Лондондаги Украина бўйича музокараларнинг бекор бўлиш сабаби очиқланди

18:47 23 Апрель 2025 Дунё
185 0

Архив фото

Бугун, 23 апрель куни Лондонда ўтказилиши режалаштирилган Украина бўйича юқори даражадаги музокаралар бекор бўлди. «The Washington Post» газетаси вазиятдан хабардор расмийга таяниб бунинг сабабини очиқлади. Манбада айтилишича, музокаралар Киевнинг «аввал тўлиқ ўт очишни тўхтатиш бўйича, кейин эса ҳамма нарсани муҳокама қилиш» истаги туфайли барбод бўлган.

«Бундан ташқари, Украина АҚШнинг Россиянинг ҳудудлар устидан назоратини тан олиш ҳақидаги таклифини қабул қилишдан бош тортди, бу эса Вашингтонни ғазаблантирди», деган манба нашрга. Аввалроқ, «The Wall Street Journal» Вашингтон Қримни Россияга қарашли деб тан олишни таклиф қилмоқчи эканлигини хабар қилган эди.

Украина президенти Владимир Зеленский кеча ярим оролнинг Россия ҳудуди сифатида қонуний тан олинишини рад этган. Шу фонда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, шунингдек, музокараларда иштирок этаётган АҚШ президенти махсус вакили Стив Уиткофф Лондонга ташрифини бекор қилган.

Кейинроқ Лондонда ташқи ишлар идоралари раҳбарлари даражасидаги музокаралар бекор бўлган. Унда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми ўз ҳамкасбларини қабул қилиши керак эди. Ушбу масаладан хабардор Буюк Британия дипломатининг айтишича, энди унинг ўрнига қуйи даражадаги учрашувлар ўтказилади.

«Биз Рубионинг твитига асосланиб, Лондондаги учрашув тез орада бўлиб ўтиши мумкинлигига умид қиламиз, бироқ Уиткофф, Франция ва Германия ташқи ишлар вазирларисиз ташқи ишлар вазирининг раислик қилиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ», — деган манба.

Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги Лондондаги музокаралар формати ўзгарганини тасдиқлади.

«The Washington Post» хабарига кўра, Рубио ташрифини бекор қилгач ҳам, Украина делегацияси Лондон томон ҳаракатни давом эттирган. Украина президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ермак етиб келгач, мудофаа вазири Рустем Умеров ва ташқи ишлар вазири Андрий Сибиха бўлган делегация «нима бўлишидан қатъий назар» келишув устида ишлашни давом эттиришга тайёрлигини айтган.

«Биз кенг қамровли келишув ва адолатли ва мустаҳкам тинчлик йўлидаги биринчи қадам сифатида тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатишга эришиш йўлларини муҳокама қиламиз», — деган Ермак.

Ўз навбатида, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, агар таклифларига ижобий жавоб олмаса, Вашингтон музокаралар жараёнидан чиқиб кетиши билан таҳдид қилди.

“Биз ҳар икки томон – Россия ва Украинага жуда аниқ таклифни илгари сурдик ва улар ё «ҳа» дейишлари ёки АҚШнинг бу жараёндан чиқиши вақти келди”, — дейди у.

Кремль музокараларнинг бекор қилинишига АҚШ ва Украина вакилларининг айрим келишув масалалари бўйича консенсусга эриша олмагани сабаб бўлганини тан олди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Вэнснинг АҚШнинг музокаралардан эҳтимолий чиқиши ҳақидаги сўзларини ультиматум деб ҳисоблашдан бош тортди. Унинг сўзларига кўра, Москва тинчлик жараёни бўйича Вашингтон билан алоқаларни давом эттирмоқда, Европа ёки Украина билан алоқалар йўқ, гарчи Россия уларга очиқ.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, ўз навбатида, Москва ва Вашингтон ўртасидаги музокараларнинг янги босқичини эълон қилди. Уиткофф шу ҳафта Россияга яна ташриф буюриши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?