Латвиянинг «Olainfarm» фармацевтика компанияси Ўзбекистонда ўз филиалини очишни режалаштирмоқда

13:18 12 Май 2024 Жамият
456 0

Ўзбекистон элчиси Тимур Раҳмонов Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов билан биргаликда Латвиянинг йирик фармацевтика компанияси – «Olainfarm» директорлар кенгаши аъзоси, Марказий Осиёдаги савдо офиси раҳбари Александр Мелнис билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва «Olainfarm» ўртасидаги сармоявий ва технологик ҳамкорлик масалалари ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштирган ҳолда қўшма ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Александр Мелнис Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни ижобий баҳолади. У, шунингдек, «Olainfarm» компаниясининг Ўзбекистондаги узоқ муддатли иштирокини кенгайтириш истиқболларига ишонч билан қарашини таъкидлаб ўтди.

Латвия томони маълум қилганидек, «Olainfarm» компанияси Ўзбекистонда юқори сифатга эга ампулали маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масаласини ўрганмоқда.

«Olainfarm» компанияси 1972 йилда Латвиянинг Олайне шаҳрида ташкил этилган бўлиб, Болтиқбўйи мамлакатларидаги энг йирик фармацевтика компанияси ҳисобланади. Компаниянинг йиллик айланмаси 124 миллион евродан ошади. Маҳсулотлар ассортименти 60 та тайёр дозалаш шакллари, 25 та фаол фармацевтик ингредиентлар ва 20 дан ортиқ оралиқ маҳсулотларни ўз ичига олади. Корхона маҳсулотлари 60 та давлатга экспорт қилинади. 2011 йилдан бери Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) силга қарши дори-дармонлар етказиб беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?