Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларини барқарор бошқариш бўйича қиймати 18,4 миллион АҚШ доллари бўлган ташаббуслар ишга туширилди

11:49 27 Ноябрь 2025 Жамият
314 0

Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларига ортиб бораётган босим, иқлим ўзгариши таъсирининг кучайиши, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчилик каби долзарб масалаларга жавобан янги йирик экологик ташаббус амалга оширилмоқда.

Глобал Экологик Жамғарма (GEJ) томонидан молиялаштириладиган ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан амалга ошириладиган «Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларининг ўзаро боғлиқлиги» (CAWLN) дастури Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES) томонлар конференциясининг (COP20) 20-йиғилиши доирасида расмий равишда ишга туширилди.

Дастур доирасида Марказий Осиё учун умумий қиймати 18,4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилади. CAWLN дастури Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар дуч келаётган умумий экологик чақириқларга ечим топишга қаратилган. Минтақа йирик дарё ҳавзалари, ботқоқликлар, даштлар, ярим чўл ва тоғ экотизимлари каби қимматли табиий ҳудудларга бой бўлишига қарамай, антропоген босим, ресурслар учун рақобат, иқлим ўзгариши ҳамда ерларнинг деградацияси кескин кучайиб бормоқда.

Тадбир давомида CAWLN дастурининг илмий асосланган, уйғунлаштирилган ва интеграциялашган ёндашувларга асосланган лойиҳалари тақдим этилди. Улар сув ва ер ресурсларини барқарор бошқариш, ўрмонларнинг қисқаришини олдини олиш, қишлоқ хўжалигида чидамлиликни ошириш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашувни кучайтиришни назарда тутади.

CAWLN доирасидаги лойиҳалар ФАО ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликнинг мантиқий давомидир. Ташаббус Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади. Бизнинг умумий вазифамиз сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни кучайтириш, экологик мувозанатни тиклаш, биохилма-хилликни сақлаш ва қишлоқ ҳудудларида фаровон ҳаёт учун барқарор пойдевор яратишдир”, – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров.

Марказий Осиё Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Панж ва Норин каби йирик дарёлар ҳавзалари, тоғ ва яйлов экотизимлари, чўл ва ярим чўл ландшафтлари билан экологик жиҳатдан ноёб ҳудуд ҳисобланади. Бироқ, ресурсларга талабнинг ортиши, аҳолининг кўпайиши, ерларнинг деградацияга учраши, сув танқислигининг кучайиши ва иқлим ўзгаришини тезлашиб бориши экологик барқарорликни жиддий хавф остига қўймоқда. Бугунги кунда минтақа ерларининг қарийб ярми деградация ҳолатида бўлиб, иқтисодий зарар йилига 6 миллиард АҚШ долларигача етмоқда. Сув ресурсларининг чекланганлиги эса қишлоқ хўжалиги, энергетика, ичимлик суви таъминоти ва экотизимларнинг барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Ана шундай мураккаб шароитда CAWLN дастури Марказий Осиёда сув ва ер ресурсларини илмий асосланган, интеграциялашган ва минтақавий ёндашув орқали бошқаришни такомиллаштириш, эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш, экотизимларни тиклаш ва иқлимга чидамлиликни оширишни мақсад қилади. GEJ томонидан молиялаштириладиган етти йирик лойиҳа уйғунлаштирилаётган ушбу дастурда Ўзбекистон тўрт муҳим лойиҳада фаол иштирок этади.

Лойиҳаларнинг биринчиси Амударё, Зарафшон ва Панж ҳавзаларида интеграциялашган сув бошқарувини кучайтириш бўлиб, бу йўналишга 5,84 миллион АҚШ доллари ажратилган. Лойиҳа дарё ҳавзаларида сув ресурсларини барқарор бошқариш тамойилларини жорий этиш, мониторинг ва маълумот алмашинувини модернизация қилиш, экологик оқимларни сақлаб қолиш ҳамда трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутади.

Иккинчи лойиҳа – Сирдарё ва Норин ҳавзаларида сув бошқарувини такомиллаштириш, бу йўналиш учун 5 миллион АҚШ доллари маблағ ажратилган. Лойиҳа сув тақсимоти самарадорлигини ошириш, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, сув сифатини назорат қилиш механизмларини янгилаш ва давлатлараро мувофиқлаштиришни кучайтиришга қаратилган.

Учинчи лойиҳа – Ўзбекистонда интеграциялашган ер ва сув бошқаруви орқали экотизим хизматлари ва биохилма-хилликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси ҳисобланиб, умумий қиймати 5,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур лойиҳа деградацияга учраган ерларни тиклаш, агроэкологик ёндашувларни кенгайтириш, ноёб ўсимлик навлари ва агро-биохилма-хилликни асраш, экотизим хизматларини мустаҳкамлаш ва маҳаллий аҳолининг фаровонлигини оширишни мақсад қилади.

Тўртинчи лойиҳа Марказий Осиёнинг мўрт экотизимларида ер деградациясини камайтиришга қаратилган минтақавий лойиҳа бўлиб, бу йўналиш учун 2 миллион АҚШ доллари ажратилган. Лойиҳа чўлланиш хавфи юқори ҳудудларда ерларни тиклаш, барқарор ер бошқаруви амалиётларини жорий этиш, мониторингни кучайтириш ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг иқлимга чидамлилигини оширишни ўз ичига олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер