Мақом санъати дунё халқларини бирлаштирди

20:28 28 Июнь 2024 Жамият
243 0

Куни кеча Жиззах вилоятининг Зомин туманида II Халқаро мақом санъати анжумани тантанали равишда очилганди. Мазкур анжуманнинг иккинчи куни «Мақом санъатининг назарий ва амалий асослари: муаммо ва ечимлар» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ялпи мажлисларда экспертлар ХХ аср Мақом илми: тарих, назария ва амалиёт, уйғур мусиқасининг муштарак тарихлари, Шашмақом ўзбек-тожик халқлари маънавий бирлигининг бадиий рамзи, Муғом вокал ижрочилиги тарихи ва амалиёти, Мақом ва Рага ўртасидаги Балужи «Заҳириги» жанри, Фарғона-Тошкент мақом йўллари, «Шашмақом» туркумидаги Сарахбори ростнинг композицион тузилишига оид мавзуларда чиқишлар қилишди. Таниқли мутахассислар томонидан ўтилган дарслар анжуман иштирокчилари учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди.

Сўз анжуман иштирокчиларига:

Керими Сиявуш Ашраф ўғли,

Озарбайжон Республикаси Халқ артисти:

– Шарқ мамлакатлари мусиқасини мақомсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу санъат доим жаҳон халқларининг эътиборини тортган. Қолаверса, Озарбайжон «Муғом»ига жуда яқин. II Халқаро мақом анжуманининг очилиш маросимида давлатингиз раҳбарининг сўзга чиқиб, айнан, Ўзбекистонда мақом санъатини ривожлантириш борасидаги фикр билдирганидан қувондим. Давлат раҳбари сифатида ушбу санъат турига қизиқяптими, демак, Ўзбекистонда мақомнинг эртаси ёруғ ва бардавом. Анжуман кўтаринки кайфиятда ўтиши учун барча зарур тайёргарлик кўрилган. Бу каби анъаналарни ҳамкорликда давом эттириш, тажриба алмашиш халқларимизни маънавий яқинликда, эзгу орзу-интилишлар руҳида бирлаштиришига ишонаман.

Несрин Фейзўғли,

Отатурк Университети Турк мусиқаси давлат консерваторияси профессори:

– Аввало, юртингиздаги меҳмондўстликдан кайфиятим кўтарилди. Анжуманга айнан, мақом сўзига урғу берилишининг ўзи миллий мусиқий меросингиз нақадар юксаклигидан далолат. Мен бу анжуманда ҳакам сифатида иштирок этяпман. Дунёдан забардаст чолғучилар, созандалар, хонандалар келган. Ғолибларни аниқлаш ва саралашни ўзи бўлмади. Лекин бу анжуман мақом усталари бўлган хонандаю созандалар учун ўзига хос маҳорат майдонига айланишига ишончим комил.

Али Фатеҳ.

Деҳлидаги Катакендир институтининг сетор сози бўйича ўқитувчиси:

– Ўзбекистонга биринчи марта бўлишим. Буюк ипак йўли дурдонаси сифатида мамлакатингиз менда катта таассурот қолдирди. Зомин тоғлари, ям-яшил ўрмонлари, олижаноб инсонлари байрамга ўзгача сурур бағишлади. Илмий-амалий конференциядаги чиқишларда ўзбек мақоми ҳинд мусиқаси билан чамбарчас боғлиқлигини кўрдим. Очиғи, бу мен учун катта янгилик бўлди. Дунё мусиқасида мақом йўллари, чолғу куйлари етакчи ҳисобланади. Албатта, бу халқаро санъат анжумани муштарак санъатимиз ва умуминсоний қадриятларимизнинг юксалтиришда беқиёс ўрин тутади.

Оостенрижк Жан Воутер.

Нидерландия. Мустақил мусиқашунос олим:

– Анжуманга ташриф буюрган барча мусиқачилар ўзининг мусиқий созларида биринчи рақамли санъаткор ҳисобланади. Тўғри, бу танловнинг ўзига хос талаблари бор. Ҳар бир иштирокчи албатта, беллашув учун келган. Аммо анжумандаги чиқишларда чинакам санъат асарларини таржимонсиз ҳам тушундим. Мен кўп давлатларда бўлган санъат фестивалларида иштирок этганман. Бундай катта миқёсда, кўплаб давлатлардан мусиқачилар, созандалар тўпланган тадбирда биринчи марта иштирок этишим. Миллий мусиқа ва мақом санъати қалбимга чексиз завқ бағишлади.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?