Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқаришда мустақил институционал механизмлар яратилиши зарур

12:23 01 Июль 2025 Жамият
250 0

Ҳозирги иқлим ўзгаришлари боғлиқ шароитда сув захираларидан фойдаланиш масаласи тобора долзарб масалага айланмоқда. Ер юзидаги жами сув захираларининг (тахминан 1400 млн. км3) 2,5 фоизигина (тахминан 35 млн. км3) истеъмол учун яроқли чучук сувлардир. Марказий Осиёда чучук сув ресурсларнинг асосий манбаси трансчегаравий дарёлар ҳисобланади. Мавсумий ёмғирлар билан тўйинадиган Жанубий Осиё мамлакатларининг дарёларидан фарқ қилиб, Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув манбаси Олой, Помир-Тяншань тоғ тизмаларидаги музликлардир. Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг гидроклиматик хусусиятларидан бири – дарёлар суви захираларининг 5-6 фоизи буғланиш (вапоризация) хусусиятига эга.

Дунё гидролик харитасида Ер шаридаги мавжуд сув ресурсларининг дунё мамлакатлари бўйлаб нотекис тақсимланганини кўришимиз мумкин. Бундай нотекислик Марказий Осиё минтақаси учун ҳам хос. Дунёнинг 39 та мамлакати истеъмол ва халқ хўжалиги учун зарур бўлган сувнинг катта миқдорини ўз ҳудудлари ташқарисидан, яъни қўшни давлатлардан олади. Марказий Осиёда Туркманистонда мамлакат ташқарисидан олинаётган сув миқдори истеъмол қилинаётган умумий сув ҳажмининг – 75 фоизини, Ўзбекистонда эса – 50 фоизини ташкил этади. Марказий Осиёда трансчегаравий дарёларнинг юқори ва қуйи оқимидаги қирғоқбўйи давлатлар орасида сув захиралари нотекис тақсимланган.

Марказий Осиё аҳоли сони тез ўсиб бораётган ва, айни пайтда, сув захиралари чекланган минтақадир. Бир йилда жон бошига 1000 м3 дан кам (яъни, минимал эҳтиёжларни қондириш учунгина зарур) сув миқдори тўғри келадиган давлатлар орасида Марказий Осиёнинг Туркманистон (206 м3) ва Ўзбекистон (625 м3) каби давлатлари бор. Жаҳон ресурслари институтининг тадқиқотларига кўра, Туркманистон ва Ўзбекистон сув билан энг кам таъминланган дунёдаги 13 та мамлакат қаторига киради.

Марказий Осиёдаги сув захираларининг асосини трансчегаравий дарёлар суви ташкил қилади. Дунё бўйича бир неча давлатлар ҳудудидан оқиб ўтадиган дарёлар сони 276 та бўлса, шулардан 9 таси Марказий Осиё минтақасида жойлашгандир. Улар Амударё, Сирдарё, Зарафшон, Чу, Талас, Или, Мурғоб, Тежен, Иртиш дарёларидир.

Амударё ва Сирдарё фақат ўзининг катталиги ва узунлиги билангина эмас, балки стратегик аҳамияти нуқтаи назаридан ҳам алоҳида эътиборни жалб қилади. Чунки бу икки дарё Марказий Осиёдаги йирик табиий кўл – Орол денгизини сув билан таъминлайди. Марказий Осиё мамлакатларининг қишлоқ хўжалиги, саноати, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда шаҳарсозликда уларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув захираларидан оқилона фойдаланиш ва сув ҳавзасидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, техноген ва табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш борасида Марказий Осиё давлатлари орасидаги халқаро ҳамкорликка асос солинган ҳамда бу ҳамкорликнинг халқаро-ҳуқуқий асослари яратилган. Шу кунга қадар, трансчегаравий дарёларга оид 30 дан ортиқ йирик ҳукуматлараро шартномалар имзоланган.

Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув захираларидан оқилона фойдаланиш ва сув ҳавзасидаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, техноген ва табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш борасида Марказий Осиё давлатлари орасидаги халқаро ҳамкорликка асос солинган ҳамда бу ҳамкорликнинг халқаро-ҳуқуқий асослари яратилган. Шу кунга қадар, трансчегаравий дарёларга оид 30 дан ортиқ йирик ҳукуматлараро шартномалар имзоланган.

Шунга қарамай Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланишни халқаро-ҳуқуқий тартибга солишда бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Бунинг бир қатор объектив ва субъектив сабаблари мавжуд.

Марказий Осиёда трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланишни халқаро-ҳуқуқий тартибга солиш сув муаммоларини ҳал этишнинг асосий воситаларидан биридир.

Биринчидан, Марказий Осиёда трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланишни халқаро-ҳуқуқий тартибга солишнинг асоси бўлган яхлит ҳуқуқий тартибот, яхлит ҳуқуқий макон, ёки жуда бўлмаганда, якдил ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш лозим. Юқорида таъкидланганидек, очиқ манбаларга таянган ҳолда бизнинг ҳисобимиз бўйича трансчегаравий дарёларга оид 30 дан ортиқ йирик ҳукуматлараро шартномалар имзоланган. Уларнинг аксарияти икки томонлама шартномалардир. Уч ёки тўрт томонлама шартномалар саноқлидир. Уларнинг ҳеч бирида Марказий Осиёнинг таркибий қисми бўлмиш Афғонистон иштирок этмайди. Бизнинг назаримизда, биринчи навбатда, трансчегаравий дарёларга оид халқаро шартномаларни инвентаризация қилиш лозим. Мазкур шартномаларни халқаро-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, улардаги норматив бўшлиқларни аниқлаш керак. Шуни эътиборга олиш жоизки, шу пайтгача имзоланган шартномалар ўша пайтдаги жорий муаммоларни ҳал этишга қаратилган, бироқ эртанги ва истиқболдаги стратегик муаммоларга ечим беришга қаратилмаган эди. Шу боис, мавжуд шартномалардаги бўшлиқларни тўлдириш ёки уларнинг ўрнига бугунги муаммолар ечимига ва истиқболга қаратилган янги шартномалар базасини яратиш лозим бўлади.

Иккинчидан, бизнинг назаримизда, Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар, биринчи навбатда, Амударё ва Сирдарёнинг трансчегаравий дарё сифатида халқаро-ҳуқуқий мақомини белгилаш лозим. БМТ экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарёнинг халқаро-ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция лойиҳасини якунига етказиш ва уларни рационал муддатда ратификация қилишнинг тезкор юридик механизмларини яратишимиз зарур. Трансчегаравий дарёларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш минтақада яхлит ҳуқуқий тартиботнинг шаклланишига туртки беради ҳамда қирғоқбўйи давлатларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириб олишга хизмат қилади.

Учинчидан, Марказий Осиёда трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланишни халқаро-ҳуқуқий тартибга солишнинг ечими трансчегаравий дарёларнинг халқаро-ҳуқуқий мақомини белгилашгина эмас, балки шартномавий мажбуриятларни бажариш юзасидан мониторинг юритувчи мустақил ва кучли институционал тизим яратишни талаб этади. Дунай, Рейн ёки Меконг бўйича халқаро комиссиялар типидаги ҳукуматлараро ёки мустақил тузилмаларни ташкил этиш ва уларнинг ишида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини таъминлаш, бизнинг назаримизда, муҳимдир.

Тўртинчидан, Марказий Осиёда трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланишни халқаро-ҳуқуқий тартибга солиш фонида трансчегаравий дарёлар суви ёки ҳар қандай сув манбасига нисбатан миллий ва халқаро-ҳуқуқий маданиятни юксалтиришимиз лозим. Минтақамизга узоқ муддатли ва шафқатсиз қурғоқчилик хавф солмоқда. Марказий Осиёда сув захираларининг чекланганлиги ва камайиб бораётганлиги, аксинча, сувга бўлган истеъмол эҳтиёжини ошиб бораётганлиги яқин ўн йилликларда мажбурий иқлим миграциясини башорат қилмоқда. Мана шундай шароитда табиатнинг объектив қонуниятларни ўзгартиришга ожизлигимизни тан олган ҳолда ўзимизнинг субъектив иродамизни сувдан рационал фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш маданиятига бўйсундиришимиз тақозо этилади. Сувга бўлган муносабат “ҳуқуқлардан мажбуриятлар томон” мазмунини олиши лозим. Сувдан оқилона фойдаланиш ҳуқуқ эмас, балки мажбурият сифатида ҳар бир Марказий Осиё фуқароси онгидан жой олиши зарур. Муқаддас Ислом динимизда ҳам унинг мажбурият эканлиги таъкидланган.

Трансчегаравий дарёларга билвосита ва бевосита дахлдор бўлган халқаро шартномаларга нисбатан якдил минтақавий ёндашувни шакллантириш халқаро-ҳуқуқий маданиятни юксалишига хизмат қилади, деган фикрдамиз. Хулоса қилиб таъкидлаш жоизки, бундан бир неча йиллар олдин Марказий Осиёда “сув уруши”нинг бошланишини башорат қилувчилар кўпайиб кетган эди, юқори даражадаги минбарлардан шу мазмундаги маърузалар янграган, нуфузли нашрларда мақолалар чоп этилган. Афсуски, Марказий Осиёда ҳеч қандай “сув урушлари” содир бўлмади, аксинча, охирги йилларда сув соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик кучайиб бормоқда. Буларнинг барчаси минтақанинг ҳар қандай муаммоларини вазмин ва оқилона ҳал этишга қодир ақлий ва сиёсий салоҳият мавжудлигидан далолат беради. Умид қиламизки, Марказий Осиёлик ҳуқуқшунослар, айниқса, халқаро ҳуқуқшунослар мазкур салоҳиятни юридик мазмун билан янада бойитади, тўлдиради ва минтақамиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшади.

Шуҳрат Рахманов,

Тошкент давлат юридик университети

Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси мудири,

юридик фанлар доктори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер