Маҳаллада бирорта ишсиз қолмади

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд туманидаги Деҳнав маҳалласи томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасида катта тажрибага эга. Маҳалладаги 300 дан ортиқ оила томорқачилик билан шуғулланади. Йигирмадан зиёд иссиқхона бор. Шу сабабли маҳаллада бирорта ишсиз қолмади. Томорқачилар мавсум давомида биргина иссиқхонанинг ўзидан 65-80 миллион сўмгача даромад қилади. Ўзлари етиштирган маҳсулотларни ички бозордан ташқари экспортга ҳам чиқаради. Тадбиркорлар томонидан мева-сабзавотларни сақлаш учун музлаткичли омборхоналар ҳам қуриб берилган.
— Тасарруфимизда 13 сотих ер майдонимиз бор, — дейди тадбиркор Маъсуда Тошпўлатова. — Ўтган йилда 13 миллион сўм кредит олиб, 4 сотих майдонда иссиқхона ташкил этдик. Учта маҳалладошимиз доимий иш билан таъминланди. Кейинги фойдамиздан яна 2 сотих иссиқхона қурдик. Кооперация асосида уч томонлама тузилган шартномага биноан тадбиркорлар уруғни ўзлари келтириб беради. Биз фақат экиб парваришлаймиз. Тайёр маҳсулотни уйимиздан олиб кетишади. Йил давомида ердан даромад оламиз. Томорқачиларга кўмак сифатида субсидия асосида мотокултиватор берилгани меҳнатимизни янада енгиллаштирди.
Кўкатчилик маҳалланинг асосий драйверига айланган. Хонадонларда 300-400 тоннагача тузлама тайёрланиб, бозорга чиқарилади. Самарқандда 1 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилса, йил давомида яна шунча сайёҳ келади. Уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш устувор вазифа.
— «Сайхунобод» тажрибаси асосида ўтган йили 35 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, ушбу мақсадлар учун тижорат банкларининг 1 триллион 326 миллиард сўм имтиёзли кредитлари йўналтирилди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари котибият мудири Ривожиддин Махқулов. — Мазкур микролойиҳалар доирасида 13 мингта хизмат кўрсатиш, 4 мингта ишлаб чиқариш, 6 мингта тикувчилик корхоналари ишга туширилди. Аҳолига 528 минг бош парранда, 3 минг 200 дона асалари қутиси, 47 минг бош чорва моллари етказиб берилди.
Бугунги кунда аҳоли хонадонларида 1118 гектар майдонда 89 мингта ихчам иссиқхона ташкил этилди. Бу орқали томорқалардан уч-тўрт марта ҳосил олиш имконияти яратилди. Вилоятдаги 101 та оғир маҳаллага 303 миллиард сўм маблағ ажратилди. Жумладан, Нуробод туманидаги сув таъминоти жуда оғир бўлган Жом маҳалласида 6 километр сув тармоғини тортиш учун 1,2 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланди.
Юртимизда етиштириладиган картошканинг 25-30 фоизи Самарқанд ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда Булунғур, Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд ва Ургут туманларидаги 173 маҳалла картошкачиликка ихтисослашган. Картошкачиликда энг асосий муаммолардан бири уруғчилик бўлиб, бир йиллик картошка уруғига талаб 145 минг тонна, ҳар йили ўртача 8-10 минг тонна картошка уруғи импорт қилинади. Шу сабабли, Самарқанд Агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Корея ҳукуматининг 4,5 миллион доллар грант маблағи асосида «Картошка уруғчилиги маркази» ташкил этилиб «ин витро» усулида картошка уруғи етиштириш йўлга қўйилди. Ушбу марказда нафақат вилоят, балки республиканинг ҳам уруғлик картошкага бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имкони яратилди.
Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласи анжир етиштириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга. Маҳаллада 41 гектар ер майдонида анжир етиштирилмоқда. Каттақўрғон туманида ҳам 4-5 та маҳалла анор ва анжир етиштиришга ихтисослашган. Айни пайтда Чағатой маҳалласидаги 792 та хонадондан 282 таси, Болтабек маҳалласидаги 586 та хонадондан 480 таси анор етиштириш билан шуғулланади. Ердан, томорқадан яхши даромад олиш сари қўйилаётган бундай дадил қадамлар халқимиз даромадининг юқори, дастурхонининг тўкин бўлишига хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Таэквондочиларимиз клублар ўртасидаги Осиё чемпионатини 14 та медаль билан тугатишди
- Дуатлон: энг кучлилар маълум бўлди
- Самбо: вакилларимизнинг халқаро турнирдаги муваффақияти
- Ўзбекистонлик боксчилар Осиё чемпионатида 27 та медалга эга чиқди
- 2025 йилги FIDE Жаҳон рапид ва блиц чемпионати Қатарда ўтказилади
- Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг