Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш борасидаги ишлар парламент назоратида

12:21 28 Декабрь 2022 Сиёсат
1039 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича белгиланган лойиҳалар юзасидан парламент назорати доирасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш масалалари бўйича ҳудудларда сенаторлар томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Таъкидланганидек, 2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича (Президентнинг 2022 йил 25 октябрдаги ПҚ–408-сонли қарори) 5 284 та маҳалладаги 6 007 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 7 трлн сўмдан ортиқ маблағ режалаштирилган бўлиб, шундан 2,7 трлн сўм жорий йилда ажратилиши кўзда тутилган.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган 6 007 та объект бўйича аксарият лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилган, шунингдек, қурилиш-пудрат ташкилотларини аниқлаш юзасидан тендер (танлов) савдоларига эълон берилган.

Муҳокамалар давомида сенаторлар ҳудудларда олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди.

Хусусан, 2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурларини амалга ошириш юзасидан ҳудудий ишчи гуруҳлар раҳбарларига маҳаллалар кесимида алоҳида режа-жадвалларни тасдиқлаб долзарб муаммолар ҳал этилаётганлиги юзасидан аҳолига батафсил тушунтириш ва ташвиқот ишларини ташкил этиш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини тизимли ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, масъул идораларга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда лойиҳаларни пухта ва чуқур ўрганиш, дастурларга киритилган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати объектлари қурилиши учун ер ажратиш бўйича вилоят ҳокимлари қарорларининг қабул қилинишини тезлаштириш кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларнинг 2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни самарали ташкил этиш, йўл қўйилган хато-камчиликларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар бўйича ахбороти эшитилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер