Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик тинчлик кафолати

18:01 16 Ноябрь 2022 Жамият
955 0

Архив сурат

16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни

Халқаро ЮНEСКО ташкилоти томонидан дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқот ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида, бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНEСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган «Бағрикенглик тамойиллари декларацияси» ана шу фаолиятнинг ёрқин намунасидир. Ҳозир бу кун бутун дунёда «Халқаро бағрикенглик куни» сифатида кенг нишонланади.

Толерантлик (бағрикенглик) тамойиллари дунёдаги кўпчилик давлатларнинг қонун ҳужжатларида, инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилган ва халқаро декларацияларда ўз ифодасини топган. Бу соҳада БМТ томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумий декларацияси, шунингдек Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт энг асосий ҳужжатлар бўлиб хизмат қилади. Европа Кенгаши доирасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси амал қилади. Конвенция юзасидан тузилган ва уни ратификация қилган давлатлар зиммасига барча ҳуқуқларни ҳеч бир камситишсиз кафолатлаш мажбуриятини юклайдиган ва мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда жазо чорасини қўллашни кўзда тутадиган 12-баённома кучга кирди.

Ҳозирги кунда бағрикенглик муаммоси бутун дунёда долзарб муаммо сифатида тегишли халқаро ташкилотларда муҳокама қилинмоқда. Чунончи, ЮНEСКО бағрикенгликни шакллантириш йўлида муҳим ишларни амалга оширмоқда. Унинг Париждаги қароргоҳида 1993 йили толерантлик бўлинмаси тузилди. Орадан икки йил ўтиб (1995 йил 16 ноябрда) ЮНEСКО Бош Конференцияси "Declaration of princip les on tolerance«ни тасдиқлади. Бу ҳужжатни 185 та давлат, шу жумладан Ўзбекистон ҳам имзолади.

Декларацияда миллий, этник, диний ва тил гуруҳларига нисбатан зўравонлик, ётсираш ва камситишнинг ялпи авж олишига қаршилик кўрсатиш лозимлиги таъкидланди. Бағрикенглик халқлар ўртасида муросага келиш йўлини топиш, можароларнинг тинч йўл билан бартараф этишнинг муҳим шарти эканлигини кенг жамоатчилик эътироф этмоқда.

Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласи бошқа даврларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг янги босқичида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан устувор йўналиш сифатида эътироф этиб келинмоқда. «Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир» деган эди Президентимиз 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатномасида.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолият юритмоқда. Мазкур қўмита давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ташкил этилди .

Айрим суверен давлатлардан фарқли ўлароқ бизнинг мамлакатимизда инсоннинг ҳаётий муҳим халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳужжатларида тан олинган асосий ижтимоий-иқтисодий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари камситишга дучор қилинмайди.

2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу таклиф БМТга аъзо бўлган 193 та давлат томонидан қўллаб-қувватланди ва Бош Ассамблеянинг ялпи мажлиси томонидан тарихий  резолюция қабул қилинди.

Мустақил Ўзбекистон Конституцияси янги жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатидир. Мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайдиган, давлат ва жамиятнинг сиёсий тузилиши, тизимини белгилайдиган, халқаро қабул қилинган меъёрий ҳужжатларга жавоб берадиган ва халқнинг тарихий тажрибасига мос келадиган Конституция – мустақил, демократик, ҳуқуқий давлатни қарор топтириш ва ривожлантиришнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.

Конституцияни тайёрлаш ва қабул этишда Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ирқи, миллати, қайси динга мансублиги, тили, туғилган жойи, ижтимоий келиб чиқиши, сиёсий эътиқодларидан қатъий назар, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигига асосланиши кераклиги қатъий равишда ҳисобга олинган. Унда белгиланганидек, «Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ташкил этади».

Бош Қомусимизнинг 18-моддасида: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» дейилган.

Шу билан бирга, замон шиддат билан ўзгараётган, кутилмаган жойлардан кутилмаган хатарлар пайдо бўлаётган бир пайтда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясида қилган маърузасида «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган юксак ҳаракат деб баҳоланди.

Ўзбекистон диёрида яшовчи барча халқларнинг ҳамжиҳатликка ва иноқликка интилиши барқарорликнинг ўзига хос нишонасидир. Ўзбекистон ҳамиша кўп миллатлилик ва кўп динлилик шароитида миллатлараро ҳурмат ва тотувлик руҳи билан ажралиб келган. Ҳуқуқий давлат барпо этиш сари бораётган жамиятимизнинг маданийлиги ва давлатимизнинг демократиклилик даражаси, миллий ва этник гуруҳларга яратиб берилган шароит ва имкониятлар билан белгиланади. Шу туфайли улар маданий ўзига хосликни қарор топтириб, ўзларининг маънавий ва ақлий салоҳиятини тўла-тўкис тарзда рўёбга чиқариб келмоқда.

Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини мамлакатда истиқомат қиладиган 136 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Таркиби ва миқдори жиҳатидан қатъи назар, ҳар бир миллат ўз маданий марказини тузиш ҳуқуқларига эга.

Агар 1500 га яқин хитойлар,1300 та литваликлар ва 200 мингдан камроқ дунганларнинг ҳам миллий маданий марказларини инобатга оладиган бўлсак, Республикамизда ҳар бир миллат ва элат вакилларининг миллий қадриятлари,урф-одат ва расм-русумлари, тили ва маданиятини сақлаш ва ривожлантириши учун ҳуқуқий, назарий ва амалий асосларга кенг имкониятлар яратилганлигини кўрамиз. Бугунги кунда мамлакатимизда таълим 7 тильда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда. Ёшларимизга давлат томонидан фанларни ўзлаштириш учун дарсликлар ва бадиий адабиётлар ўз тилларида етказиб берилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 30 июль Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилинди. Давлатимиз томонидан Янги Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва халқпарвар сиёсатини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасидаги катта хизматлари, ёш авлодни ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ инсонлар давлат мукофотлари ва «Халқлар дўстлиги «кўкрак нишонлари билан тақдирланмоқда.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг бешинчи йўналишида келтирилган 74-мақсад жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. Бугунги вазиятда дунё қалқиб турган, турли минтақаларда уруш давом этаётган, қон тўкилаётган бир шароитда миллий хавфсизликни таъминлашга жиддий эътибор бериш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ўзбекистон деб аталган умумий хонадонимиз, 35 миллионли кўп миллатли оиламиз истиқболи учун диний эътиқоди, миллий мансублиги, касбу кори ва ёшидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро масъул эканини англаш, фарзандларимизни шу руҳда тарбиялаш асосий вазифа этиб белгиланган.

Кўп миллатли жамиятда бағрикенглик, ўзаро ишонч ва ҳурмат- миллатлараро ҳамжиҳатликнинг пойдевори, мамлакатдаги халқлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни уйғунлаштиришнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Миллат ва элатларнинг бағрикенглиги, ўзаро ҳурмати – жамият маданиятлилик даражасининг кўрсаткичи, давлатдаги миллатлараро тотувликнинг асоси ва шу билан бирга келгусидаги муваффақиятли ривожланишнинг энг муҳим шарти ҳамдир.

Бу борада юртимизда миллатлараро аҳиллик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Юқорида таъкидланган жиҳатларни эътиборда тутиб шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ижтимоий соҳаларда салбий ҳодисалар рўй бериши учун ҳеч қандай асос йўқ. Чунки республикада фуқаролик тўғрисида, аҳолини иш билан таъминлаш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа бир қатор қонунлар қабул қилинганки, уларда фуқароларнинг туб жойли миллатга мансуб бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари бошқалар билан бирга фуқароликка эга бўлиш, озод меҳнат, эркинлик, машғулот ва иш турини танлаш каби ҳуқуқлар билан таъминланади.

Ўзбек халқининг ҳаётида рўй бераётган чуқур ўзгаришларда Ўзбекистонда яшовчи бошқа халқларнинг вакиллари ҳам бир жон, бир тан бўлиб қатнашмоқдалар. Ана шу халқларнинг ҳаётида ҳам чуқур тарихий ўзгаришлар фаол содир бўлмоқда. Миллатлараро ҳурмат ва тотувлик руҳи билан ажралиб турадиган Ўзбекистонда миллати, диний эътиқоди, тилидан қатъи назар, барча фуқароларнинг якдиллигини таъминлаш сиёсати юритиляпти.

Бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик, осойишталик беғубор осмон, мунаввар кунларимизнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Ана шу тинчлик, осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Юртимизда хилма–хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.
Раҳбар ХОЛИҚОВА,
Тошкент давлат техника университети профессори,
тарих фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер