Малиначилик маҳалла драйверига айланади
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/“Халқ сўзи”. Жомбой туманида йиллар давомида анъанавий деҳқончилик экинлари парваришланган бўлса, бугунги кунда янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Броколли карами, соя, гулкарам, лук пари, малина шулар жумласидандир.
Айниқса, малина етиштириш жомбойликлар учун сердаромад юмушлардан бирига айланди, десак, муболаға бўлмайди.
— Маҳалламиз малиначилик драйвер сифатида белгиланган, — дейди “Найман” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санжар Каримов. — Уч йилдан буён ҳоким ёрдамчиси билан бирга аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боряпмиз. Ҳозир 200 дан зиёд хонадон малина етиштириш билан шуғулланади ва уларнинг сафи йил сайин кўпайиб бормоқда.
Маҳаллада малиначилик кенг ёйилишига Ўткир Абдуллаев оиласи сабабчи бўлган. У дастлаб томорқасидаги 3-4 сотих ерда малина етиштириб, бу ишнинг ҳадисини олгач, ўзи ва оила аъзолари учун ижарага ер олиб, 3 гектар майдонда малиназор ташкил этган.
— Дарҳақиқат, ҳовлимизда, томорқамизда 200 дона кўчат экиш билан ишни бошлаганмиз. Секин-аста кўпайтириб, гектарга айлантирдик, — дейди Ў.Абдуллаев. — Авваллари бизда ҳеч ким малина кўчатини экмаган. Бундан ўн йилча олдин Жанубий Корея, Россия давлатларига бориб ишлаш жараёнида шу экин парвариши билан қизиқиб, кейин уни ҳовлимизда экиб кўрдим.
Малина кўп сув талаб қиладиган экин, ҳар уч кунда суғориб туриш, ҳаво ҳарорати ҳам жуда иссиқ бўлмаслиги керак. Бизнинг ерларимиз Зарафшон дарёси ва Мирзаариққа яқин бўлгани учун малина етиштиришга қулай экан. Яхши ҳосил беради. Биринчи йили гектаридан 1 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Тўртинчи йилдан эса 8-10 тоннагача етади. Ўрта ҳисобда 200 миллион сўм соф даромад олинса, шунинг 30 фоизи ишчиларга берилади, чунки мавсум давомида 35-40 нафар аёл малина теради. Умуман, бир гектар малинаси бор деҳқон 15-20 кишини иш билан таъминлайди. Июндан декабрга қадар малина териш мумкин.
Бугун Найман маҳалласида малина парваришлаётган оилалар кўп. Ҳатто шу йўналишда деҳқон хўжаликлари ташкил этилиб, малина плантацияси яратилган.
— Ҳозир маҳалламизда 200 га яқин хонадан малиначилик билан шуғулланяпти, — дейди Ў.Абдуллаев. — Улардан қарийб 100 тасига ўзим кўчат берганман. Мен дастлаб малина етиштирганимда “ким олади буни, ҳеч ким емайдику” деганлар ҳам бўлди. Тўғри, илгари малинани асосан шаҳарда бошқа миллат вакиллари харид қиларди. Мана, энди ўзимизнинг халқимиз ҳам малинанинг фойдали, шифобахш неъмат эканлигини англади. Муҳими, маҳсулотга харидор изламаймиз. Маҳалламиздан келиб олиб кетишади. Айни пайтда Самарқанддан ташқари, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятларидан харидорларимиз бор, Тошкентга ҳам етказиб берамиз.
Малиначиликнинг яна бир фойдали жиҳати — кўчат етиштириб сотиш. Малина уруғидан ёки қаламчасидан кўпайтирилмайди, ёнидан ўсиб чиқади. Ҳар йили уларни олиб, кўчат сифатида сотамиз. Бу ҳам ҳеч қандай ортиқча харажат, меҳнат талаб қилмайди. Фақатгина февраль ойида, малина уйғонишидан олдин кўчатни ковлаб олиб, сотиш керак. Бошқа пайтда ҳам кўчатни олиш, экиш мумкин. Лекин кўчатларнинг барчаси амал олиши қийин. Февралда эса барча кўчатлар тўлиқ кўкаришига амин бўлганмиз.
Малина шохларини қанча сийрак қилиб қолдирсангиз шунча кўп ҳосил оласиз. Энг муҳими, малина кўчати экилган йилидаёқ ҳосилга кириб, харажатларингизни қоплайди, даромад ҳам беради. Қишлоғимиздан бир қўшнимиз шу йил бошида мендан 22 миллион сўмга кўчат сотиб олиб, малиназор яратганди. Айтишича, шу пайтгача 30 миллион сўмлик маҳсулот сотибди.
Бирники мингга, мингники туманга, деган гап бор халқимизда. Найманда Ўткир Абдуллаев бошлаган малиначилик бугун бутун маҳалла аҳлининг асосий даромад манбаига айланди.
— Маҳаллаларда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилганда биз малиначиликни танлаганмиз, — дейди Найман маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ёрқин Мардонқулов. — Чунки 200 дан ортиқ хонадонда малина парваришланади ва бир сотихдан 4-5 миллион сўм даромад қилинади. Ҳар бир хўжаликда ўртача 5-6 сотихдан томорқа борлигини ҳисобга олсак, шу ердан бир йилда 25-30 миллион сўмгача даромад қилиш мумкин. Меҳнати унчалик оғир эмас, харажат талаб қилмайди.
2026 йилга бориб Найман маҳалласини тўлиқ малиначиликка ихтисослаштириш режалаштирилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг