Маданият – Янги Ўзбекистоннинг ўқтомири

Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон маданияти Марказий Осиё халқларининг кўп асрлик анъаналари ва турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ бой тарихга эга. Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган жонажон юртимиз ҳудудида кўплаб меъморий ёдгорликлар, қадимий қалъа ва қасрлар ҳамда фольклор элементлари жойлашган бўлиб, уларнинг аксарияти ҳозирда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари томонидан муҳофаза қилинмоқда. Юртимиз нафақат ўзининг моддий маданий мероси, балки номоддий маданий мероси билан ҳам дунё халқлари тамаддунига муносиб ҳисса қўшган.
Муҳтарам Президентимиз нутқларидан бирида қуйидагича қайд этган эди: «Халқимизнинг ривожланиш даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият бу – халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни, аввало, миллий маданиятимизни ривожлантиришдан бошлашимиз лозим».
Давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган мулоҳазасидан маълум бўладики, маданият миллатнинг жаҳон саҳнасидаги инъикосидир. Шу муносабат билан ҳам Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали мутлақо янгича кўринишга эга бўлди, Халқаро мақом фестивали, Халқаро бахшичилик фестивалларини ўтказиш анъана тусига кирди.
Маданият ва санъат, миллий мусиқа соҳаларида кадрларни тайёрлаш энг қуйи босқичдан олий таълимга қадар тизимли равишда йўлга қўйилди. Ҳудудларда мақом ва бахшичилик соҳаларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, профессионал таълим муассасалари ҳамда Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институтининг ташкил этилиши фикримизни яққол исботлайди.
Ёш ижодкорларни кашф этиш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш Янги Ўзбекистонимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун кўплаб республика ва халқаро миқёсда кўрик-танловлар, дўстлик учрашувлари ўтказилмоқда. Масалан, куни кеча институтимиз профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳрида ўтказилган
«И Турк дунёси ёшлар форуми»да муносиб иштирок этиши ёш мақомчи ва созандаларимизнинг дунё саҳнасида ҳам эътироф топаётганини ҳамда Президентимизнинг «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш ва соҳа вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги тарихий Фармони ижроси таъминланаётганини далиллайди.
Жадидчилик ҳаракатининг етук намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий «Театр – ибратхонадир» деб ҳақ гапни айтган. Театрда намойиш этилаётган саҳна асарлари томошабинга маълум маънода кўзгу тутиши сабаб унинг қадр-қиммати ниҳоятда юксакдир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил
26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида республикамизда фаолият юритаётган театрларни янада ривожлантириш борасидаги долзарб ислоҳотлар белгиланган ва ушбу топшириқлар ижроси натижасида айни вақтда театрларимиз ҳамда актёрларимиз халқимиз қалбининг тўридан жой олиб улгурди.
Маданият соҳасининг энг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланадиган музейлар фаолияти масаласига ҳам тўхталиб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ. Чунки тарихни англашда уни келажак авлодларга қолдиришда музейлар жуда ҳам катта аҳамиятга эга ҳисобланади. «2017 — 2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига мувофиқ, бугунги кунда музейларнинг нафақат моддий-техник базаси янгиланди, балки улардаги мазмун ҳам Янги Ўзбекистон сиёсатига мос, унинг ижобий имижини намойиш этиш даражасида янгиланди десак, муболаға бўлмайди.
Президентимиз жорий йилнинг 22 ноябрь куни маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, хусусан, театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда саҳна асарларини яратишда ижодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, драматургия ва режиссёрликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, театр драматурглари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларни таъсис этиш, «Нигоҳ» ижодий лойиҳасини йўлга қўйиш, миллий академик мусиқа санъати бўйича композиторлар танловини ўтказиш таклиф этилди.
Жорий йилнинг 22 ноябрь куни «Маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида»ги ПҚ-400 -сон Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 2025 йил 1 январдан бошлаб – 20 фоизга, 2025 йил 1 июлдан бошлаб – яна 15 фоизга оширилади. Бу биринчи навбатда, муҳтарам Президентимизнинг кўп минг сонли маданият ва санъат соҳаси ходимларига нисбатан ғамхўрлигидир. Биз соҳа вакиллари сифатида давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Президентимиз жорий йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Парламентига Мурожаатида:
«Бизнинг иккита ўқтомиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт, бири – маънавиятдир. Маънавий буюк халқ – иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади» деб таъкидлаган эди. Зотан, маданият ва санъат маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир.
Элдор Шерманов,
Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий
мусиқа санъати институти ректори в.в.б.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг