Маънавият уммонидан саккизта ноёб марварид
Фото: “Халқ сўзи”
Адабиётимизнинг улкан вакилларидан бири, атоқли адабиётшунос олим, моҳир адиб ва таржимон, жонкуяр публицист Иброҳим Ғафуров тимсолида мен бутун онгли ҳаётини миллий маънавиятимиз равнақига бағишлаб келаётган фидойи шахс, ҳалол ва камтарин инсонни кўраман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Яқинда нишонланган Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги байрамига янги ва ранг-баранг, моддий, маънавий, маърифий туҳфалар жуда кўп бўлди. Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли олим ва адиб, адабиётшунос, моҳир таржимон Иброҳим Ғафуровнинг «Асарлар/Адабиёт дунёси: саккиз жилдлик тўплами» шулар жумласидан.
Мутолаа
Таниқли адабиётшунос нақд ярим асрдан бери ўзбек адабиёти жараёнларини теран таҳлил, тадқиқ ва талқин этиб келади. Бадииятда ҳаққонийлик ҳамда инсонийлик, адолат ва миллий ўзига хослик, илмийлик ҳамда холислик принципларининг намоён бўлиши ҳолатларини кузатади.
Шу маънода, устознинг маънавият уммонидан ноёб марваридлардек ушбу саккизта китоби қўлига етиб борган ҳар бир ўзбек китобхони кўнглидан, даставвал, Юртбошимизнинг қуйидаги эътирофи кечган бўлса ажаб эмас: «Иброҳим Ғафуров ўзининг беқиёс ижодий ва ижтимоий фаолияти билан эл-юртимизга жуда катта хизмат қилган улуғ замондошимиздир. Ишонаманки, у киши бундан кейин ҳам ўзининг янги-янги, гўзал ва баркамол асарлари билан барчамизни, бутун халқимизни хушнуд этади».
Беҳаловат сўз заргари
Устоз Иброҳим Ғафуров ҳақида сўз борганда, Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан фахрий унвонлар, орден ва медалларга сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимизга Кўксаройда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтганини мароқ ва ифтихор билан эслайман.
Давлатимиз раҳбари ўшанда таниқли адабиётшунос олим ва моҳир таржимон, машҳур адиб ва меҳрибон мураббий Иброҳим Ғафуровга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони гувоҳномаси ва «Олтин юлдуз» медалини шахсан тақдим этар экан, жумладан, шундай деди:
— Мен Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов билан дўст эдим. Абдулла Орипов билан Зомин мактабини ташкил қилган эдик. Эркин аканинг бир гаплари бўлар эди: «Агар ўзбек тилининг буюклигини билишни хоҳласанг, Иброҳимжондан сўраш керак», дерди. Иброҳим ака миллий адабиётимизнинг ана шундай забардаст намояндаси.
Бу юксак эътироф Иброҳим ака асарлари саккиз жилдлигининг биринчи жилди илк саҳифаларида ҳам акс этган. Китобга «Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ҳақидаги фикрлари» номли кириш сўзи берилганининг ўзиёқ ушбу янги нашр моҳияти ва аҳамияти янги Ўзбекистон ғоясига мутаносиб равишда нечоғли салмоқдор эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Бинобарин, сўнгги йилларда Миллат Сардори раҳнамолигида Ўзбекистон давлати ва ўзбек халқи ҳаётнинг турли соҳаларида эришган улкан ютуқларда Иброҳим Ғафуровнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бор. Устоз бу ҳақда мақтанишни истамайди, холос. Чунки Иброҳим ака бутун ҳаёти меҳнат ичида ўтган эл-юртнинг фидойи бир зиёлиси, камтарин ва ҳалол инсон. Барча устозлари каби миллий маънавият ва маърифат равнақи йўлида тиним билмай изланади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, «Иброҳим Ғафуров бутун ҳаёти давомида худди Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби беҳаловат яшаб, илму ижод қилиб келаётган нозиктаъб сўз заргаридир».
Авваламбор, Иброҳим ака «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Миллий тикланиш» газеталарида ишлаган кезларида ушбу даврий нашрларнинг равон тили, мақбул сифати ва юксак савиясидан газетхон сифатида ҳамиша кўнглим тўлган. Устоз турли нашриётларда хизмат қилганларида ҳам китобсевар халқимизга юксак савияли адабий-бадиий асарлар тақдим этишга интилиб келган.
Эътиборли жиҳати, худди шу даврда устоз нафақат ижодий, балки илмий соҳада ҳам пешқадамлик кўрсатади. Яъни 1973 йили «Мақсуд Шайхзода лирикаси» мавзуида Салоҳиддин Мамажонов раҳбарлигида филология фанлари номзоди илмий даражаси учун диссертация ёқлайди.
Камина Иброҳим Ғафуровнинг илмий-ижодий ва бадиий муҳаррирлик фаолияти билан ёшлигимдан, салкам эллик йилдан буён яхши таниш бўлсамда, ўзаро яқин муносабатларимиз Олий Мажлис депутатлари сифатида 1999 — 2008 йиллардаги қонун ижодкорлиги жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Иброҳим ака билан ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида битта бинода, ёндош иш кабинетларида қонун ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланганимиз менга фахр-ифтихор бағишлайди.
Ўша даврда Иброҳим ака мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида улкан хизмат қилди. Айниқса, қонунларимизнинг тили равон, ифода услуби аниқ ва тушунарли бўлишини таъминлашда ўзининг чуқур, қамровдор билими ва катта амалий тажрибаси билан муносиб ҳисса қўшди.
Иброҳим Ғафуров нафақат давлат арбоби, балки жамоат арбоби сифатида ҳам жамиятимиз равнақида ўз инъикосини топган эзгу хизматлари билан фахрланса арзийди. Гап шундаки, Иброҳим ака «Миллий тикланиш» демократик партиясининг етакчиси сифатида ушбу сиёсий партиянинг шаклланиши, оёққа туриши, юксак ҳуқуқий мақомга — парламент партияси даражасига эришиши йўлида астойдил жонбозлик кўрсатди.
Иброҳим аканинг депутат, сиёсий етакчи, бош муҳаррир сифатида олиб борган самарали фаолияти, шубҳасиз, мени доим ҳайрон қолдирган. Айни чоғда шундай тиғиз ижтимоий-сиёсий кун тартибига қарамай, у киши адабиётшунослик, таржимонлик ва таржимашунослик соҳалари билан боғлиқ қизғин ижодий жараёнлардан ҳеч қачон узилиб қолмагани, аксинча, ҳамиша ўз асарлари билан адабу маърифат уммонининг дарғаларидан бири бўлиб келаётгани ҳайратимни янада оширади.
«Жозиба» — биринчи жилд
Иброҳим Ғафуровнинг «Асарлар/Адабиёт дунёси: саккиз жилдлик тўплами»нинг биринчи жилди «Жозиба» деб номланган. Ушбу китобдан устоз ўз адабий-танқидий фаолиятига киришган илк даврда — 1960 — 1970 йилларда ёзилган ва нашр этилган уч адабий-танқидий рисола жой олган.
Бу ўринда, аввало, Иброҳим аканинг адабиётшунос мақомидаги илк китоби — 1964 йилда чоп этилган «Гўзалликнинг олмос қирралари» рисоласи ҳақида сўз бормоқда. Рисолага муаллифнинг адабий ўйлар тарзида битилган 18 та мақоласи жамланган.
Муаллиф айни рисоласида адабиётнинг жозибаси, гўзаллик қирралари нималарда намоён бўлади, деган саволларга жавоб излаган. Бу адабий-таҳлилий жараёнда гоҳ Садриддин Айний ва Ғафур Ғулом каби ўзбек адабиёти намояндалари асарларига мурожаат этса, гоҳ жаҳон адабиёти ва санъати вакиллари — рус зиёлиларидан мусаввир Карл Брюллов, ёзувчи Леонид Леонов, театр режиссёри Константин Станиславский, журналист ва жамоат арбоби Владимир Короленко, шоир ва таржимон Валерий Брюсов, ёзувчи ва педагог Антон Макаренко, шунингдек, француз ёзувчилари Франсуаза Саган ва Жаннина Вормс, немис файласуфи Фридрих Нитше асарларига мурожаат қилган.
Кейинги рисола «Жозиба» деб номланган бўлиб, у 1970 йилда нашр этилган. Рисолага олимнинг 30 та адабий бадиаси киритилган. Ушбу бадиаларда ўша давр шеъриятининг муаммоли нуқталари ҳақида сўз юритилган. Адабиётшунос ўз адабий қарашларини илгари сурар экан, шахс ва муҳит ўртасидаги уйғунликка алоҳида эътибор қаратгани жуда муҳим.
«Жозиба» китобидан ўрин олган охирги рисола «Ўнар сўз» 1973 йилда нашрдан чиққан. Унда ўзбек шеърияти, насри ва жаҳон адабиётига доир 23 та адабий мақола берилган. Ўзбекистон ёшлар мукофоти билан тақдирланган ушбу рисолада муаллиф сўзларда инсон тафаккурининг алангаси бўлади, дея қабул қилади ва адабиёт дунёсидан мана шундай ёнар сўзни излайди.
«Юрак — аланга» — иккинчи жилд
Ушбу жилдда 1970 — 1980 йилларда ёзилган ва нашр этилган учта рисола жамланган. Бу ўринда Иброҳим аканинг «Ям-яшил дарахт», «Юрак — аланга», «Лириканинг юраги» номли адабий-танқидий рисолалари ҳақида сўз бормоқда.
Аввало, 1976 йили чоп қилинган «Ям-яшил дарахт» рисоласида мунаққид ўша давр ўзбек насрида акс этган замоннинг бурилиш нуқталарини тадқиқ қилади. Бунда Ойбек, Шароф Рашидов, Абдулла Қаҳҳор, Назир Сафаров, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков, Саид Аҳмад, Носир Фозилов, Машраб Бобоев каби таниқли ёзувчилар билан бир қаторда илк адабий машқлари эълон қилинган ёш носирлар асарларидаги адабий қаҳрамонлар дунё ёзувчиларининг машҳур асарлари образлари билан қиёсан ўрганилгани эътиборга сазовор.
Иброҳим Ғафуровнинг «Юрак — аланга» китоби даставвал 1976 йили нашр этилган. Бу асарда, шунингдек, «Ям-яшил дарахт» ва «Лириканинг юраги» рисолаларида ўзбек шеъриятидаги Ҳамза, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Зулфия, Ҳамид Ғулом, Миртемир, Мақсуд Шайхзодадан тортиб, токи ўша давр ёшлари — Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Жамол Камол, Ҳалима Худойбердиевагача бўлган бутун адабий авлодлар занжирининг адабий фаолияти ҳақидаги тасаввур ва тушунчалар тўлиқ ифодалаб берилган.
Илк бор 1982 йили нашрдан чиққан «Лириканинг юраги» рисоласида муаллиф ўша давр ёш шоирларини Превер, Лорка, Нозим Ҳикмат, Элюар, Ритсос, Блок, Зиедонис каби дунёга машҳур шоирлар билан ижодий беллашишга чорлайди. Мазкур асар шеъриятни, унинг тарихини — ғоялар ва қаҳрамонларнинг ўзгариш, ўсиш тарихи сифатида тадқиқ этилиши нуқтаи назаридан адабий жамоатчилик эътиборини қозонган.
«Шеърият — изланиш демак» — учинчи жилд
ХХ асрнинг 50 — 60 йилларидаги ўзбек шеъриятини жаҳон шеърияти билан қиёсан ўрганиш асносида Иброҳим ўафуров айни мавзуда келгусида кўплаб илмий-адабий тадқиқотлар учун кенг йўл очди, деб эътироф этади соҳа мутахассислари. «Шеърият — изланиш демак» деб номланган учинчи жилд устознинг худди шу мазмундаги икки китобидан иборат.
Айнан «Шеърият — изланиш демак» номли дастлабки китоб 1984 йили нашр этилган. Монография мақомидаги ушбу тадқиқотда ўзбек лирик шеърияти ва унинг тараққиёт омиллари биринчи марта чуқур илмий таҳлил қилинган ва миллий шеърий тафаккур янгиланишлари атрофлича ўрганилган.
Ўз навбатида, учинчи жилдга «Прозанинг шоири» китоби ҳам киритилган. Бу асар 1981 йили нашрдан чиққан ва унда Саид Аҳмад прозаси тадқиқ этилган. Ўзбек насрининг ушбу йирик намояндаси ижоди намуналари Антон Чехов, Эдгар По, Стефан Свейг, Проспер Мериме адабий оламлари билан қиёслангани ўша давр адабиёт мухлислари ва мутахассисларини бефарқ қолдирмаган.
«Дил эркинлиги» — тўртинчи жилд
Иброҳим Ғафуров ўз илмий-адабий фаолиятининг ўттиз йиллигини «Ўттиз йил изҳори» номли китоби билан кутиб олади. 1987 йили нашр этилган бу асар адабиёт мухлислари учун мутлақо янги муаллиф дунёларини очиб беради. Китобдаги адабий ўйлар ва мақолаларда Алишер Навоий сиймоси Иброҳим аканинг тадқиқотларида алоҳида бир катта тармоқ ҳисобланиши ёрқин намоён бўлган. Муаллиф китобхонни ҳазрат Навоий дунёларига содда, тиниқ, ҳиссий тушунтиришлар билан олиб киришга интилган.
Ушбу асар, олим ўз таъбири билан айтганда, адабиётшуносликни ўйшуносликка яқинлаштирди. Натижада «Дил эркинлиги», «Ҳаё — халоскор», «Мангу латофат», «Паривашлар мажлиси», «Олтин қозиқ», «Меҳр қуёши» номли мансуралар, эсселар, насрий достонлар дунё юзини кўришига йўл очилди. Ушбу китобларнинг айримларида мумтоз адабиётимизда одамийлик ва умуминсоний қадриятларнинг акс этиши чуқур тадқиқ қилинган бўлса, бошқа бирида адабий авлодларнинг майдонга кириб келиши, адабиётдан мустаҳкам ўрин олиши ҳақида кенг мушоҳада юритилган.
Хусусан, Иброҳим аканинг 1998 йили чоп этилган «Дил эркинлиги» номли китоби 1991 йилги «Илтижо» номли илк мансуралар китобининг изчил давоми. Ундан ўнлаб ҳикоя, мансура, бадиа ва адабий мақолалар ўрин олган.
Дарвоқе, «Ўттиз йил изҳори» ва «Дил эркинлиги» номли китоблар биргаликда Иброҳим Ғафуров саккиз жилдлик тўпламининг тўртинчи жилдини ташкил этган.
«Ҳаё — халоскор» — бешинчи жилд
Бешинчи жилддан муаллифнинг 2006 йили нашрдан чиққан «Ҳаё — халоскор» китоби жой олган. Бу асар, соҳа мутахассисларининг фикрича, тўрт китобдан иборат «Ҳаё — халоскор», «Мангу латофат», «Паривашлар мажлиси», «Олтин қозиқ» номли мансуралар, эсселар, насрий достонлар, адабий суҳбатлар кўпжилдлигининг биринчиси саналади.
Китоб муаллифнинг «Таржимаи ҳол чизгиси» номли кириш сўзи билан бошлангани мантиқан асосли. Зеро, истиқлол Иброҳим Ғафуровнинг ҳаёт ва ижод йўлидаги энг муҳим юксалиш босқичини бошлаб берди. Муаллиф таъкидлаганидек, «Адабиёт бизнинг жамиятимизда мустақиллик, эркинлик, миллатнинг тикланиши, қадриятларининг камол топиб боришига кўмаклашади. У миллатнинг ўз-ўзини билиш, англаш ва ҳиссий камол топишида жуда муҳим воситадир».
«Мангу латофат» — олтинчи жилд
Олтинчи жилдга муаллифнинг 2008 йили чоп этилган «Мангу латофат» китоби киритилган. Шуни таъкидлаш жоизки, Иброҳим ака «мангу латофат» деганда, инсонийликнинг «умуртқаси» бўлган ҳаё ва ахлоқни назарда тутади.
Китоб «Миллатнинг биллурланиши», «Адиблар гулшани», «Ахлоқни соғиниш. Ҳаё — халоскор» мавзуидаги учта йирик қисмдан иборат. Ўнлаб мансура, эссе, насрий достон ва адабий суҳбатларда миллатнинг туғилиши, шаклланиши, миллий онгнинг уйғонишига доир кузатишлар акс этган. Адибнинг ана шу самимий қалб изҳорлари, шубҳасиз, китобхонни фикр ва фаолият дунёларига ошно қилади.
«Паривашлар мажлиси» — еттинчи жилд
Иброҳим аканинг айни номдаги китоби дастлаб 2013 йили нашрдан чиққан. У икки қисмдан иборат: «Паривашлар мажлиси» номли биринчи қисм мансуралардан иборат бўлса, «Ёр акси» номли иккинчи қисм бадиалардан ташкил топган бўлиб, уларда ўзбек ва жаҳон адабиёти намояндалари ҳақида сўз боради. Ушбу китобни Иброҳим Ғафуров бетакрор услуби ва тафаккур мавжининг ўзига хос илмий-бадиий кўзгуси, дейиш мумкин. Шу маънода, еттинчи жилдни «Паривашлар мажлиси» номли китоб ташкил этгани бежиз эмас.
«Олтин қозиқ» — саккизинчи жилд
Саккизинчи жилд муаллифнинг 2013 йили чоп этилган «Олтин қозиқ» номли китобидан иборат. Унда фикрга тўйинган мансуралар, эсселар, ҳаёт, адабиёт, китоб ҳамда китобхонлик борасидаги адабий ўйлар, суҳбатлар, ўзбек шеърияти, насри, жаҳон адабиётига доир адабий мақолалар ўз мужассамини топган.
Устоз Иброҳим ака «иқрааа» илоҳий пайғоми асосидаги «ўқи» сўзини коинотда инсониятга йўл кўрсатиб тургувчи «Олтин қозиқ», яъни Қутб юлдузига ўхшатади. Шу нуқтаи назардан, муаллиф ўз китобхонларига: «тўғри йўл табиатдан, табиатнинг Олтин қозиғидан чиқади. Аввало, одамлар, фикримизни тўғрилаб олайлик, истеъдодлар соҳаларга айлансин, ҳар бир одам бир фойдали ихтисос эгаси бўлсин, одамзодга фойда етказсин», дея хитоб қилади.
Кутилажак яна 12 та жилднинг хушхабари
Саккиз жилдлик тўпламнинг биринчи жилдидаги сўзбошидан устоз қаламига мансуб яна 12 жилд нашрга тайёрланаётгани хабарини ўқиб, ниҳоятда мамнун бўлдим. Маълум қилишларича, Иброҳим ака асарларининг 9-жилди таржима танқидига оид 2008 йили чиққан «Таржима — ақл ва юрак меҳнати» рисоласи ҳамда 2017 йили нашр этилган «Айюб нидоси» номли таржима асаридан иборат бўлади.
Шунингдек, 10 — 20-жилдларга Иброҳим Ғафуров таржима асарлари ҳисобидан тартиб берилади. Бу ўринда, албатта, моҳир таржимонимизнинг энг қадимги даврдан то ХХ аср охиригача яратилган жаҳон адабиёти энг сара намуналаридан қилган таржималари ҳақида сўз бормоқда.
Таржима — маърифат қўнғироғи, дейдилар. Ростдан ҳам, таржиманинг маърифат тарқатиш борасидаги аҳамияти беқиёсдир. Таржима, аввало, турли тильда сўзлашувчи халқларни яқинлаштиришга, бир-биридан ўрганишга, уларнинг дўстлиги ва ҳамкорлигига хизмат қилади.
Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг нодир асарлари — Э. Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» қиссаси ҳамда «Алвидо, қурол» романини, Г. Маркеснинг «Бузрукнинг кузи», Ж. Жойснинг «Улисс», Нозим Ҳикматнинг «Сурур» романларини ўзбек тилига ўгирганини алоҳида қайд этиш лозим. Шунингдек, Чингиз Айтматов қаламига мансуб «Қиёмат» («Кунда»), «Қулаётган тоғлар» романлари ва «Чингизхоннинг оқ булути» қиссаси Иброҳим аканинг таржимасида миллий адабиётимиз хазинасидан жой олди.
Олим «Панчатантра» номли беш достондан иборат ҳинд эпоси ва Конфуций ҳикматларини, Ф. Нитшенинг «Зардўшт таваллоси» насрий достонини, Сартр, Фолкнер, Эдгар По, В. Распутин, А. Солженитсин каби жаҳон адабиёти намояндалари қаламига мансуб қисса ва ҳикояларни ҳам мароқ билан она тилимизга ўгириб, ўзбек китобхонларига туҳфа этди.
Олис тарих шундан далолат берадики, Шарқ халқлари адабиётида бадиий маҳорат даражасининг юксаклиги, одатда, ижодкорнинг хамсачилик, яъни «Хамса» ёзиш билан боғлиқ достоннавислик анъанасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси асосида баҳоланган. Ғарбда, хусусан, насронийлик дунёсида эса ёзувчи ижодининг забардастлигини белгилашда «Беш буюк китоб» («Библия»нинг дастлабки бешта китоби мисолида) тамойилидан келиб чиқилади.
Шу маънода, Фёдор Достоевский «Беш буюк китоб» — «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз» (бошқа рўйхатларда — «Ўсмир»), «Иблислар» ва «Ака-ука Карамазовлар» романларини яратган иқтидорли муаллиф сифатида нафақат рус адабиёти, балки жаҳон адабиётида ўз юксак ўрни ҳамда мавқеига эга ёзувчи ҳисобланади.
Ф. Достоевскийнинг «Беш буюк китоб» туркумига кирган машҳур романларининг барчаси биринчи бўлиб немис тилига ўгирилиб, кейин Европанинг бошқа тилларига таржима қилинган. Аммо бу туркум Вилгелм Волфсон ёки бошқа немис таржимонлари томонидан ҳам ҳалигача тўлиқ таржима қилинмаган.
Бу юксак маррани биринчи бўлиб забт этиш француз таржимони Андре Марковичга насиб қилган. А. Маркович ўн йилдан кўпроқ вақт оралиғида — 1991 — 2002 йилларда Достоевскийнинг «Беш буюк китоб» туркумига кирган машҳур романларини француз тилига тўлиқ ўгирган.
Ўзбекистон вакили — Иброҳим Ғафуров Фёдор Достоевский қаламига мансуб «Беш буюк китоб» таркибига кирган романларнинг барчасини тўлиқ таржима қилишга мушарраф бўлган дунёдаги иккинчи солиҳ таржимондир.
Шу билан бирга, Иброҳим ака нафақат машҳур адабиётшунос, публицист ҳамда таржимон, балки етук ва зукко таржимашунос ҳамдир. Олимнинг 2008 йилда «Таржимонлик мутахассислигига кириш» ўқув қўлланмаси ва 2012 йилда ҳаммуаллифликда «Таржима назарияси» дарслиги нашр этилган. Бу асарлар мамлакатимиз олий ўқув юртларининг таржимонлик факультетлари талабаларига мўлжалланган бўлиб, ўқув жараёнида қўл келаётгани таҳсинга лойиқ.
Мухтасар айтганда, Иброҳим Ғафуров асарларининг қўлимизга етиб келган саккиз жилди ҳам, барча адабиётсевар мухлислар энди интиқлик билан кутадиган яна 12 та жилд ҳам ўзбек адабиёти, жаҳон адабиёти, таржима санъатига қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун беҳад ардоқли маънавий-маърифий туҳфадир. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, Иброҳим ака «ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, бир умр одамларга илму зиё, маърифат улашиб келаётган ҳассос сўз санъаткоридир».
Акмал САИДОВ,
академик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг