Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини фарзандликка олиш учун 5792 нафар фуқаро навбатда турибди — депутат

10:56 30 Ноябрь 2021 Жамият
1302 0

Кейинги пайтда халқимизнинг меҳр-мурувват ва хайру саховатга йўғрилган боқий анъаналарига содиқлик исботи сифатида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини фарзандликка олиш мамлакат миқёсида оммавийлашиб бормоқда.

Ўксик қалбларга ёруғ нур бағишловчи бундай савобли ишни қўллаб-қувватловчи оилалар, бағрикенг инсонлар сафи кенгайиб бораётир. Республикамизда фаолият юритаётган 13 та болалар уйида тарбияланаётган 500 дан зиёд дилбандларни фарзандликка олиш учун айни вақтда 5 минг 792 нафар юртдошимиз навбатда тургани кўнгилларни осмон қадар юксалтиради, албатта.

Аёнки, фуқаролар томонидан фарзандликка олиш билан боғлиқ масалалар юзасидан дуч келинадиган айрим муаммоларни ҳал этиш қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар билан кафолатланган. Жумладан, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунда ана шундай муҳим жиҳатлар ўз аксини топган.

Мазкур Қонуннинг 4-моддасида васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг ўз вақтида аниқланиши, ҳисобга олиниши ва жойлаштирилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунчилик ижросини таъминлаш, ғамхўрлик кўрсатаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар белгиланган.

Васийлик ва ҳомийлик органлари ваколат доирасидаги тадбирларни амалга ошираркан, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни ўз вақтида аниқлайди. Зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни жойлаштиришга ҳам масъул бўлади.

Ўз навбатида, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилишини, васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг таъминоти, уларга тарбия ва таълим бериш шароитларини, шунингдек, мол-мулки бут сақланишини таъминлаш устидан назорат қилади.

Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш амалдаги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида»ги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳар қандай инсон, айниқса, умид билан дунёга келган ўғил-қизларимиз меҳр кўришса, албатта, бахтли, саодатли бўладилар.

Умидахон ЗОКИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер