Маъмурий жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлмаслиги белгиланмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида «Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш механизмлари янада такомиллаштирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ижро жараёнларини амалга оширишда аҳолига кенг қулайликлар яратилмоқда.
Амалга оширилган ишларга қарамасдан, ижро ҳужжатларини ижросини таъминлашда айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги, ушбу соҳада тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Хусусан, ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Сенаторлар, агар қарздор томонидан тўланиши лозим бўлган қарздорлик суммаси жариманинг энг кам миқдоридан ҳам кам бўлган бўлсада, қарздорликка нисбатан юқори миқдордаги жарима тайинланиши ижтимоий адолат принципларининг бузилишига, бу эса қарздорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлигига ҳамда мазкур ҳолат табиий равишда фуқароларнинг тўлов қобилиятига салбий таъсир кўрсатаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилиб, бу бартараф этилмоқда.
Хусусан, қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига, ижро ҳужжатини ижро этмаганлиги учун қарздорга нисбатан адолатли жарима тайинланишига, Мажбурий ижро бюроси тизимида суиистеъмолчиликларнинг ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олди олинишига, шунингдек, назорат кучайтирилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг