Маданий меросга менинг ҳиссам

11:37 13 Декабрь 2024 Жамият
181 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро давлат музей–қўриқхонасининг араб ёзувидаги қўлёзмалар бўлимида етти минг атрофида қўлёзма ва тошбосма асар, шунингдек, тарихий ҳужжат ва хаттотлик намуналари бор. Яқинда улар қаторига шаҳардаги Жўйбори Калон мадрасаси мударрисалари ҳамда Қуръони Карим ва тажвид ўқув курси қатнашчилари томонидан туҳфа этилган бир неча асар қўшилди.

“Маданий меросга менинг ҳиссам” акцияси доирасида беғараз топширилган бу китобларнинг ҳар бири қадрли. Улар орасида “Ҳошиятул Исом алал Жомий” асари ҳам бор. У кейинги давр олимларидан Мавлоно Исомиддин қаламига мансуб ҳошия, яъни шарҳнинг шарҳидир.

— Ушбу асар илк бор IХ асрда яшаб ижод этган хоразмлик олим, шарқу ғарбда таниқли бўлган Шайх Ибн Ҳожиб раҳматуллоҳи алайҳи томонидан “Кофия” номи билан ёзилган, — дейди музей- қўриқхона қўлёзмалар бўлими раҳбари Аҳтам Аҳмедов. — Китоб араб тили грамматикасига оид. Абдураҳмон Жомий яшаган даврда унинг ўғли таҳсил оладиган мадрасада ҳам шу асардан сабоқ берилган. Фарзандининг “Кофия”ни ўқиб тушунмаётганини кўрган Абдураҳмон Жомий келажаги хусусида қайғуриб, оталик меҳри билан асарга шарҳ сифатида “Фавоиди вофия би-ҳалли мушкилот ал-кофия” (“Кофия” асаридаги қийинчиликлар-муаммоларни ечишда қўл келадиган фойдали китоб”)ни ёзади. Унинг иккинчи номи “Шарҳи Мулло Жомий” деб номланади. Бу китоб кўп йиллар давомида Марказий Осиё мадрасаларида ўқитилиб келинган. Ҳозиргача грамматикага оид эътиборли асар саналади.

Шу нуқтаи назардан шарҳга шарҳ тариқасида битилган “Ҳошиятул Исом алал Жомий” ҳам алоҳида қимматга эга. Китоб тошбосма нусхаси Туркияда 1909 йилда чоп этилган.

Яқинда “Маданий меросга менинг ҳиссам” акциясида фаол қатнашганларнинг бир гуруҳи музей–қўриқхона томонидан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?