«Менга хушхабар айт, ёлғон бўлса ҳам...» — Абдулла Орипов олами, ҳаёт ва ижод йўли ҳақида шоирнинг турмуш ўртоғи билан суҳбат
Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. Айниқса, бу сана шоир яшаган хонадонда катта тантана билан кутиб олинади. Халқ шоирининг яқинлари, оила аъзолари қувончига шерик бўлиш, ижодкорни хотирлаш, юбилей тадбирларига тайёргарлик жараёнларини кузатиш мақсадида ушбу уйда меҳмон бўлдик.
Шу аснода шоирнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа МУСТАФОЕВА билан Абдулла Орипов олами, ҳаёт ва ижод йўли ҳақида суҳбатлашдик.
— Биз Абдулла Ориповни бир даҳо ижодкор сифатида биламиз. Бу зот оддий инсон сифатида қандай эди?
— Абдулла Орипов ҳамма қатори оддий одам эди — фарзандлари учун ота, аёли учун суянч бўла оладиган умр йўлдоши, сингиллари учун меҳрибон ака, акалари учун куюнчак ука, ота-онаси учун эса муносиб ўғил... Абдулла ака ҳаётда ҳамма нарсанинг меъёрида бўлишини яхши кўрарди, ортиқча ҳашамни, ортиқча мулозаматни унча ёқтирмасди. Ҳамма нарсанинг табиий бўлишини хоҳларди. Ёлғонни ёмон кўрарди, шоир «Менга хушхабар айт, ёлғон бўлса ҳам...», деб бежиз ёзмаган. Ёмон хабарни ҳеч ёқтирмасди.
Абдулла аканинг бутун хаёлини, қалбини банд этган, уларга илҳом, руҳ ва куч берадигани бу ўзбек халқи эди. Элим деб яшади, юртим деб куюнди ҳамиша. Уйларига энди келин бўлган пайтларимда «Халқим нега мустақилмас, нега озод яшамаслигимиз керак?!» дея ўксинишларидан, азобланишларидан ҳайрон қолардим.
Абдулла аканинг ҳаётидаги, 76 йиллик умри давомидаги энг хурсанд бўлган куни мамлакатимиз истиқлолга эришган кундир. Тўғри, барибир оила, турмуш ташвишлари одамга таъсир қилади, лекин Абдулла ака ўз қарорларида ҳамиша муқим туроларди, бу қарор — адабиётдир, шеъриятдир. Абдулла аканинг адабиёти ҳам, шеърияти ҳам халқи билан, Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ. Уларнинг ташвиши ҳам, дарди ҳам бутунлигича халқида эди.
Ватанимизнинг мустақилликка эришиши шоирга янгича руҳ, кўтаринки кайфият, ғайрат-шижоат бахш этди. Табиийки, бу ижодига ҳам кўчиб, шеърларида озод ва ҳур яшашдек буюк бахтни асраб-авайлаш, унинг моҳиятини, аҳамиятини англаш ҳамда ўқувчига ҳам англатиш асосий мезонлардан бирига айланди. Эл-юрт учун ўзини аямади. Ўша пайтларда Мустақиллик, Наврўз байрамларини ташкиллаштиришда, ҳатто ухламасдан тун бўйи ишлаб чиқарди. Тадбирлар сценарийларини ёзар, гоҳ Дўрмонга шоиру ёзувчиларни йиғиб, уларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини ўрганар, гоҳ ташкилотчилар билан бирга байрамлар ўтадиган жойларни кўздан кечирарди.
Абдулла ака 1996 йилда Ёзувчилар уюшмасига раис бўлди. Ўшандан сўнг эса бутунлай мамлакат ва халқ иши билан бўлиб кетди. Иши кўпайиб, шоир одамга барибир вақт керакда, шеър ёзишга пайт излайдиган бўлиб қолди. Ҳар йилда икки марта давлат санаторийсига ётқизардик. Касаллиги учун эмас, ғала-ғовурлардан ажратиб, руҳияти, кўнгли дам олиши учун. Абдулла ака бу ерда ижод қиларди. Жуда кўплаб шеърлари, асарлари шу санаторийда ёзилган. Бир ой давомида анча нарсани ёзишга улгурарди. Масалан, «Соҳибқирон» драмасини тўлиқ ўша шифо масканида ёзганди.
— Абдулла Орипов ҳар бир янги шеърини тандирдан узилган иссиқ нондек сизга туҳфа этган, деб эшитамиз. Шу маънода, шоир асарларининг «туғилиши», ушбу жараёнда ижодкорнинг руҳу кайфиятидан яхши хабардорсиз...
— Ҳақиқатан ҳам, Абдулла ака уйда ижод қилганида янги ёзган шеърларининг биринчи тингловчиси, албатта, мен эдим. Бу инсон яшириб шеър қораламасди. Кўп кузатардим: ижод столига ўтириши билан ёзишни бошларди. Чунки ўша ёзаётган нарсаси шуурида аллақачон пишган бўларди. Ёзиб бўлгач, менга тутарди-да, баланд овозда ўқишимни сўрарди. Шеър ўқилиш давомида қайта ишланарди, сайқалланарди. Оҳангига тушиб, қоидаси бўйича ўқимасам қўймасди, қайта ва қайта ўқитаверарди. «Сен тутилиб қолдингми, демак, ўқувчи ҳам тутилади», дер ва ўша мос тушмаган сўзни ёки мисрани ўзгартириб, яна бошқатдан ўқитарди. Токи шеър равон бўлгунича таҳрирланарди.
Кўпчилик Абдулла аканинг янги ёзган шеърларини ёддан ўқишига қойил қолганини айтарди. Мен бунга ҳайрон қолмасдим. Шеър қайта-қайта ўқилавергач, ишланавергач, қандай эсда қолмасин?! Ҳатто ушбу жараёнда мен ҳам ёдлаб олардим бу битикларни. Ва табиийки, ёзиш жараёнида фикрларимни сўрарди. Баъзан бирор сўзга қофия топ, деб жилмаярди. Битта менга эмас, телефон қилиб, дўстларига ҳам янги ёзган шеърини ўқиб берар ва уларнинг ҳам фикрини сўрарди. Сўнг, албатта, шеър яна таҳрир қилинарди.
Баъзи ҳолларда ҳали сиёҳи қуримаган тизмаларга яширинча кўз ташлардим. Чунки Абдулла ака битмаган деб ҳисоблаган, ўзи кўнгли тўлмаган шеърини бошқалар ўқишини хоҳламасди. Мукаммалликни хуш кўрарди.
Яқинда шогирдларидан бири айтиб қолди: «Устоз бизга шундай ўргатган: шеърни одамлар юрагига шундай михлагинки, унинг қалпоқчаси йўқ бўлиб кетсин, токи бошқа биров суғуриб ололмасин!». Ўзи ҳам шунга амал қиларди. Шеърни кўнгли тўлмагунича ўзгартираверарди, мен эса оққа кўчираверардим. Бир куни «Барибир ҳозир яна ўзгартирасиз, бўлди кўчирмайман, қоғоз қолмади», десам, «Қоғозни аяган шоир бўлмайди, кўчиравер», деган эди қатъий. Ва ўша қоғозни иккига бўлиб ташлаб, бошқатдан ёздирганди.
Янги ёзилган ижод маҳсули уч-тўрт кун, ҳатто бир ой давомида ана шу йўсинда ишлангач, сўнг уни газетага берарди. Баъзан асар то нашр этилгунига қадар уни қайта-қайта ўқиб, зарур ҳисобласа, яна ўзгартиришлар қиларди. Тунги соат неча бўлишидан қатъи назар, газета ҳали босмахонага юборилмаган бўлса, муҳаррирга телефон қилар ва шеърни таҳрирларди. Тонгда эса ўша газетани олиб келишларини пойлаб ўтирарди, уни қўлига олгач, обдан кўз ташларди ва авайлаб буклаб чўнтагига солиб қўярди. Бу рўзномани бир ҳафталар ёнида олиб юргач, сўнг менга тутқазар ҳамда уни тахламга тикиб қўйишимни тайинларди.
Турмуш қурганимиздан кейин ёзган шеърларининг деярли ҳаммасининг қандай дунёга келганию, уни ёзишга нима туртки бўлганини яхши биламан. 1968 йилда Тошкентга кўчиб келган бўлсак, шундан кейин «Саратон» ва «Юртим шамоли»ни ёзганди. «Юртим шамоли» шеърининг асли «Ўзбек шамоли» эди, сарлавҳасида ҳам, бандларда такрорланиб келадиган бирикмада ҳам. Аммо унинг қатига яширинган миллий ўзликни қўмсаш, истиқлолга ташналик туйғуларини пардалаш учун шеърни шундай таҳрирлашга мажбур бўлганди. Мана, яқинда охирги чоп қилинган сайланмасида шеър «Ўзбек шамоли»га ўзгартирилди. Энди асардан жой олган образлардаги рамзийликни осон илғаш мумкин. Ушбу шеър охирида шундай ёзади шоир:
Лекин Абдулланинг боқий камоли,
О, ўзбек шамоли, ўзбек шамоли.
Бу билан ўзининг ҳам, юртимизнинг ҳам камоли боқий эканига ишончини ифодалаган эди.
— Абдулла Орипов учун ҳаёт ҳақиқати нима эди?
— Шеърият. Абдулла ака адабиётни барча нарсадан устун биларди, шеърга таянарди, шеърга суянарди. Ёзганлари халқига маёқ бўлишини ҳам, ўзининг иккинчи умрини яшашини ҳам яхши англарди. Шу боис адабиётга борлиғини бахш этди.
Биласизми, у киши ҳатто ўз никоҳ тўйида ҳам шеър ўқиган. Санъаткорлар ўз тўйида қўшиқ куйлаган бўлса куйлагандир, аммо шоирнинг ўз тўйида шеър айтгани тарихда кузатилмаган бўлса керак. Ҳартугул, мен эшитмаганман. Абдулла ака ўшанда аввал Эркин Воҳидовнинг «Азгануш» ғазалини, кейин ўзининг «Ёзажакман» деган шеърини ўқиганди:
Дўстлар, демангиз, мен шеъру достон ёзажакман,
Мен шеъру достон ичра бир афғон ёзажакман.
Ҳайрона боқур бу маним аҳволима ҳар ким,
Мен эрсам ўзгалар аҳволига ҳайрон, ёзажакман...
Бу мисралар ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради. Мен бу воқеага нега эътиборингизни қаратяпман? Сабаб шуки, мен ўшандаёқ умр йўлларимни қандай инсон билан боғлаётганимни англагандим. Бу инсон шеърсиз яшолмаслигини, адабиёт, миллат ва халқ тақдирини ўз тақдири деб билишини тушунганман. Ахир ҳаётининг янги палласига қадам қўяётган, юрак ўзгача ҳислардан жунбушга келиб турган, ҳаяжонли бир пайтда — никоҳ тўйида ҳамма ҳам ашъор ҳақида ўйламайди. “Сен шеърга қўлинг чўзмагил, эй жоҳили нокас, Бўлсангда «Худо» номингни шайтон ёзажакман”, дея ҳайқирмайди...
Ушбу шеърда “Бошингга агар қўнса шу кун шарпаи иқбол, Пойингга, элим, бош уриб қуръон ёзажакман”, деган байт бор. Ушбу битиклар шоирнинг орзу-умидларини ифодалайди. Биламиз, Қуръони карим — энг муқаддас китоб. Ушбу сўзни маъжозий маънода қўллаган ижодкор «Халқим агар бошингга иқбол шарпаси қўнса, озод ва ҳур бўлсанг, пойингга бош уриб, энг муқаддас битикни битаман», дейди. Ушбу гўзал истакка фаришталар омин деган эканми ёки Аллоҳ кўнглига солганмикан, шундан 25 йил ўтиб, истиқлолимиз рамзи — барчамиз учун ниҳоятда қадрли бўлган Давлат мадҳиясини ёзди. Бу бежиз эмасди. Шоирда келажакни кўра билиш, рўй берадиган воқеаларни олдиндан сезиш қобилиятлари ҳам бор эди. Бунга ҳаётда кўп бор гувоҳ бўлганман.
— Ижодкорга нима армон бўлиб қолди, деб ўйлайсиз?
— Армонми? Ҳар қандай инсоннинг ушалмаган орзу-истаклари бўлади. Шубҳасиз, Абдулла аканинг ҳам дилида халқига айтмоқчи бўлган гаплари, рўёбини интиқ кутган орзу-умидлари кўп эди.
«Қадимда чинакам овчию саёҳатчиларда ажойиб бир одат бўлган экан. Улар ўрмонними, тоғними тарк этганларида ўзлари паноҳ топган ғорда ёки ўнгирда чақмоқтош ва бир оз туз қолдириб кетарканлар. Токи бу жойга кейинчалик йўли тушган одам улардан фойдалансин. Шеърларимиз ҳам келгуси авлод учун ўша чақмоқтошу бир чимдим туз қадар зарур бўлармикан?! Мана шу жиҳат мени кўп ўйлатади», деганди бир сафар.
Шоирни умрининг сўнгида ёлғизлик ва эътиборсизлик жуда қийнади. Доим халқ ва давлат ардоғида юрмаганми, бундан қаттиқ сиқилди. Анчайин хонанишин бўлиб қолди. Лекин шундай кунларда ҳам биргина инсоннинг — ўша вақтларда мамлакатимизнинг Бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёевнинг доимий йўқлаб туриши Абдулла акага эртанги кунга ишонч ва умид берарди. «Шавкат деган бир инсон борда, ғайрати доим жўшиб туради, — деб кўп гапирарди Абдулла ака. — Кўзида, сўзида улкан меҳрни туяман».
Дарҳақиқат, бу эътиборга, меҳр-муҳаббатга кейинчалик ўзим кўп бор гувоҳ бўлдим. Абдулла ака давлат ишидан бўшаб, уйда ўтирганида ҳам ҳар Наврўзда, туғилган куни — 21 мартда, Давлат мадҳияси тасдиқланган кун — 10 декабрда бу инсоннинг номидан табрикномалар, совға-саломлар келарди. Буни кўрган шоирнинг қувончдан боши осмонга етар, баъзан кўзларига ёш олиб, «шу инсон бор экан, юким ерда қолмайди», дерди...
Дарвоқе, Президентимиз халқ шоирига ҳурмат-эътибори рамзи сифатида мени ҳам давлатимизнинг юксак мукофоти — «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлаганидан хабарингиз бўлса керак. Бу кун ҳаётимда унутилмас бўлиб қолган. Ўшанда Юртбошимиз орденни кўксимга тақаркан, кулиб, «Сизни Америкадан ҳам чақиртириб олдимми?» деганлари менга жуда таъсир қилганди. Давлат раҳбарининг шунча юмушлари бўла туриб, менинг океан ортидан етиб келишимгача эътибор билан қарагани қалбимни ғоят тўлқинлантириб юборганди. Президентимизнинг тадбирда «Ўзининг илмий ва адабий мактабини яратган улкан олим ва ижодкорнинг рафиқаси бўлиш осон эмас. Буни билган билади, билмаганлар билиб қўйса, фақат фойда бўлади», деган сўзлари кўнглимни фахр-ифтихорга тўлдирганди.
Уйга келиб, хурсанд бўлганимдан икки соатча йиғладим. Бутун ҳаётим, бахтли, ғамли дамлар, Абдулла ака билан ўтган кунлар, уларнинг қалб яраларига малҳам бўлишга интилганим, ижод машаққатларини енгишга кўмакдош бўлганим кўз олдимдан ўтди. Абдулла ака «Ўзбекистон Қаҳрамони» бўлганида ҳам шундай аҳволга тушгандим. Меҳнатлар натижасини кўриш одамга бошқача таъсир қилади.
Ҳаётда мўъжиза содир бўлмайди, уни инсон ўз қўли, меҳнати билан яратади. Шавкат Миромонович буюк қалби, серзаҳмат меҳнатлари билан бугун ана шундай мўъжизани яратмоқда — ҳаётимизда туб бурилишлар ясамоқда. Ҳар бир киши ўз ҳаётида инсон сифатида қадрланиб яшашга ҳақли эканини юракдан ҳис этяпти. Ислоҳотлар натижаларини, ўзгаришларни ўз турмуши мисолида кўряпти.
— Президентимизнинг «Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ардоқли шоиримизга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу тарихий ҳужжатни сиз ва оила аъзоларингиз қандай қабул қилдингиз?
— Беҳад катта қувонч билан! Абдулла аканинг 80 ёшлик юбилейини ўтказиш кўнглимизда бор эдию, аммо дунёда пандемия кузатилаётгани сабаб бу сананинг давлат миқёсида нишонланишини, тўғриси, кутмагандик.
Кейинги йилларда халқ шоирининг хотирасини абадийлаштириш, асарларини тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат очилди. Ҳайкали Адиблар хиёбонида савлат тўкиб турибди. Китоблари мунтазам чоп этилмоқда. Бундан ҳамиша хурсанд бўламиз, чексиз фахр-ифтихор туямиз.
Шоир таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш борасидаги қарор қувончимизга-қувонч қўшди. Албатта, бундай эҳтиромга лойиқ одамгина муносиб кўрилади, шу муносиблар қаторида Абдулла аканинг ҳам борлиги бизнинг бахтимиз. Мазкур ҳужжатга кўра, шоирнинг асарлари ҳамда ижоди ва ҳаёти ҳақидаги китоб нашр этилмоқда. Абдулла ака ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм тасвирга олиниши, асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилиши, ёшлар ўртасида турли кўрик-танловлар ўтказилиши режалаштирилган. Таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Абдулла Орипов ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари уюштирилмоқда.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида шоир ижоди ҳамда фаолиятига бағишланган музей ташкил этилмоқда. Бу музейга Абдулла акага тегишли кўп ёдгорликларни бериб юбордик. Чунки ижодкордан қолган барча нарсалар, у қўлёзмаларми ёхуд китоблар — буларнинг ҳаммаси шу халққа тегишли. Абдулла Орипов тириклик чоғида ҳам, дунёдан ўтганидан сўнг ҳам шу халқ билан бирга.
Бу қутлуғ санани кенг нишонлашга оиламизда ҳам катта тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳар йили 21 март қўшалоқ байрам хонадонимизда. Шу куни ҳам Наврўз, ҳам Абдулла аканинг туғилган куни муносабати билан сумалак пиширамиз. Бу оилавий анъанага айланган. Абдулла ака сумалакни яхши кўрарди, баъзан яқинларига бу тотли неъматдан ўзи улашарди. Жорий йил ҳам сумалак қилишни кўнглимизга тугиб қўйганмиз.
Шу ўринда менга бир фикр тинчлик бермайди. Кўпчиликнинг хабари бор, Абдулла ака умрининг охирги кунларини Американинг Техас штатида ўтказди. Биз яшаган қизимнинг уйида шоир ўз ижодхонасини ҳам ташкил қилганди. Ўйлайманки, Абдулла ака ҳаётининг сўнгги кунлари кечган уй ҳам бир кун музейга айланади. Шоир ижодини севувчилар бир куни излаб боришади, устоз қайси уйда яшаган, қандай ижод қилган деб қизиқишади. Қизимга доим дадангнинг нарсаларини асраб қўй, ўша сариқ қоғоздан тортиб ушлаган ручкасигача, дейман. Америкадаям ўзбеклар жуда кўп экан, бир кун уларнинг баъзиларини чақириб айтдим: «Агар ўқийман, ўрганаман, музей ташкил этиб, асрайман десангизлар, шоирга тегишли нарсаларни сизларга совға қилиб қолдираман». Чунки булар биз учун бир хотира бўлса, адабиёт одамлари ва халқ учун — мерос. Буни асрашни ҳар ким ўз бурчи деб билса, нур устига нур бўларди.
Меҳнатлар, яхшиликлар ҳеч қачон завол топмайди. Абдулла Орипов Ватанимизни чин юракдан севди. Тупроғини кўзларига тўтиё айлашга тайёр турди, она халқимизга доимо таъзимда бўлди. Бугун шоирга бўлаётган эъзозу эҳтиромдан яна бир марта амин бўлмоқдаманки, эзгуликнинг умри боқий. Абдулла акадан таралган нур бугун миллионлаб юртдошларимизнинг, ёшларимизнинг қалбини ёритиб тургани буни яна бир бор намоён этмоқда.
Дилшод КАРИМОВ
(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг