Миллий гвардия ходими одам савдоси сабаб 5 йилга қамалди

15:58 07 Декабрь 2023 Жамият
1737 0

Архив фото

Яқинда жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е”, “з” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этган Рашид Омонтошевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Бу ҳақда Олий суд расмий сайти хабар бермоқда.

Р. Омонтошев Миллий гвардияга қарашли Тошкент вилояти Қўриқлаш бошқармасида назоратчи вазифасида ишлаган. Олий маълумотли, оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган.

2022 йилнинг август ойида Р. Омонтошев “Telegram” мессенжерида берилган эълонни ўқиб қолади. Унда пойтахтдаги хонадонлардан бирида массаж хизмати кўрсатилаётгани ҳақида маълумот берилган эди. Рашид эълондаги қизни кўриб, ёқтириб қолади ва у билан танишишга қарор қилади. Эртаси куни эълон бўйича ўша хонадонга борганда эшикни эълонга қўйилган расмдаги қиз эмас, бошқа бири очади. Ўзини “Зарина” деб таништирган, кейинчалик ҳақиқий исми маълум бўлган Фарзона расмдаги қиз опаси Севара эканини, у ҳозир уйда йўқлигини айтади.

Аммо Р. Омонтошев қиз рекламага бошқа расмни қўйиб, одамларни алдаган, деган фикрга боради ва жаҳл отига минади. Фарзонага ўзини ички ишлар тизимида ходимларнинг фаолиятини ўрганувчи шахсий хавфсизлик хизмати ходими, деб таништиради. Ҳудудда ишлаётган профилактика инспектори ёки бошқа бирон-бир ички ишлар ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотлар бор-йўқлигини сўрайди.

Шундан сўнг Фарзона опаси Севарага қўнғироқ қилади ва у билан гаплашишини сўрайди. Р. Омонтошев Севарага ўзини ички ишлар тизимида шахсий хавфсизлик бўйича ходим деб таништириб, Ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумот бериб турса, ўзининг ҳимояси остига олиши, фоҳишалик билан шуғулланишига халақит берадиган ички ишлар ходимларидан қўриқлашини айтади. Севара ўзини ҳеч ким безовта қилмаётганини билдиради. Шундан кейин Рашид С. Ёқубова билан танишиб, гаплашиб юради.

Бир гал учрашганларида Севара Р. Омонтошевга яшаш ва ижара ҳақи учун пул топишга қийналаётганидан ёзғиради, моддий аҳволини яхшилаб олиш учун Туркия давлатида яшовчи холасининг олдига кетмоқчи эканини айтади. 

– Хорижда яхшигина пул топишнинг имкони бор, – дейди Р. Омонтошев унга жавобан. – Сенга ёрдам бераман. Мадина исмли танишим Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланади. Хоҳласанг, унинг олдига юборишим мумкин…

Бир неча кундан сўнг С. Ёқубова Рашиднинг таклифига рози эканини айтади. Анчадан бери жувонни қармоғига илинтириш пайида юрган Р. Омонтошев учун ишқий мақсадини амалга оширишда бу айни муддао бўлиб туюлади. У С. Ёқубовани ўзи билан тоғли ҳудудга дам олиш учун боришга ундайди. Аммо эркакнинг таклиф ва талабини турли баҳоналарни важ қилган жувон рад этади. Бундан ғазабланган Р. Омонтошев жувонни қўрқита бош­лайди. 

Пўписадан ваҳимага тушган опа-сингил Р. Омонтошевдан қутилсак, деган мақсадда яшаш жойини ўзгартиради. Бироқ Р. Омонтошев уларнинг янги ижара уйини ҳам топиб боради.

– Ўша сенга айтган танишим Мадина хорижда фоҳишалик билан шуғулланиб, яхшигина пул топибди, – дейди у бир сафар келганида. – Яқинда Тошкентга қайтиб, уй олмоқчи эмиш.

Ижарада яшаш учун уй ахтариб юриш жонига тегиб кетган Севара бу гапни эшитгач, Мадинага ҳаваси келиб кетади. Орадан бир неча кун ўтгач, Р. Омонтошев С. Ёқубовага қўнғироқ қилиб, хорижга чиқиш учун фуқаролик паспорти олишни буюради. Тез орада виза билан авиачипта тайёр бўлишини айтиб, бунинг учун Мадинага 2 минг 600 АҚШ доллари бериши кераклигини уқтиради.

– Кейинчалик ишлаб топган пулинг­нинг эллик фоизини Мадинанинг опахони бўлган уй эгасига берасан, қолган эллик фоизи ўзингники, – дейди Р. Омон­тошев. – Сени Дубайга жўнатганим учун менга ҳам 2 минг АҚШ доллари юборишинг керак.

Бўлиб ўтган ана шу суҳбатдан сўнг Рашид жувонга танишининг телефон рақамини беради, “Telegram” орқали у билан гаплашиб олиши лозимлигини айтади. С. Ёқубова Мадина билан боғланиб, у ердаги тартиб ҳақида сўраганида Рашиднинг айтганларига айнан ўхшаш жавоб олади.

С. Ёқубова обдон ўйлаб кўриб, Р. Омон­тошев ўзини фоҳишабозлик билан шуғулланувчи шахсларга сотиб юбораётганини тушуниб етади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Шу орада Р. Омонтошевнинг хориждаги таниши С. Ёқубованинг номига виза ҳамда “Тошкент – Дубай” йўналиши бўйича учувчи самол­ётга чипта олиб, уларни “Telegram” орқали юборади.

Одамфурушлик ортидан бойиш илинжида юрган Р. Омонтошев 2022 йилнинг 29 октябрь куни тонгги соат беш­ларда С. Ёқубовани Тошкент халқ­аро аэропортидан Дубай шаҳрига кузатиб қўяётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?