“Мен энди ўзимни ёлғиз ҳис этмайман”

13:15 27 Октябр 2025 Жамият
236 0

Икки нафар фарзанднинг онаси Малоҳат Аллаёрова моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушди. Бу ҳол у истиқомат қилаётган Бухоро шаҳридаги Ойбек маҳалласи ижтимоий ходими Наргиза Эназарованинг эътиборидан четда қолмади.

Ижтимоий ходим оиланинг яшаш шароитини ўрганди. Маълум бўлишича, Малоҳатнинг болалари ҳали ёш. Вояга етмаган. Шу сабабли унда доимий иш билан шуғулланиш имкони йўқ. Пировардида оиланинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси аниқланди. Шу тариқа хонадон “Камбағал оилалар реестри”га киритилди.

Хўш, бу М. Аллаёрованинг турмушида нимани ўзгартирди?

— Шундан сўнг давлатимиз томонидан менга бир қатор ёрдамлар кўрсатилди, — дейди у. — Фарзандларим учун бола нафақаси оляпман. Иккаласи ҳам мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли тарзда жойлаштирилди. Болаларим тарбияланаётган боғчага ишга ҳам кирдим. Мен энди қийинчиликлар олдида ўзимни ёлғиз ҳис этмайман.

Бу оилага “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан зарур ёрдам кўрсатилганини ҳам таъкидлаш лозим. Маҳалла фаоллари ва ижтимоий ходимларнинг саъй-ҳаракати натижасида бир эҳтиёжманд аёл ўзига тинч оиланинг бекасига айланди.

Бухоро вилояти бўйича шу йилнинг 1 октябрь ҳолатида 29 743 та хонадон “Камбағал оилалар реестри”га киритилган бўлиб, уларнинг ҳам ижтимоий барқарорликка эришиши учун амалий ишлар олиб борилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?