Маҳалланинг франциялик бувижониси

15:03 01 Ноябрь 2023 Жамият
174 0

Фото: “Халқ сўзи”

Кўҳна Бухоронинг Жалол Икромий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қадимий кўчаларидан бирида “Helene Oasis” деган ёзувни кўриш мумкин. Шарқона услубда бунёд этилган бу ҳовлидан сайёҳлар, хусусан, Франциядан ташриф буюрадиган меҳмонларнинг қадами узилмайди. “Helene Oasis” масъулияти чекланган жамиятига қарашли бу меҳмонхона фаолияти франциялик Элен Пелос хоним томонидан йўлга қўйилган.

Мабодо, ҳовлининг қадимий эшигини чертиб, ичкарига кирар бўлсангиз, Элен хоним ўзбек тилида “Ассалому алейкум, хуш келибсиз”, дея халқимизга хос очиқ чеҳра билан қарши олади.

Элен Пелос Безансон шаҳридан. 30 йилдан зиёд вақт мобайнида консерваторияда талабаларга сабоқ берган. Нафақага чиққач, сайру саёҳатни одат қилган.

— Ўзбекистонга, жумладан, Бухорога 2006 йилда келдиму неча минг йиллик тарихга эга, самимий одамлар, айниқса, ёшлар билан гавжум қадимий шаҳарга ипсиз боғланиб қолдим, — дейди у ҳар гал қизиқувчан юртдошларимизга. — Бу кўҳна шаҳар мени ўзига оҳанрабодек ўзига тортди – қўйди. Орадан икки йил ўтгач, жамғармамнинг бир қисмига шу ердаги ҳовлилардан бирини харид қилиб, меҳмонхона очдим.

Меҳмонхона иш юритувчиси Лола Облоқулованинг билдиришича, Элен хоним ҳар йили икки бор Бухорога келиб, 3 – 4 ой мобайнида шу ерда истиқомат қилади. Қўни–қўшнилар билан суҳбатлашади. Миллий мусиқа санъатимиз ҳамда шарқона таомларимиз ҳақида гурунглашишни хуш кўради. Қурбон ҳайитида жонлиқ сўйиб, маҳалладошларга ҳайитлик улашганига нима дейсиз?

Етмиш ёшни қоралаб қўйган Элен хоним қўни–қўшнилар учун аллақачон маҳалланинг бувижонисига айланган.

Биз юқорида ўзбек – француз халқлари ҳамкорлиги, дўстлигига оид кичик бир далилни келтирдик. Ваҳоланки, икки давлат ўртасидаги алоқалар қамрови жуда кенг. Дейлик, юртимиз таълим муассасаларида француз тилини ўқитиш борасида бой тажриба тўпланган. Шу ўринда биргина Ғиждувон туманидаги 62–ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини мисол тариқасида келтириш мумкин. Француз тилини чуқур ўргатиш борасидаги ютуқларидан келиб чиқиб, бу билим даргоҳига “Франциянинг Ўзбекистондаги мактаби”, дея таъриф беришади. Шу мактаб асосчиси, “Эл – юрт ҳурмати” ордени соҳиби марҳум Саид Раҳмонов француз тилига оид бир қатор дарсликлар ҳаммуаллифи саналади. Заҳматкаш ўқитувчи Франциянинг 1808 йилда таъсис этилган “Палм – академик” ордени билан тақдирланган. Дарвоқе, Бухоро билан биродарлашганлар қаторида Франциянинг қадимий кентларидан бири Рюей – Малмезон шаҳри ҳам бор.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер