Малайзия компанияси Ўзбекистонда уй хўжалиги буюмларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда

22:45 04 Октябр 2023 Жамият
391 0

Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси ходимлари Малайзиянинг “Evershine Group of Companies” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Жун Лю Хор билан учрашув ўтказишди.

Мулоқот аввалида “Evershine Group of Companies”нинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишиш жараёнида компания вакиллари корхона томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва уларнинг экспорт бозорлари тўғрисида тақдимот ўтказишди.

Ўзбекистон дипломатлари, ўз навбатида, Малайзия томонига 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида батафсил маълумот бердилар.

Тадбир давомида хориж томони билан мамлакатимизда зангламайдиган пўлатдан кенг турдаги уй хўжалиги буюмларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Музокаралар натижасида “Evershine Group of Companies” компанияси вакиллари ва мамлакатимизнинг салоҳиятли тадбиркорлари ўртасида жорий йилнинг октябрь ойида онлайн учрашув ўтказиш ҳамда унинг натижаларига кўра хориж томонининг мамлакатимизга сафарини ташкил этишга келишиб олинди.

“Evershine Group of Companies” компанияси 1991 йилда ташкил этилган. Компаниянинг асосий фаолият тури зангламайдиган пўлатдан уй хўжалиги буюмлари ва қурилиш соҳасида фойдаланиладиган турли шаклдаги панжаралар, ўриндиқлар, декоратив шакллар ясашга ихтисослашган. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар АҚШ, Австралия, БАА ва Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?