Мактаб битирувчилари фриланс бозорига тайёрланади

15:48 26 Май 2020 Иқтисодиёт
948 0

Хабарингиз бор 21 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига сафари чоғида вилоят марказида ташкил этилган Digital City номли технопарк билан танишди.

Яқиндагина 5,6 гектар майдонда қуриб битказилган ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган. Ҳозирда бу ерга туманлардан 328 мутахассис жалб этилган.

Технопаркда маҳаллий ёшлар, тадбиркорлар, янги ҳунар ўрганиш истагида бўлган фуқаролар учун кенг қулайликлар яратилган. Жумладан, коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес инкубатор, медиа марказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.

Туманларда ахборот технологиялари бўйича бошланғич ўқув курслари бўлади. Улардан танлаб олинган ёшлар Digital Cityда интенсив равишда инглиз тилига ўқитилиб, IT хизматлар кўрсатишга тайёрланади. Технопаркдаги 76 нафар тингловчига мўлжалланган залда йил мобайнида 2 мингдан ортиқ кишини ўқитиш мумкин.

Мажмуада ёшлар бандлиги таъминланади, мактаб битирувчилари фриланс бозорига тайёрланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг 22 май куни “Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорда республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этилиши кўзда тутилган. Ҳудудларда ёшларнинг интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини ошириш технопарклар фаолиятининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигидаги ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс ҳисобланади. Технопарклар фаолияти вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан мувофиқлаштирилади.

Технопарклар бино ва иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Технопарк директори тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларининг тавсиясига асосан инновацион ривожланиш вазири томонидан лавозимга тайинланади.

Қарор билан 2020-2023 йилларда республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини босқичма-босқич ташкил этиш режа-жадвали ҳам тасдиқланди.

Камола Абдувалиева,
“Миллий тикланиш” демократик партияси
Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?