Марказий Осиёда тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни тарғиб қилишга қаратилган минтақавий Медиастратегия лойиҳаси тақдимот қилинди
Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати
Тошкентда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда дўстликни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, радикаллашув ва экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган Медиастратегия лойиҳаси тақдимотига бағишланган минтақавий форум бўлиб ўтди.
Форумда миллий ва хорижий экспертлар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликни кенгайтириш, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ҳамда радикализмнинг олдини олиш, зўравон экстремизм илдизлари ҳақида хабардорликни ошириш, уч давлат – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегарадош ҳудудларидаги маҳаллий фуқаролик жамияти ва медиа ҳамжамиятининг салоҳиятини ўстиришнинг долзарб жиҳатларини очиқ мулоқот тарзида муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг йўлга қўйилиши минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари, катта дипломатик ишлари самарасидир. Хусусан, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат юритиш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор вазифалари қаторида белгиланган.
Медиастратегияни амалга ошириш доирасида турли миллат ёшлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, бағрикенглик асосида миллатлараро мулоқот маданиятини ривожлантириш, чет тилларида фаолият юритувчи оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш ҳам кўзда тутилган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшиш, давлатлараро миқёсда таклиф этилаётган ва юз бераётган ижобий ўзгаришлар, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фуқаролик жамиятини фаоллаштириш ғоясини илгари сурмоқда. Жумладан, 2020 йил март ойида “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий ва соҳалараро мулоқот” лойиҳасига старт берилди. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ушбу лойиҳа Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистонда Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази очилди. Марказда мақсадли мамлакатлардаги ёшларга таълим ва мунозара майдончаларини яратиш, Фарғона водийсида конструктив трансчегаравий мулоқотни ривожлантириш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлардан жалб этилган мутахассисларнинг малакасини ошириш учун кўзда тутилган.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида уч давлатнинг чегарадош ҳудудларида яшовчи ёшлар, жамоатчилик фикри етакчилари, журналист ва блогерлар учун медиасаводхонлик ва танқидий фикрлашни ривожлантириш, ижтимоий тармоқларда фейк ахборотлар тарқалишининг олдини олиш, нафрат тили, кибербуллинг, уларга жавоб қайтариш бўйича туркум тренинглар ўтказилди. Таклиф этилган экспертлар оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига киберманипулятор ҳийлаларига берилмаслик, ижтимоий тармоқлардаги бузғунчи ғояларга қаршилик кўрсатиш, оммавий ахборот воситаларида тинчликпарварлик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш йўлларини тушунтириб берди. Натижада Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда “Дунё элчилари” деб номланган ёшлар гуруҳлари тузилди.
Фарғона водийси ёшларининг муаммоларини аниқлаш, этник ва диний камситилиш, тоқатсизликни кўрсатувчи медиа материаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар контенти таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари асосида минтақавий Медиастратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди. У Фарғона водийсида ва Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг трансчегаравий ҳудудларида тинчлик, бағрикенглик масалаларини тарғиб қилиш мақсадида давлат органлари, ННТлар, ОАВлар вакиллари, диний етакчилар ва фуқаролар учун тарғибот-ташвиқот ишларини режалаштиришга кўмаклашади. Бугунги форумда тадқиқот натижалари ва Медиастратегия лойиҳаси тақдимот қилиниб, муҳокама қилинди.
Учта давлат экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Медиастратегиянинг вазифалари қаторида, ёшлар ўртасида радикаллашув, миллатлараро адоват ва терроризмга олиб келадиган экстремистик ғоялар тарқалишига қарши курашишда яхлит ва мувофиқлаштирилган ёндашувни оммавий ахборот воситаларини кучайтириш орқали давлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш режалаштирилган. Уни амалга оширишга давлат ва бошқа манбаларнинг маблағлари, мамлакатлар ичидаги грантлар, шунингдек, халқаро жамғармалар ва ташкилотларнинг грантларини жалб этиш кўзда тутилган.
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ёшларнинг бузғунчи ахборотлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олувчи, чидамлилигини оширувчи кенг қамровли чора-тадбирларни ўтказиш учун медиа соҳасини кучайтириш муҳим жиҳатлардан биридир.
Медиастратегия лойиҳасига Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳамда ҳар бир давлат учун алоҳида-алоҳида ҳаракатлар режалари илова қилинган.
Форум давомида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистондан бўлган экспертлар, фуқаролик жамияти мутахассислари ва медиа соҳаси вакиллари Медиастратегия лойиҳасини муҳокама қилиб, унинг якуний кўринишини шакллантириш, амалга ошириш механизмлари ва ҳамкорликдаги ҳаракатлар режаси бўйича таклифлар берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг