Миллий ғоя — бизнинг ғоямиз
Фото: Ҳаким Йўлдошев/«Халқ сўзи»
Ёш авлод онгу шуурига таҳдид солувчи омиллар нима? Энг аввало, биз учун ёт ғоялар! Бу, айниқса, ҳозирги глобаллашув даврига хос. Зеро, дунёда кечаётган жараёнлар, аёвсиз рақобат муҳитида мафкуралар ўртасидаги кураш тобора кескинлашмоқда. Оқибатда бузғунчи ғоялар урчигандан-урчиб, носоғлом қарашлар кучаяётир. Хўш, бунга қарши қандай курашмоқ керак? Албатта, миллий ғоя билан!
Жамиятимизда маънавият масаласи энг долзарб вазифалардан бирига айланиши — айни шу эҳтиёж ҳосиласи. Ахир халқни чинакам маънода халқ қиладиган, бирлаштирадиган, ҳамжиҳат этадиган омил, бу — миллий ўзлик! Халқ маънавияти, азалий қадриятлару урф-одатларимизни бой бермаслик учун эса бизга миллий ғоя сув ва ҳаводек зарур.
Тасаввур қилинг: кимдир келиб фарзандимизни, укамиз ё синглимизни ноҳақ ранжитса, унга панадан тош отса, қанчалар жунбушга келамиз? Табиийки, қандайдир ички бир куч, яширин туғён бизни ҳаракатга ундайди. Дарҳол яқинларимизга қалқон бўлишга отланамиз. Ватан ва унинг ҳар бир фарзанди ўртасида ҳам худди шундай мустаҳкам ришта бўлиши зарур. Бунинг биргина йўли — Ватанни севиш! Қалбни маънавият билан суғормоқ! Миллий ўзликни теран англаш! Мамлакат ва миллат олдидаги масъулиятни ҳис этиш! Бу фазилатлар инсонга нима беради? Камолот, миллий юксалиш, миллий ғурур, қўйингки, жамики эзгу фазилатларни... Бинобарин, Ватанга тараққиёт, ислоҳотларга қувват бағишлайди.
Таассуфки, ўтган йилларда бу борада анча оқсоқликлар юзага келди. Чунки маънавият ва маърифат соҳасига бир ёқлама ёндашдик. Оқибатда мамлакатимизда миллий ғоя ва маънавият тарғиботи ўз ҳолига ташлаб қўйилди.
Шу сабабдан Президентимиз, жорий йилнинг ўзида ушбу йўналишда иккита муҳим ҳужжат — 8 апрель куни “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиш ҳамда 3 май куни “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 14 август куни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда ҳам мазкур масалалар таҳлилига алоҳида урғу берилди.
Чиқарилган хулосалар, белгиланган кечиктириб бўлмас вазифаларнинг мухтасар моҳияти шундай: бу соҳада бой берилган имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган ғоя асосида жамиятимизнинг маънавий ва мафкуравий негизларини ривожлантириш бўйича кўплаб амалий ишларни олиб бориш жоиз. Зотан, халқимиз, давлатимиз, ҳар биримиз, ўз келажагимиз бардавомлигини ўзимиз таъминламасак, буни бизга четдан келиб биров қилиб бермайди.
Бу борада соҳа мутасаддилари, мутахассислар, жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Юксалишга элтувчи йўл
Инсон инсон бўлгани учун ҳурматга лойиқ! Буюк мутафаккир аждодимиз Алишер Навоий “Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам” деганида ҳар бир инсон ўзини қадрлаши, англаши ва ривожланиши, шундан кейингина уни эл таниши, эътироф этиши ва ҳурмат қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Бугунги тез ўзгарувчан муносабатлар негизида “Манфаат, — Адам Смит айтганидек, — ҳаракатлантирувчи куч” эмас, аксинча қирон келтирувчи кучга айланиб бормоқда. Хўш, даромад илинжида инсонни оёқости қилиб, хўрлаб, ушбу бунёдкор кучни бузғунчиликка йўналтираётганлар кимлар? Ўзини ўзи хор қилаётганлар-чи? Инсонларнинг ўзлари эмасми?
Ўзбекистонда бугун аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, юртдошларимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Одамларнинг йиллаб эътибордан четда қолиб кетган оғриқли муаммоси — уй-жойга эҳтиёжини ҳал қилиш, таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда барпо этилган тураржойлар 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин қурилган иморатлар сонидан 10 баробар ошиб кетди! Бу давлатнинг даромадлари кўпайиб кетганидан эмас, балки қанчалар қийин бўлмасин, фуқароларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш учун олиб борилаётган ислоҳотлардир. Соддароқ қилиб айтганда, инсон қадр-қимматини тиклаш учун танланган машаққатли йўлдир.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, доимий даромад манбаини шакллантириш ҳам устувор вазифага айланган. Шу мақсадда одамларимиз учун имтиёзли кредит йўналишлари очилмоқда. Махсус давлат фондлари орқали аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича давлат дастурлари қабул қилиняпти. Харобага айланган қишлоқ ёки маҳаллалар навбати билан шинам ва обод манзилларга айлантирилмоқда. Ахир ўз бошпанаси йўқ инсонга Ватанга эгалик қилиш ҳақида гапириш қанчалик тўғри? Негаки, инсон ўзини ҳурмат қила бошласа, сўнг фарзандларига, атрофидагиларга, Ватанига муносабати ўзгаради. Қолаверса, ўзини ҳурмат қилган киши, албатта, интизомли бўлади. Ўзи маъқуллаган қонунларга итоат қилади. Қонун — фуқаролар ўртасидаги ўзаро келишувдир. Ушбу келишувни қайд этиш, расмийлаштириш, амал қилиш ва ижросини назорат қилиш тизими — жамоатчилик назоратининг барчага баробар тушунарли бўлиши жамиятнинг комиллик даражасини, ўз навбатида, давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини белгилаб беради. Тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат бўлган жамият юксалиш йўлини тез топиб олади ва ушбу йўлда собитқадам илгарилайди.
Ким тинч, фаровон ва хотиржам яшашни истамайди? Лекин бунга эришиш йўли қаерда? Инсоннинг ўзида! Ахир у ўз ҳаётини ўзи қуради. Илм олади, касб ўрганади ва эзгу ишлари билан ҳаётига мазмун киритади.
Шу маънода, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишлари, англаб етишлари ҳамда уларга амал қилишлари хотиржам ва фаровон ҳаёт кечиришнинг гаровидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигининг кафолатидир, аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда тинчлик, тотувлик ва барқарорликни таъминлашнинг энг муҳим омилидир”, деб бежиз таъкидламаган.
Албатта, инсон учун Ватан зарур. Бу унинг орзу-умидлари, ўзлигини рўёбга чиқариши учун ҳам керак!
Ватан — инсон туғилиб ўсган, ота-боболари яшаб ўтган ва авлодларининг тинч ҳамда хотиржам яшаб ўтиши таъминланиши зарур бўлган табаррук замин. Ота-онани танлаб бўлмаганидек, Ватанни ҳам танлаб бўлмайди. Шундай экан, шукроналик, аввало, Ватан туйғусини англаб етишдан бошланади. Инсон ўзи туғилиб ўсган жойидан, Ватанидан узоқда яшаши, ривожланиши мумкин, лекин Ватани ва ватандошларига ёмонлик тилаши мумкин эмас.
Демак, инсон ўзи қадрланган жамиятдагина тараққиёт ва юксалиш ҳақида режалар туза олади. Чунки миллий юксалиш — ўзини, ўзлигини, Ватани ва ватандошларини англаган ҳамда қадрлаган онгли, фидойи ва садоқатли инсонларнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракати натижасидир.
Алишер ҚОДИРОВ,
«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг