Масъуллар нарх белгилашда фуқароларимиз тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда — сенатор

08:52 17 Апрель 2021 Жамият
999 0

Сўнги йилларда мамлакатимизда фуқаро авиацияси соҳасидаги бошқарувнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш, авиаташувлар бозорида рақобатни ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилиниши натижасида фуқаро авиаташувлари, шу жумладан, ердаги инфратузилмадан фойдаланишда ҳаддан зиёд монополлашувга барҳам берилди.

Бироқ аҳоли билан мулоқотларда фуқаролар томонидан билдирилаётган асосли эътирозлар, жойлардаги ўрганишлар ҳамда мавжуд аҳвол айрим йўналишлар учун авиачипталар нархининг ҳаддан зиёд юқорилигини кўрсатмоқда.

Жумладан, бугунги кунда парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи фақат бир тарафга 4 млн. 700 минг сўмни ташкил қилмоқда. Холбуки, парвоз вақти 3 соат 40 дақиқадан иборат Тошкент–Москва йўналиши бўйича авиачипта нархи 4 млн. 200 минг сўм, Тошкент–Рига йўналиши бўйича 2 млн. 800 минг сўм (парвоз вақти – 5 соат 30 дақиқа), Тошкент–Нью Йорк йўналиши бўйича эса 6 млн. 500 минг сўм (парвоз вақти – 12 соат) этиб белгиланган. Самолётлар турлари эса деярли бир хил.

Кўриниб турибдики, парвоз вақти 1 соат 10 дақиқа бўлган Тошкент–Олмота йўналиши бўйича авиачиптанинг нархи ундан бир неча соат кўп парвоз қилинадиган йўналишлар учун белгиланган нархлардан сезиларли даражада юқоридир. Ушбу «тушунарсиз ҳолат» фуқароларимиз учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Аҳоли билан жойларда ўтказилган мулоқотлар ва тегишли таҳлиллар шуни кўрсатдики, масъуллар нарх белгилашда фуқароларимиз тушиб қолган танловсиз, мураккаб вазиятдан инсофсизларча фойдаланмоқда. Зотан, Қозоғистонга чегарадан пиёда ёки автотранспорт воситасида ўтишга Қозоғистон томонидан пандемия сабабли тақиқ қўйилган ва бизнинг масъулларимиз ана шундай шароитда фуқароларимиз мажбурлигидан ҳам қиммат нархда чипта сотиб олаверади, деган ишонч билан ўз юртдошларининг манфаатларига зид ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) қилмоқда.

Оқибатда ишлаш ёки бошқа мақсадларда қўшни Қозоғистонга кетаётган фуқароларимиз яна асоссиз ва ортиқча харажат қилишга мажбур бўлмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент–Олмота йўналиши бўйича авиачипталар ҳаддан зиёд юқори нархда сотилаётганлигини ўрганиб чиқиш ва натижаси борасида маълумотларни тақдим этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шарахметовга сенатор сўрови юборилди.

Қутбидин БУРХАНОВ, 
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?