Марғилондаги 125 йиллик меъморий обида асраб қолинади
Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Кузиев фарғоналик бир гуруҳ фуқароларни қабул қилди.
Фуқаролар Фарғона вилояти Марғилон туманида жойлашган 125 йиллик тарихга эга “Узун ҳовуз” маданий мерос ёдгорлиги қаровсиз ҳолга келиб қолгани ва ҳудудий мутасадди ходимларнинг эътиборсизлиги юзасидан мурожаат билан келган. Қайд этилишича, вилоятда жойлашган ушбу меъморий обида 3 йилдан буён қаровсиз ҳолатда қолдирилган ва том қисми очиқлиги сабабли бино авария ҳолатига келиб қолган. Вилоятда яшовчилар бир неча бор мурожаат қилган бўлсада, муаммо ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Ушбу муаммо Агентлик директорининг биринчи ўринбосари ва Агентлик мутасаддилари билан биргаликда ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, Марғилон шаҳар, Узун ҳовуз маҳалласида жойлашган “Узун ҳовуз” масжиди маданий мерос объектини 2020-2021 йиллар давомида таъмирлаш ва тиклаш учун республика бюджетидан 1 млрд. 245 млн. сўм пул маблағи ажратилган. Маданий мерос департаменти ва пудратчи ташкилот (“Маданий мерос объектларини тиклаш” МЧЖ) ўртасида тузилган шартномага асосан объектда 2020-2021 йилларда қисман таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган. Бироқ, бинонинг хонақоҳ ҳамда айвон қисмларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари учун алоҳида маблағ ажратилмаганлиги сабабли якунига етказилмай қолган.
Турсунали Кузиев вилоят бошқармаси билан телефон орқали мулоқот қилиб, вазиятга бефарқ муносабат ва муаммо ҳозиргача атрофлича ўрганилмаганлигини кескин танқид қилди. Бошқарма бошлиқларига тарихий обидани қиш мавсумидаги ёғингарчиликлардан ҳимоя қилиш учун тезкор чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш топшириғини берди.
Шу билан бирга Агентлик директорининг биринчи ўринбосари томонидан Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғига 2024 йилдан бошлаб ҳар ойда бир маротаба ҳудудий маслаҳат кенгаши аъзолари билан учрашув ўтказиш лозимлиги ва вилоятда жойлашган маданий мерос объектларининг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиб чиқиш юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.
“Биз касбимизга масъулиятсизлик ва совуққонлик билан ёндашсак тарих бизни кечирмайди. Ота-боболаримиздан қолган меросни асрашга бефарқ бўлсак, тарихни бир қисми сифатида аждодларимиздан етиб келган шонли ўтмишимиздан сўзловчи осори атиқаларимиз, меъморий обидаларимизни бирин-кетин йўқотиб қўйишимиз мумкин” — деди Турсунали Кузиев.
Бинони асраб қолиш юзасидан Фарғона вилоят бошқармаси томонидан “Узун ҳовуз” меъморий ёдгорлигини таъмирлаш ва тиклаш ишларини якунига етказиш учун “2024 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган маданий мерос объектларининг манзилли рўйхати”га киритиш бўйича таклиф берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг