даражасини ифодалайди. Лекин ижтимоий тизимларда энтропиянинг кучайиши мураккаблик ва турли-туманликнинг ортишини англатади. Давлатлар учун очиқлик ва ижобий социал энтропия Қоялар алмашинуви, маданий турли-туманлик ва интеллектуал ўсишга олиб келувчи омил бўлиши мумкин. Бундай фаоллик турли давлатларнинг бир-бири билан ўзаро муносабатларида инновацияларни рағбатлантиради, алоқаларни мустаҳкамлашга, эволюция ва тараққиётга хизмат қилади.
Хўш, буни Ўзбекистоннинг айни вақтдаги ташқи сиёсат курси билан солиштириш мумкинми? Шубҳасиз, мумкин. Бунинг учун эса худди аниқ фанлар бўйича мутахассислар ва сифатли журналистика тарафдорлари сингари ушбу формулага мос факт ва рақамларни қўшиш кифоя.
Президент Шавкат Мирзиёев биргина май ойининг ўзида турли мамлакатлар, халқаро ташкилотлар ва чет эл компанияларининг делегациялари билан музокаралар ўтказди, хорижий ташрифни амалга оширди, халқаро форумларда маъруза қилди, шундай тадбирларнинг иштирокчиларига мурожаат йўллади. Бундан ташқари, республикамиз раҳбарининг тиғиз иш жадвалидан бошқа давлат раҳбарлари билан телефон орқали мулоқотлар, бешта мамлакат элчисини қабул қилиш тадбирлари ҳам ўрин олди. Яна шу даврда икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Умуман, Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бор-йўғи бир ой ичида мамлакатимиз 175 та хорижий делегацияни қабул қилди, уларнинг 35 нафари — юқори мартабали меҳмонлар.
Ўзбекистон матбуоти Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг май ойидаги мамлакатимизга ташрифини батафсил ёритди. Томонлар эътироф этганидек, бу ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очди ва уларнинг ривожига кучли туртки берди.
Тошкентда бўлиб ўтган музокараларда олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот ва алоқаларни фаоллаштириш, қўшма ҳукуматлараро комиссия ишини йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди. Яқин келажакда икки томонлама муносабатларни кенг қамровли ҳамкорлик даражасига олиб чиқиш бўйича ўзаро интилиш билдирилди. Ўзбекистон — Малайзия саммити доирасида етакчилар товар айирбошлаш ҳажмини ва қўшма корхоналар сонини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Томонлар бу кўрсаткичларни яқин келажакда бир неча баробар ошириш борасида тизимли ишларни йўлга қўйишга келишиб олди.
Давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, бу мақсадга эришишда товарлар номенклатурасини кенгайтириш ва ўзаро савдонинг мувозанатлилигини таъминлаш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, юқори технологияли лойиҳаларни илгари суриш учун махсус саноат зонасини яратиш лозим. Ташриф доирасида Самарқанд шаҳрида икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди ва унда ҳамкорликка янги мазмун бағишловчи салмоқли инвестиция битимлари имзоланди.
Малайзия парламенти Сенати Раисининг ўринбосари Нур Жазлан Муҳаммаднинг фикрича, Тошкентдаги музокаралар глобал сиёсатда, айниқса, ислом дунёсида тобора фаол роль ўйнаётган қардош давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
— Кўз ўнгимизда икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очилмоқда, — деди у. — Икки мамлакат етакчилари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича қатор янги таклифларни билдиришгани қувонарли. Малайзия парламенти Сенати ўзбек — малай муносабатларини янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшишга тайёр.
Ёки ундан 10 кун кейин бўлган бошқа бир муҳим воқеани олайлик. Бу — Россия Президентининг мамлакатимизга ташрифидир.
Музокаралар натижаси бўйича икки етакчи томонидан матбуот учун берилган баёнотда айтилганидек, Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ қўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этади. Бу галги Ўзбекистон — Россия саммити доирасида қиймати 20 миллиард доллардан зиёд бўлган янги лойиҳалар бўйича битимлар имзоланди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик Ўзбекистон билан Россиянинг иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлигида чинакам драйверга айланмоқда. Шу боис Минтақалар форуми Давлат раҳбарлари раислигидаги икки мамлакат минтақалари Кенгашига айланди. Унинг биринчи йиғилиши Тошкентда ўтказилди.
— Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар, биринчи навбатда, икки давлат раҳбарлари олиб бораётган сиёсат туфайли жуда юқори даражага чиқди, — деди РФ Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Владимир Жабаров.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон — Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта инсоний салоҳиятга эга давлат. У билан ҳамкорлик учун кўплаб имкониятлар мавжуд. Президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бағишлайди, дея ишонч билдирди В. Жабаров.
Юқорида келтирилган ташқи сиёсат майдонидаги конструктив фаоллик, ҳеч шубҳасиз, инновацияларнинг ҳам ривожланишини рағбатлантиради, бу эса тараққиётга олиб боради.
Муносабатларни шакллантириш — мураккаб иш
Муносабатларни шакллантириш — ўта мураккаб иш. Ҳатто жамоада ҳамкасблар билан мулоқот қилаётиб ёки кўп қаватли уйда қўшнилараро суҳбатда ўзаро тил топишиш доим ҳам осон кечмайди. Зеро, муносабатларнинг мустаҳкамлиги манфаатларни уйғунлаштира олишга боғлиқ.
Давлатлар каби мураккаб тузилмага эга даражада муносабатлар ўрнатиш эса чуқур ўйланган дипломатияни, сабр ва салоҳиятни тақозо этади. Бу жараёнда фақат ўзаро ҳурмат ва эзгу мақсадлар орқали муваффақиятга эришиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат борасидаги саъй-ҳаракатлари июнь ойида ҳам давом этди. Ой бошида Шавкат Мирзиёев Туркияга расмий ташриф буюрди. Музокаралар самараси ўлароқ икки давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзолади.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, келажакдаги истиқболлари белгиланди. Кенгаш йиғилишларини мунтазам равишда ўтказиш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда Ҳукуматлараро комиссия механизмидан самарали фойдаланиш тўғрисида келишиб олдилар.
Ўзбекистон — Туркия муносабатлари динамикаси шиддат билан ортиб бормоқда. Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробар ўсди, қўшма корхоналар сони икки мартага кўпайди, инвестициялар 2,5 баробар ортди. Ўзбекистон бозорида Туркиянинг етакчи компаниялари фаолият олиб бормоқда. Туркия бизнеси иштирокида 100 дан зиёд лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётир. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида 10 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар шакллантирилди.
Тошкент ва Анқара иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга бир хил ёндашувни ифода этибгина қолмай, балки исломнинг инсонпарварлик мазмун-моҳиятини илгари суриш, муқаддас динимизни қоралашга, радикаллашувга қарши курашиш лозимлиги хусусида, бу олийжаноб ишда буюк алломаларимизнинг бебаҳо маънавий меросидан самарали фойдаланиш зарурати борасида ҳам якдил эканини намоён қилди.
— Минтақавий-глобал геосиёсат қайта шаклланаётган бир даврда Ўзбекистон ва Туркия Шарқ ва Ғарб ўртасидаги мувозанатлашган кўприк давлатлар вазифасини бажариш каби тарихий масъулиятни зиммаларига олмоқда, — деб ҳисоблайди Анқаранинг «АНКАСАМ» инқирозлар ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Меҳмет Сейфеттин Эрол.
Унинг фикрига кўра, Ўзбекистонда кечаётган ўзгариш ва янгиланиш жараёнлари «халқ — жамият — давлат» тамойилига асослангани улкан ҳудудни қамраб олувчи ўзаро манфаатли минтақавий ривожланишга туртки беради. Ҳудудда кўп йиллардан буён кутилаётган бирлашиш руҳи шаклланмоқда, ўзгариб бораётган глобал геосиёсатда ўз «Йўл харитаси»га эга бўлган туркий олам мустаҳкам ўрин эгаллашини тасдиқловчи аломатлар вужудга келмоқда.
Бир ҳафтадан сўнг эса экспертлар нигоҳи Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларига қаратилди, зеро, «Мусаффо тонг» мамлакати Президенти Юн Сок Ёл давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Жанубий Корея етакчилари «Юқори технологик ва инновацион ҳамкорликнинг янги даври»ни эътироф этган ҳолда замонавий шароитлардаги шерикликнинг янги моделини йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олди. Саммитда алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида қўшма Баёнот ҳамда 20 га яқин бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Корея Республикаси Президенти билан бирга юртимизга ушбу мамлакатнинг ишбилармон доиралари нуфузли вакиллари ташриф буюрди. Бизнес-анжуманда Кореянинг 80 дан зиёд компаниялари масъуллари иштирок этди, 9,6 миллиард долларга тенг янги лойиҳалар тайёрланди.
Ўзбекистон — Жанубий Корея алоҳида стратегик шериклигининг истиқболдаги янги юқори технологик кун тартибини ишлаб чиқиш зарурати таъкидланди. Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хабни яратиш бўйича стратегик дастурни ишлаб чиқишга келишиб олинди. Мамлакатимиз раҳбари кейинги йилда Сеулда «Марказий Осиё — Корея» форматидаги биринчи саммитни ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.
— Жанубий Кореянинг юқори технологиялар ва инновациялар соҳасидаги тажрибаси ҳамда Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви ва табиий ресурсларга бойлиги умумий фаровонликни таъминловчи ўзаро қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг йўл очади, — дейди Корея Эксимбанки операциялар департаменти директори Ан Бёнг Хо.
У Корея Республикаси Президентининг ташрифини иқтисодий муносабатлардаги жорий мураккабликлар ва муаммоларни муҳокама этишга имкон берувчи платформа, дея баҳолади. Бу платформа шерикликни мустаҳкамлаб, ҳамкорлик самарадорлигини оширади. Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар нафақат сиёсий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки келажакда янада барқарор ва манфаатли ҳамкорлик учун асос яратади, икки давлатнинг глобал иқтисодий ва технологик инновацияларга интеграциялашувини таъминлайди, дея қўшимча қилади Ан Бёнг Хо.
Дипломатиянинг бунёдкор кучи
Юқоридаги фактларни баён этиб, мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги сохта дилеммалар хусусидаги мавзуга қайтсак.
Турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган Ўзбекистон кейинги йилларда ташқи сиёсат борасида очиқлик тамойилига содиқлигини изчил намоён этиб келмоқда. Геосиёсий вазият мунтазам ўзгариб бораётган замонавий дунёда мамлакат ташқи тазйиққа бўйсунмайди. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистоннинг конструктив ва прагматик сиёсати миллий манфаатларини ҳимоя этибгина қолмай, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Муваффақиятли дипломатия шарофати билан янги инвестициялар, шартномалар, лойиҳалар янги иш ўринларини яратмоқда, корхоналар барпо этмоқда, инфратузилмани юзага келтирмоқда.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий устувор мақсади — миллий манфаатларни таъминлашдан иборат. Бу иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ва маданий алмашинувни ривожлантиришда намоён бўлади. Мамлакатимиз ўз қўшнилари билан ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик муносабатларига асосланган алоқаларни мустаҳкамлаб бормоқда. Бундай ёндашув нафақат мамлакат ичида, балки бутун минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлайди.
Ўз манфаатларига зиён етказувчи бирон-бир томоннинг нуқтайи назарини ёқлагандан кўра Ўзбекистон биргаликда тинч-тотув яшаш ва конструктив мулоқот тарафдоридир. Бундай ёндашув ички муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратиш, фуқаролар турмуш даражасини ошириш имконини беради. Бу изоляция, яъни ўзини ўзи четга тортиш эмас. Аксинча, бу ҳамма мамлакатлар учун очиқлик бўлиб, у ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кўплаб имкониятлар яратади.
Албатта, Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсати суверенитет ва мустақилликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бошқа мамлакатлар билан иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга фаол ёрдам беради. Ўзбекистон ўз миллий манфаатларига содиқ ўлароқ, халқаро майдондаги барча саъй-ҳаракатлари, аввало, халқ манфаатларига ва барқарор келажакни таъминлашга хизмат қилишига интилади.
Дарҳақиқат, бугун дунёнинг геосиёсий манзараси сув юзасидаги япроқдек ҳар лаҳзада қалқиб турибди. Давлатимиз раҳбари 2023 йил 22 декабрда ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида таъкидлаганидек, айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақсад ва манфаатларини, асосан, дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Президентимиз ана шундай мураккаб шароитда ниҳоятда оқилоналик, моҳирлик ва одиллик билан сиёсат юритмоқдаки, натижада Ўзбекистоннинг тутаётган йўли ташқи дунёда тарозининг тенглик посангисидек ҳеч қандай норозиликсиз, шубҳа-гумонларсиз қабул қилинмоқда. Айни жараёнда Ўзбекистоннинг эл-юрт тақдири, миллий манфаатлар устуворлигига жиддий аҳамият қаратаётгани халқимизни ғоят мамнун этиб, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаяпти.
Жаҳоннинг қудратли давлатлари минтақамизни ўз таъсир доирасига тортишга доим интилиб келган. Бугун ҳам Ўзбекистон воситасида Марказий Осиёни ўз манфаатлари майдонига айлантиришга уринишлар бўлаётгани рост гап. Уларга эса мамлакатимиз ўзаро тенгликка асосланган, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати, халқ розилигига эришиш, одамларнинг эртага эмас, балки бугун бахтли ва фаровон яшашига имкон яратадиган ислоҳотлари орқали жавоб бериляпти.
Лўнда қилиб айтганда, Президентимизнинг: «Замон жуда мураккаб. Ҳозир катта-катта давлатлар «Ўзбекистон, сен ким томондасан?», деяпти. Қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб, ўзлари ҳам шунга даъват қиляпти. «Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион бўлди, уч-тўрт йилда 40 миллионли катта давлат бўлади, сизлар ким томондасиз?», деб сўраяпти. Бундай оғир саволга жавоб битта — мен халқим томондаман. Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун жонимни беришга ҳам тайёрман», деган сўзлари ҳаётий исботини топяпти.
Ўткир РАҲМАТ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- Энди таълим гранти талабаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар йили қайта тақсимланади
- АҚШда журналист қиз Трампнинг юзига микрофон билан уриб юборди
- Ўзбекистонда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади
- Тадбиркор аёлларга гаровсиз кредит ажратилади
- «Қамчиқ» довонида фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда. Қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг