Миллий истиқлолимизнинг энг буюк мақсади – инсонга эътибор ва унинг қадрини юксалтиришдир

11:02 29 Август 2025 Сиёсат
118 0

Бугунги кунда Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида байрам шукуҳи ҳукм сурмоқда. Мустақиллик байрами юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар, миллий тараққиёт ва халқпарвар ислоҳотларга уйғун ҳолда тантана қилинмоқда. Халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик шонли санасини юксак ғурур ва кўтаринки кайфият билан нишонламоқда.

Истиқлолга бағишланган тадбирлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғоя асосида ташкил этилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Мазкур ғоя янги Ўзбекистон тараққиётининг моҳиятини, жаҳон ҳамжамиятида ортиб бораётган обрў-эътиборини, юртимизда кечаётган улкан янгиланишлар ва халқимизнинг умуммиллий интилишларини ёрқин ифодаламоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги тўққиз йилдаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасида жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий манзараси тубдан ўзгариб, янги мазмун билан бойимоқда. Аҳолининг турмуш даражаси сезиларли даражада ошмоқда. Инсон манфаатлари давлат сиёсатида энг олий қадрият сифатида устувор ўринни эгаллади. Шу асосда Ватанимизнинг ёрқин келажаги учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.

Президентимиз раҳбарлигида изчиллик билан амалга оширилаётган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси миллий истиқлолни мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий тараққиётга эришиш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, илм-фан ва маданият ривожини таъминлаш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришда ҳал қилувчи ўрин тутяпти.

Халқимиз хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистонни инсон қадри улуғланган ижтимоий давлатга айлантиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Тез ўзгарувчан халқаро кун тартиби, олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган геосиёсий реаллик, турли зиддият ва низолар, инқирозлар шароитида мамлакатни барқарор тараққиёт сари бошлаш — жуда катта сиёсий етакчилик маҳоратини талаб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шундай сиёсий лидер сифатида бугун халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлмоқда.

Турли манфаатлар тўқнашуви шароитида Ўзбекистон Президентининг вазмин, бир вақтнинг ўзида прагматик сиёсати, самарали ва интенсив дипломатик мулоқотлари, юқори суръатдаги фаолияти натижасида мамлакатимиз барча соҳада катта марраларни забт этмоқда. Ижтимоий давлат тамойили асосида бунёдкорлик, ишлаб чиқариш, саноат, инвестиция, таълим каби устувор йўналишларда мунтазам ўсиш кўрсаткичларига эришилмоқда.

Самарали иқтисодий ислоҳотлар — халқимиз фаровонлигини таъминламоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барқарор тараққиётнинг мустаҳкам асосини яратган. Аҳоли фаровонлиги ошмоқда. Шу маънода, тадбиркорлик учун қулай ва барқарор шарт-шароитлар яратиш, бизнес вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли турмуш даражасини юксалтириш — Президент Шавкат Мирзиёевнинг серқирра фаолиятида устувор йўналишлардан саналади.

Президентимизнинг ҳар йили ишбилармонлар билан учрашиб, соҳадаги долзарб масалаларга ечим топиш амалиёти ўз самарасини бермоқда. Шу йил 20 август куни бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқот ҳам хусусий сектор ривожини рағбатлантириш орқали мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини янги босқичга кўтармоқда. Алоҳида эътироф этиш керакки, ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқишдан аввал давлат раҳбари, албатта, соҳа вакиллари билан учрашади. Фармон ва қарорлар очиқ мулоқотлар, маслаҳатлашувлар асосида қабул қилинмоқда. Бу мамлакатимиз етакчисининг ўзига хос халқчил ва самарадор бошқарув услубидир.

20 август кунги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон тадбиркорликка оид янги ташаббусларни жадаллик билан ҳаётга татбиқ этиш имкониятини кенгайтирди.

Шу маънода, тадбиркорлар учун зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитлар, ташқи иқтисодий фаолиятда қулайликлар яратиш, туризм соҳасини ривожлантириш дастурини жорий қилиш, солиқ тўловчиларни рағбатлантириш каби муҳим йўналишларда амалга ошириладиган вазифалар алоҳида қайд этилди.

Президентимиз Инвестиция кодексини ишлаб чиқиш таклифини берди. Бу ниҳоятда долзарб, бугунги кун учун жуда муҳим тўғридан-тўғри ишлайдиган ягона ҳужжат бўлади. Мазкур қонунни қабул қилишда Қонунчилик палатаси, албатта, фаоллик кўрсатади.

Очиқ мулоқотда кўтарилган долзарб масалалар ва билдирилган ташаббусларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш, тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар ечимини қонунларда акс эттириш бўйича парламент қуйи палатаси томонидан амалга ошириладиган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталаримиз томонидан доимий парламент ва депутатлик назорати ўрнатилади.

Умуман айтганда, очиқ мулоқотда илгари сурилган Қоялар ва таклифларни, шунингдек, Президентимизнинг Фармонида белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ қилиш Қонунчилик палатаси фаолиятининг устувор йўналишига айланади. Бу эса иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Миллий парламентаризм тараққиётининг янги даври

Ўзбекистонда сиёсий модернизация жараёнлари айнан халқимизнинг хоҳиш-истаги билан уйғун ҳолда амалга оширилаётгани учун ҳам муваффақиятли кечмоқда. 2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловининг янги таҳрирдаги Конституция талаблари асосида бўлиб ўтгани мамлакатимиз парламенти фаолиятида сифат босқичини бошлаб берди. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил ноябрь ойидаги янги шаклланган парламент палаталарининг мажлисларидаги нутқлари Қонунчилик палатасига ўзига хос ёндашувларни олиб кирди.

Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлида миллий парламентаризм ривожига катта эътибор қаратмоқда. Бу борадаги ташаббуслари демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ўтган йил ноябрь ойидаги янги шаклланган парламент палаталарининг мажлисларидаги нутқларининг аҳамияти ва моҳиятидан келиб чиқилиб, мазкур нутқ Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатнома сифатида қабул қилинди.

Ушбу тарихий нутқлар парламент аъзоларига тақдим этилган жуда бой ва қимматли дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Ҳозирда давлатимиз раҳбари илгари сурган ғоялар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Янги шаклланган Қонунчилик палатасининг ишини ҳар томонлама самарали ташкил қилишнинг барча ҳуқуқий, ташкилий-амалий чора-тадбирлари кўрилди. Сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар фаоллиги ошмоқда. Парламент назорати тобора таъсирчан бўлиб боряпти. Қонунчилик палатаси фаолиятига янги амалиётлар жорий этилмоқда.

Ўтган даврда қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилди. Жамиятимиздаги долзарб муаммоларга ҳуқуқий ечим топиш, халқчил қонунлар қабул қилиш ва қонун лойиҳаларининг сифатини яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилди.

Жумладан, келгуси беш йилда янги қонунлар устида ишлашни белгилаб олиш мақсадида Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан 2025 — 2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастури қабул қилинди.

Қонунчилик палатаси ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликнинг янгича тизими йўлга қўйилди. Унга кўра, тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органлари — вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар қуйи палата қўмиталарига бириктирилди, ушбу масалаларга соҳалар бўйича вазир ўринбосарлари масъул этиб белгиланди.

Парламентимизда илк бор Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси тузилди. Бу эса юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, ҳар бир қўмита томонидан илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари изчил йўлга қўйилди.

Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича, Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича, Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича парламент комиссиялари тузилди. Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ фаолият бошлади.

Қонунчилик палатаси ғоялар генератори, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланмоқда. Буни парламентдаги кўпчиликни ташкил этувчи “Тараққиёт блоки” ҳамда мухолифат фракцияси тузилгани мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Ушбу амалиётлар парламентда сиёсий хилмахиллик, масалаларни эркин ва очиқ муҳокама қилиш каби демократик тамойиллар мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминламоқда.

Ўтган даврда кўрилган чоралар натижасида қонун ижодкорлиги, парламент назоратини амалга ошириш, депутатларнинг сайлов округларидаги ишларини янгича шаклда самарали ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлаш, халқаро парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш каби йўналишларидаги ишлари янги босқичга кўтарилди. Миллий парламентаризм тараққиётининг янги даври бошланди.

Ҳаётий ва халқчил қонунларни қабул қилиш — асосий вазифа

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан ҳуқуқий тизимни жадал ривожлантиришга, қонун ижодкорлиги жараёнининг сифати билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу маънода, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши керак”.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси жуда муҳим. Қонунчилик палатаси фаолиятида мазкур масала устувордир.

Қонун ижодкорлигида ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар қабул қилинмоқда.

2025 — 2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, айни пайтда бу борада фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Қонун лойиҳаларининг сифатини таъминлаш мақсадида 67 та илмий-тадқиқот институти ва таҳлил маркази билан меморандум имзоланиб, ҳамкорлик режалари тасдиқланди.

Ташаббускор субъектлар томонидан қонунлар лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш ва кўриб чиқиш тартиби янада такомиллаштирилди. Бунда қонун лойиҳаларини қуйи палатага киритишда қонун лойиҳасининг ва халқаро шартнома матнининг ҳуқуқий экспертизаcи натижалари ҳамда қонун лойиҳасининг коррупцияга қарши экспертизаси ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларини тақдим этишга доир талаблар белгиланди.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига ўзи киритган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилингунига қадар Қонунчилик палатасига таклиф киритиш орқали уни чақириб олиш ҳуқуқи берилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қонунчилик палатаси томонидан жами 61 та қонун (86 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган) ҳамда маъмурий-ҳудудий тузилишга оид 1 та қарор қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилди. Таққослайдиган бўлсак, 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 48 тани ташкил этган.

Бутун бир соҳани тартибга солувчи ҳажм жиҳатдан катта бўлган қатор яхлит қонунлар кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Жумладан, “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан жисмоний шахсларнинг уларнинг хабарисиз кредит битимларини тузиш учун жавобгарлик белгиланди. Яъни жисмоний шахслар ўзлари билан кредит битимларини тузишга доир тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлаш ҳуқуқига эга бўлди.

“Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан аҳолига видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш имконияти яратилди.

“Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан пенсия ёшига тўлган фуқароларга уларнинг мурожаатисиз автоматик тарзда (“проактив”) ёшга доир пенсия тайинланадиган бўлди.

Бугун норма ижодкорлигини амалга оширишда Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва роли ортиб бормоқда.

Янги таркибдаги Қонунчилик палатаси иш бошлаши билан фракциялар ўз партияларининг сайловолди дастурларида белгиланган ташаббусларни амалга оширишга фаол киришди. Улар бу мақсадларни қонун лойиҳалари орқали ҳаётга татбиқ этишга аҳамият қаратмоқда.

Масалан, “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ташаббуси билан “Аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазаси кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан сайилгоҳ, хиёбон, боғ ва дарахтзорлар ҳамда улар жойлашган ерларни хусусийлаштиришни тақиқлаш, шунингдек, бу ҳудудларда бино ва иншоотлар қурилишини чеклаш орқали ушбу масканлар муҳофазасини кучайтириш чоралари белгиланди.

Қонун ижодкорлиги фаолиятининг ҳар томонлама кучайтирилиши ва такомиллаштириб борилиши — муҳим жараён. Бу даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, халқчил ҳамда амалиётда самарали ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. Қонунчилик палатаси айни мана шу тамойилни асосий мезон сифатида белгилаб олган.

Парламентнинг таъсирчан назорати натижа бермоқда

Президентимиз олдинги чақириқ давридаги тор доирали парламент назоратидан энди кенг кўламли, сифатли назорат тизимига ўтиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Шу боис фаолиятимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири — ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга масъуллик билан ёндашилмоқда. Бунда парламентга берилган ваколатлардан самарали фойдаланилмоқда.

Қайд этиш керак, парламент назоратининг энг муҳим йўналишларидан бири мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати — Давлат бюджетининг самарали бажарилишини таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан таъсирчан назорат ўрнатишдир.

Ўтган даврда Қонунчилик палатасининг Давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмлари янада кучайтирилди. Хусусан, ҳукуматнинг Давлат бюджетига доир барча ҳисоботини қуйи палатага фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда киритиш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Қонунчилик палатаси қўмиталарида ҳар олти ойда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиши билан боғлиқ мақсадли индикаторлари бажарилиши юзасидан вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари, ҳар чорак якунида Солиқ, Божхона қўмиталари ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат бюджети даромадлари прог­нозининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб бориш йўлга қўйилди.

Ушбу амалиёт Давлат бюджети ижросини назорат қилишда қўмиталарнинг ролини янада оширишга, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлари устидан парламент назоратини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат — Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети, давлат дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларини, ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш, “Ҳукумат соати” институти каби муҳим демократик амалиётлар парламент ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллади.

Бу сайловчилар томонидан кўтарилаётган долзарб масалалар юзасидан давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини кўриб чиқиш, одамларни ўйлантираётган муаммолар бўйича депутатларнинг саволларига ҳукумат аъзоларининг жавобини эшитиш, давлат органлари раҳбарларига парламент ва депутат сўровларини юбориш сингари парламент назоратининг таъсирчан шакллари орқали амалга оширилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қонунчилик палатаси қўмиталари мажлисларида 17 та вазирлик, 4 та агентлик, 4 та қўмита ҳамда 3 та ташкилотнинг мақсадли индикаторлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотлари эшитилди.

Палата мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш — “Ҳукумат соати” институти имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Ўтган вақт мобайнида 4 маротаба “Ҳукумат соати” ўтказилиб, уларда ҳукуматнинг 4 нафар аъзоси депутатларнинг саволларига жавоб берди.

Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, умуман, депутатлар корпуси томонидан парламент назоратининг барча таъсирчан шаклидан унумли фойдаланилгани ижро ҳокимиятининг қонунлар ва қонуности ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиши устидан таъсирчан назорат олиб боришга ёрдам берди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли соҳаларида учраётган масалаларга ечим топишда парламентнинг ролини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Халқ ишончини оқлаш — энг муҳим мезон

Мамлакатимиз Президенти “Депутат — бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир” деб алоҳида таъкидлаган эди.

Президентимизнинг ушбу эътирофи депутатлар корпусидан янада катта масъулият билан ишлашни, халқимиз ва давлатимиз манфаатларини таъминлаш борасида ташаббускор бўлишни тақозо этади.

Депутатларнинг аҳоли билан доимий мулоқоти учун Қонунчилик палатаси барча ташкилий чора-тадбирларни кўрмоқда. Натижада сайловчиларнинг таклифлари бевосита тингланяпти. Бу таклифлар қонун лойиҳаларида акс этмоқда. Муаммолар тизимли ҳал бўлмоқда.

Ягона сайлов округи бўйича сиёсий партиялар рўйхати асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг ҳудудлардаги фаолиятини ташкил этиш Концепциясига мувофиқ, сиёсий партиялар рўйхати асосида (пропорционал) сайланган депутатлар ҳудудларга бириктирилиб, уларнинг сайловчилар билан узвий мулоқоти йўлга қўйилди.

Қонунчилик палатасининг мажоритар тизим асосида сайланган депутатларининг сайлов округларидаги фаолиятини ҳамда сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишнинг ҳам ҳуқуқий асослари яратилган ва бу борадаги амалиёт самарали йўлга қўйилган.

Қабул қилинган ҳужжатларда депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятини тубдан яхшилаш, мулоқотлар мунтазамлигига эришиш, қонунларни қабул қилишда жамоатчилик ва сайловчиларнинг кенг иштирокини таъминлаш, ислоҳотлар натижадорлиги ва аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этишда сиёсий партиялар фракцияларининг иштирокини, маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, сайловчилар мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган ишларни янгича шаклларда йўлга қўйиш бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди.

Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятлари давомида Қонунчилик палатасида ўтказилиши режалаштирилган парламент назорати тадбирларида кўриб чиқиладиган масалаларни атрофлича ўрганиб, жойларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолатини таҳлил қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Бу парламент назорати тадбирларининг самарадорлигини таъминламоқда.

Фракциялар томонидан партиявий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, аниқ йўналишларни белгилаб олган ҳолда жойларда ўрганишлар олиб борилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш, фермерлик ва кластерлар фаолиятини такомиллаштириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, сифатли ижтимоий, коммунал ва бошқа хизматлар кўрсатиш, чиқиндиларни бошқариш, атмосфера ҳавоси тозалигини сақлаш, энергия тежамкор қуёш панелларини ўрнатиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилинди.

Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ, депутатлар ўз сайловчилари билан яқиндан мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш мақсадида ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайлов округларига чиқишлари ташкил этилди.

Президентимизнинг 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги дастурий нутқида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, депутатлар бу муаммога қарши курашишда ҳам тобора фаол бўлмоқда. Соҳа ва тармоқларда маъмурий-бюрократик тўсиқларни ҳамда коррупциявий омилларни аниқлаш, жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан республиканинг барча ҳудудида назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг ҳолати, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш йўналишидаги ишлар депутатларнинг диққат марказида бўлди.

Жойлардаги ўрганишлар давомида коррупцияга қарши курашиш борасида аниқланган мавжуд муаммоларнинг ҳуқуқий ечимини ҳал этиш ва қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида депутатлар томонидан 8 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Депутатлар ўз сайловчилари билан яқиндан мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш мақсадида жами 5 маротаба сайлов округларида бўлдилар.

Сайлов округларида олиб борилган фаолияти давомида депутатлар томонидан жами 17 мингга яқин объектлар ўрганилди, 2 мингдан ортиқ маҳаллаларда очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Депутатлар ўз ҳудудидаги Халқ қабулхоналари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган ҳолда, фуқароларнинг қабулларини ўтказди. Уларда 11 мингдан зиёд фуқаролар қамраб олинди. Бугун депутатлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кўламдор ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва тарғиботчиси бўлмоқда.

Очиқ парламент: замонавий ёндашув, шаффофлик ва жамоатчилик муҳокамалари

Амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар норма ижодкорлиги фаолиятига ҳам замонавий ёндашув ва мутлақо янгича мазмун-моҳият олиб кирди. Парламент фаолиятида очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланди.

Миллий парламент қонун ижодкорлиги фаолиятида “қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойилни белгилаб олди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида парламент аъзоларининг муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичида уларни жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиш, аҳолининг фикр-мулоҳазаларини бевосита жойига чиқиб ўрганиш ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини шу асосда такомиллаштириш амалиёти тизимли йўлга қўйилди.

Қуйи палатанинг ялпи мажлислари, “Ҳукумат соати” тадбирларини Қонунчилик палатасининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилиши халқимиз, кенг жамоатчилик вакилларининг палатада қонун лойиҳаларини муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнига бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси, ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳалари аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари асосида маромига етказилди.

Ахборот майдонидаги замонавий тенденцияларга мос равишда депутатлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиш билан бирга, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид муҳим масалалар бўйича муносабатларини билдириб бормоқдалар.

Ўзбекистон — глобал мулоқотда фаол ва ишончли ҳамкор

Парламент дипломатияси ва парламентлараро алоқалар ташқи сиёсатимизнинг муҳим мулоқот воситаларидан бирига айланган. Парламент дипломатияси географияси кенгаймоқда.

Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини янада ошириш, давлатимиз раҳбари томонидан халқаро миқёсда илгари сурилган муҳим ташаббус ва Қоялар ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар ҳақида жаҳон ҳамжамиятини яқиндан таништиришда парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқдамиз.

Қонунчилик палатасининг халқаро ҳамкорлик алоқалари “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Президентимизнинг нутқлари Қонунчилик палатасининг халқаро алоқаларини ривожлантириш учун асос бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро Иттифоқ (ПИ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси (ЕХҲТ ПА), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) билан кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттирилди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ошиб, ижобий имижи шаклланмоқда. Натижада мамлакатимиз глобал кун тартибини шакллантириш ҳамда муҳим масалаларни ҳал этишда ўз ўрнига эга бўлиб, кўплаб нуфузли халқаро анжуманларга ҳам мезбонлик қилиб келмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси юқори савияда ташкил этилди. Айтиш керакки, Парламентлараро Иттифоқнинг ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтди.

Ассамблея иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур нуфузли тадбирдаги иштироки ва тарихий нутқи парламентлар ишини ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини очганини қайд этдилар.

Янги таркибда шаклланган Қонунчилик палатасида хорижий давлатлар парламентлари билан Олий Мажлиснинг 56 та парламентлараро гуруҳи ташкил этилди.

Бундан ташқари, халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, парламентлараро гуруҳларнинг имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида Олий Мажлис билан Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамда Олий Мажлиснинг Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиялари тузилди.

Бугун мамлакатимизда барча соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашиб, демократик янгиланишлар ўзининг сифат жиҳатдан янги поғонасига кўтарилиб бормоқда. Бундай ўзгаришларнинг туб илдизи эса давлатимиз раҳбари илгари сурган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва сўнгги тўққиз йилда амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлардан иборатдир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар депутатлар корпусидан янада фаол бўлишни, ўз фаолиятига янгича руҳ ва мазмун-моҳият олиб киришни тақозо этади. Ушбу олий мақсадни амалга ошириш йўлида парламент — кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига, чинакам халқ уйи ва ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?