МИБнинг вазифаси фақат алимент ундиришдан иборат эмас

15:29 29 Июнь 2022 Жамият
1294 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 14 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида ҳудудларда ижро тизими шаклан ва моҳиятан рвиожланиб бормоқда. Жумладан, Андижон вилоятида соҳада самарадорликни ошириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилган бўлиб, уларнинг олдига ижро иши юритишда мавжуд муаммоларни аниқлаш, бартараф этиш, давлат органлари ва мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорлигини таъминлаш каби вазифалар қўйилди.

Янги тизим қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади. Мисол учун, 2021 йилнинг 1 декабридан бошлаб давлат фойдасига ундирувларнинг муайян қисми “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадига йўналтирила бошланди. Шу асосда Андижон вилоятида йилнинг ўтган даврида 27,9 млрд. сўм маблағ ушбу тоифа ҳамюртларимиз эҳтиёжи йўлида сарфланди.

— Ўтган беш ой давомида вилоятда 30 минг нафардан зиёд алимент олувчи фуқароларнинг ҳар бирига пластик картаси очилиши таъминланди ва шу орқали алимент амалиётини мунтазам назорат қилиб бориш имкони яратилди, — дейди МИБ Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Отабек Салманов. — Улар орқали 18,9 млрд. сўм алимент пуллари ўтказиб берилди. “Мажбурий ижро бюроси” дейилса, кўпчилик фақат алимент ундирувчи идорани кўз олдига келтиради. Бироқ асосий мақсад оилалар яхлитлигини таъминлашдир. Бюро ходимлари ҳам дастлаб низоли вазиятга тушиб қолган эр-хотинларни яраштиришга ҳаракат қилади. Йилнинг ортда қолган даврида 3 минг 520 та яраштирувни амалга оширганимиз бунга мисолдир. Мабодо ҳаракатларимиз бесамар кечгандагина алимент ундиришга мажбур бўламиз. Бу борада ҳам инсонийлик тамойилларига асосланамиз. Яъни алимент тўловчининг доимий даромад манбаига эга эканлигига аҳамият қаратамиз. Токи у иккинчи тўловни амалга оширгунига қадар моддий қийинчиликка тушиб қолмаслиги керак. Ана шу мақсадда 911 нафар алиментчи оталарни ишга жойлаштирдик.

Бюро ходимлари томонидан, шунингдек, солиқ қарзи билан боғлиқ 5275 та, жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш бўйича 12 та, жиноий ва маъмурий жарима ундириш билан боғлиқ 26 минг 820 та ижро ишлари бўйича ҳаракатлар амалга оширилди. Бундан ташқари қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 9 нафар ҳамюртимиз қайта ишга жойлашган бўлса, тўланмай қолган 639 млн. сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.

 

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер