Лайлаклар қаерда?

17:56 21 Август 2024 Жамият
553 0

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». «Тошкент — Термиз» автойўлининг Чиноз ҳамда Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин туманларидан ўтган қисмидаги симёғочларга қурилган уялар ва уларнинг эгалари бўлмиш лайлаклар ўтган-кетган борки, ҳамманинг эътиборини тортади. Табиатнинг бу ажойиб манзарасини атайин бир зумга тўхтаб томоша қиладиган, суратга оладиганлар ҳам кўп учрайди. Айниқса, у хорижий сайёҳларда ғаройиб экзотик таассурот қолдираётгани эътиборли.

Нега кундузи уялар бўм-бўш?

Аммо негадир ҳар ёзда, айниқса, саратонда лайлаклар инида кўринмайди. Кетма-кет симёғочларнинг деярли ҳар биридаги қават-қават уялар деярли бутун кун бўйи бўм-бўш бўлиб қолади. Натижада ушбу ҳолатни кўрган ҳар қандай кишида «Лайлаклар қани, улар қаёққадир кетиб қолдими?» деган хавотирли савол туғилади.

— Лайлакларимиз ҳеч қаёққа кетгани йўқ, шу ерда, юртимизда, — дейди Гулистон давлат университети биология кафедраси доценти Феруза Ғойибназарова. — Улар жазирама кунлар бошлангунга қадар полапонларини учирма қилади. Сўнгра ёзнинг энг иссиқ кунларини сувлоқ жойларда, қамишли, қиёқли соя ҳудудларда, суғориладиган майдонлар атрофида ўтказади. Бу паррандалар Туркистон оқ лайлаги ҳисобланади. Улар бир-бирига яқин жойлашган ҳолда, таъбир жоиз бўлса, ўзлари бунёд этган «лайлаклар қишлоғи»да яшайди.

Ҳа, Гулистон, Сайхунобод, Мирзаобод туманларининг бир неча ҳудудларида олиб борилган кузатишлардан маълум бўлдики, ҳақиқатан, лайлак борки, бари далаю сув бўйларида — инларидан узоқда экан. Хусусан, соат 9 атрофида «Тошкент — Термиз» автойўлининг Мирзаобод туманидан ўтган қисми четидаги 12 та симёғочдаги уялардан фақат биттасида ёлғиз лайлак борлиги қайд этилди. Лекин шу атрофдаги далада, яъни ерда бир гала лайлаклар юргани кўзга ташланди. Худди шу ҳудудда ўнлаб лайлакларнинг осмонда доира бўлиб парвоз қилаётганини кўргач эса «Лайлаклар қаёққа кетиб қолди?» деган саволга ўрин қолмади.

Учиш ва яшаш машқлари

— Лайлаклар овга жуда эрта-саҳарда чиқади, — дейди Сайхунобод туманидаги Фаровон маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Тўхтамиш Боқиев. — Полапони уча бошлагач инларида кам кўринади. Буни қишлоғимизда қўним топган лайлакларнинг ҳаёт тарзини кузатиш орқали билдим.

… Дала четидаги ихота дарахтзор соясида учта лайлак. Улардан иккитасининг гавдаси катта, биттасиники эса нисбатан кичик. Демак, ота-она ва фарзанд лайлаклар. Чўчитмаслик учун қилинган қатъий интилишларга қарамай, сал ҳаракатни ҳам сезар экан, аввалига катта лайлаклар учиб кетди, бироз ўтиб кичиги. Шундан билиндикки, улар учирма бўлган зурриёдларига яшаш ва учиш кўникмаларини ўргатиш, шунингдек қишга жисмонан бақувват бўлиб тайёрланиш мақсадида кунни уяларидан ташқарида ўтказмоқда.

Ҳали юқорида келтирганимиз ўнлаб лайлакларнинг доира бўлиб ва яна бошқа шакл-шамойилларда узоқ вақт осмондан тушмай парвоз қилаётганининг моҳияти ҳам шунда — ёш паррандаларнинг учиш маҳоратларини ошириш экан. Аниқки, саратонда ва шу кунларда инларида кўринмаётганининг сабабларидан бири ҳам шу экан.

Лайлаклари бор қишлоқлар

Гулистон туманидаги Уювли қишлоғида оилалардан бирининг ўз лайлаги бор. Гап шундаки, мазкур хонадонга тегишли томорқа этагидаги симёғочга лайлаклар уя қурган ва улар ҳам шу оила аъзоларидек қадрдон бўлиб қолган. Мазкур қишлоқ ва шу атрофдаги маҳаллаларда лайлак инлари жуда кўп ва уларни «Лайлаклар қишлоғи» деб таърифласа ҳам бўлади.

Мирзаобод туманидаги Турғун Аҳмедов маҳалласида ҳам беозор паррандалар одамлар билан қўшни бўлиб яшайди. Ана шундай уяларидан бирида турган ёлғиз лайлакни суратга олдик.

— Адашмасам, бу қуш қишдан буён бир ўзи яшаяпти, — дейди шу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Райимберди Жўраев. — Жуфти нобуд бўлган, шекилли…

Ҳа, бу садоқатли парранда умр йўлдошини ҳали-ҳануз кутаётганини кўриб, кимдир айтган «Лайлаклар ҳам одамлар каби қариндошлари, сулоласи билан яқин бўлиб, бир ерда яшашга интилади» деган фикрини келтиришни жоиз топдик. Эҳтимол, улар шу туфайли битта симёғоч ё дарахтга бир неча инларни ёнма-ён ёки қават-қават қуришар.

Кўп қаватли инлар

Лайлакларнинг икки, уч ва ҳатто тўрт қаватли уялари Сирдарё, Тошкент, Жиззах вилоятларида кўп учрайди. Айниқса, кейинги йилларда бундай инлар сони сезиларли даражада ортаётганлиги кузатилмоқда. Албатта, бу юртимизда лайлаклар миқдори ҳам ошаётганидан далолат.

Ушбу паррандалар асосан симёғочларга уя қуради. Маълумотларга кўра, улар битта уя қуриш учун ўртача юк машинасини деярли тўлдирадиган ҳажмдаги шох-шаббани ташиб келтиришар экан.

Билишимизча, лайлакларнинг электр узатиш линиялари таянчларида жойлашуви тармоқда қисқа туташувлар ҳосил қилиши ва оқибатда бу таъминотдаги узилишларга сабаб бўлиши ҳам мумкин экан. Шу боис лайлаклар қўним топган ҳудудларда уларнинг ҳар жиҳатдан зиёнсиз ва қулай ин солишлари учун инсон ёрдами керак, назаримизда. Ёки яхшиси, ўша симёғочлардаги қисқа туташувларнинг олдини олишга қаратилган, таъбир жоиз бўлса, «Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган» қандайдир чора ўйлаб топган маъқулдир.

Нима бўлганда ҳам юртимизнинг кўплаб ҳудудларида учрайдиган лайлакларнинг бундай бетакрор «маҳаллалари» фусункор табиатимизнинг ўзига хос бир бўлаги сифатида кишига завқ бағишлайди.

Ўн йиллардирки, лайлаклар қишлаб қолмоқда

«Халқ сўзи» газетасининг 1995 йил январь ойи сонларидан бирида «Лайлаклар қишлаб қолди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Бинобарин, ўша йиллари қорли-қировли қишда ҳам лайлакларни кўрганлар ҳайратда қолган эдилар.

«Лайлаклар қишлаб қолди» мақоласи муаллифи «Эҳтимол булар лайлакмасдир?» деган савол билан мутахассислар ва ҳатто, овчиларга ҳам мурожаат қилади. Ҳаммасидан, ҳа бу ҳақиқатан лайлаклар, деган жавоб олгач, ўша мақолани ёзади.

Бинобарин, Туркистон оқ лайлаги мана қарийб ўттиз йилдирки, қишлаш учун бошқа юртларга учиб кетмаяпти, Ўзбекистонда қоляпти. Бундай мослашувнинг сир-синоати нимада? Албатта, бу ҳақда келгуси мақолаларимизда мутахассис ва олимларимизнинг фикрини келтирамиз.

Ҳа, тинчлик ва эзгулик рамзларидан бири бўлган лайлаклар юртимиз экоқиёфасининг ўзига хос чиройи, табиатининг ноёб манзараси эканлигини қанча эътироф этсак арзийди. Шу билан бирга катта йўллар четидаги лайлаклар кўп қўним топган манзилларни сайёҳлик йўналишларининг ўзига хос бекатларига айлантириш ҳақида ҳам ўйлаб кўрилса, фойдадан холи бўлмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?