Марҳамат тумани номини Мингтепага алмаштириш пайти келди, шекилли...

19:21 10 Август 2023 Жамият
1049 0

Фото: “Халқ сўзи”

Одатда жой номлари уларнинг тарихи билан боғлиқ. Масалан, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани бир пайтлар атрофи қўрғон девор билан ўралган баландликнинг аталиши маҳсулидир. Айтишларича, қадимда Жалақудуқ туманида ёғингарчилик кўп бўлиб, сел, жала қуйиш ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, вилоятнинг Хўжаобод, Булоқбоши, Олтинкўл, Балиқчи, Улуғнор номлари ҳам ўз мазмунини акс эттириб турибди. Шу ўринда савол туғилади. Марҳамат туманининг бундай номланишига сабаб нима? Ҳудуднинг ҳолатига ишора бермайдиган бу атама қандай пайдо бўлган ўзи?

Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, 1898 йилда Дукчи эшон қўзғолони бостирилгач, “Мингтепа” (Марҳамат туманининг қадимги номи) чор Россия қўшинлари томонидан уч кун давомида замбараклардан ўққа тутилади. Шундан сўнг оқ пошшо мулозимларига омон қолган аҳолини бошқа ерга кўчириб, ўрнига Россиядан юбориладиган рус мужиклари учун янги бир маскан барпо этиш ҳақида фармон берган. Натижада тирик аҳоли Жанубий Фарғона каналининг “Улуғ тоғ” томонига кўчирилади. Айнан шу пайтдан бошлаб бу маскан оқ пошшонинг “марҳамати” (помилование), яъни гуноҳидан ўтиш маъносидан келиб чиққан ҳолда “Марҳамат” деб номланади. “Мингтепа” эса қайта қурилиб, муҳожирлар шарафига “Русское село” номини олган. Шўролар даврида (1974 й) туман марказига шаҳар мақоми берилиши натижасида у Марҳамат шаҳри деб ўзгартирилган. Хулоса қилиш мумкинки, туман номи меҳмоннавозлик ифодасини эмас, балки босқинчилик маҳсулини ўзида мужассам этган атамадир. Шу боис Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф она қишлоғига таъриф берар экан:

“Ҳар кимса ҳам ном қўйсин ўз узлатига,

Ҳар кимга ўз уйи азиз, томи билан!

Зор қилмасин бировнинг “марҳамати”га,

Мингтепани атайлик ўз номи билан!»,- дея куйинган.

        “Мингтепа”га назар

Ҳозирда туман марказида “Мингтепа” археология ёдгорлиги мавжуд. Бу ерда узоқ йиллар давомида нафақат Ўзбекистон, балки хитойлик олимлар ҳам изланишлар олиб бормоқда. Сабаби, бу жой қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбаларда Даван деб юритилади) номи билан машҳур давлатнинг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари, деб тахмин қилинади.

“Мингтепа” ёдгорлиги харобаси ички ва ташқи шаҳар қисмларидан иборат бўлиб, ички қисм 41,2 гектар, ташқи шаҳар қисми эса 320 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган. Археологларнинг эътироф этишича, бу жойдан топилган осори-атиқалар Фарғона водийсидаги бошқа антик давр ёдгорликларида учрамайди.

Ушбу ёдгорликни ўрганиш, илмий тадқиқ этиш ишлари ўтган асрнинг 40-50 йилларидан бошланган. Бугунги кунда ҳам бу ерда изланишлар давом этмоқда. Айниқса, тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти археолог олимлари ҳамкорлигида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида қадимий пойтахт шаҳар харобаларидан қимматли топилмалар, моддий ашёлар топилган. Бу 2017 йилда бундан 2 минг йил муқаддам ушбу манзил Довон давлати пойтахти Эрши, кейинчалик “Мингтепа” деб қайта номланган шаҳар эканлиги ҳақидаги хулосаларнинг эълон қилинишига сабаб бўлган.

      Ҳукумат қарорининг ижроси нега таъминланмади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 29 декабрь санасида имзолаган “Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қарори туман аҳолисининг кўп йиллик армонларини рўёбга чиқаришга қаратилган ҳаётбахш қадам бўлди, деб қувонган эдик. Афсуски, бугунгача мазкур қарорнинг ижроси таъминланмади. Яъни, юқоридаги мақсадларни амалга ошириш учун кўзда тутилган маблағ ҳанузгача ажратилмади.

Ишониш қийин, наҳотки, ҳукумат қарори беш йилда ҳам ижро этилмаса? Буни қандай тушуниш мумкин? Бажарилмайдиган қарорни қабул қилишдан муддао нима эди? Вазият шундай давом этаверса ҳужжатда ажратилиши кўзда тутилган маблағнинг инфляция таъсирида қадри қоладими?

Мазкур қарорнинг ижроси доирасида тумандаги “Мингтепа”, “Жингиртепа”, “Тоштепа” археология объектлари, қутлуғ масканлар обод бўлишига, бунинг натижасида улуғ аждодларимизнинг руҳлари шод бўлишига шак – шубҳамиз йўқ эди. Бироқ, бу мавзуда тегишли идораларга йўлланган саволлар ҳанузгача жавобсиз қолмоқда. Неча минг йиллик тарихни ўз бағрида мужассам этган “Мингтепа” эса ҳануз мутасаддилар эътиборига илҳақ.

Бировнинг кўйлагини кийиб олганингиз билан у сизники бўлиб қолмайди. Худди шунинг сингари марҳаматликлар ўзлари истиқомат қилаётган манзилни ҳанузгача “Мингтепа” номи билан боғлайдилар. Республикамиз мустақилликка эришгач, миллий қадр-қимматимиз, ғуруримиз янада юксалди. Тарихимизни асл ҳолида тиклаш борасида ҳам хайрли ишларга қўл урилмоқда. Шу аснода савол туғилади: жой номлари туб шакл-шамойили, маъносини ифода этаётган бир пайтда Марҳамат тумани номини асл ҳолатига қайтариш, “Мингтепа” номи билан аташ пайти келмадимикин? Мутасаддилар ушбу масалага жиддий эътибор қаратсалар, тарих юзига тушган доғдан, халқ эса таҳқирона номдан халос бўлган бўларди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Шукрулло НEЪМАТОВ,

Ўзбекистон журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер