Манзилли ёрдам манзилга етди

11:37 01 Декабрь 2025 Жамият
185 0

Қиш-қировли кунларни ўйлаганида Бухоро туманидаги «Дехча» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Нафиса Раҳматова ўйга толади. Мабодо, яқинларидан кимдир келгудек бўлса, меҳмон кутадиган уйнинг совуқлигини ўйлаб хавотирга тушади. Уни иситай деса, коммунал тўлов масаласида қўли калта.

Яқинда оғир хасталикка чалинган, ногиронлиги бўлган бу юртдошимизнинг ташвиши енгиллашди. Оиласига иситиш мавсумида газ ва электр энергияси тўловларини қоплаш учун 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

— Бу юмуш Президентимизнинг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида бажарилди, — дейди мазкур маҳалла ижтимоий ходими Нозима Олимова. — Қарорда 2025-2026 йил иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига бир миллион сўмдан бир марталик ёрдам ажратиш белгиланган. Ушбу мавсумда ҳудудимиздаги 106 та эҳтиёжманд, шунингдек, камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлган қатор оилаларга худди шундай кўмак берилди. Манзилли ёрдам манзилига етганидан маҳалла «еттилиги» ҳам хурсанд.

Нафиса Раҳматовага келсак, у жорий йилда «Камбағал оилалар реестри»га киритилган. Аёлнинг ҳаётини яхшилаш учун давлат, маҳалла ва ҳомийларнинг кўмаги билан бир қатор ишлар амалга оширилди. Чунончи, бола нафақасини расмийлаштиришда кўмаклашилди, дори-дармон харажатлари учун ҳомийлар томонидан моддий ёрдам берилди, кўкрак протези топширилди. Онкология диспансерида даволаниши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Шунингдек, ҳомийлик асосида тикув машинкаси ва «Аверло» ускунаси олиб берилди. Натижада аёл уйида тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди. Таъкидланганидек, коммунал тўлов масаласида ҳам ёрдам берилгани доимий даволанишга муҳтож бу ҳамюртимиз учун айни муддао бўлди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер