Молиявий пирамида: онлайн тузоқдан эҳтиёт бўлинг!

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Инсоннинг табиати шунақа — бирданига бойиб кетишни, энг қиммат автомобилни миниб, данғиллама ҳовли жойларда яшашни, чиройли кийиниб, яхши еб-ичишни орзу қилади. Тарихдан маълум, бу истак олтин топиш илинжида кимларнидир ўз ҳаётини гаровга қўйиб ҳали яхши ўрганилмаган океан орти ерларига етаклаган бўлса, кимлардир лотерея ўйинлари ишқибозига айланган, баъзилар эса қиморга берилиб бор-будидан ажралган.
Ҳаммамиз севиб томоша қиладиган «Ажойиб хаёлпараст» фильми қаҳрамонининг фикру хаёли ҳам тез фурсатда бойиб кетиш бўлиб, фақат у бу мақсадга меҳнати орқали, тадбиркорлиги эвазига етишга ҳаракат қилади.
Афсуски, бугун осмондан чалпак ёғишига ишонадиганлар меҳнатсиз мўмай даромад топишни ният қилиб, пировардида фирибгарлар тузоғига илинмоқда. Замонавий дунёда одамларни «чув» туширишнинг жуда кўп схемалари ишлаб чиқилмоқда. Катта ва ўрта авлод вакиллари Сергей Мавродининг ўтган асрнинг 90 йилларида кенг тарқалган «МММ» деб аталувчи молиявий пирамидасини яхши эслайди. Ўшанда бу молиявий ўпқон ўн минглаб одамларнинг маблағларини ўз домига тортиб кетган эди. Ёки «Аҳмадбой иши» доирасида ҳам қанча фуқароларимиз йиққан-терганидан бир кунда мосуво бўлишди. Бугунги кунда интернет тармоқлари ва ахборот технологияларининг жадал ривожланиши натижасида фирибгарлар ҳам ўзларининг иш услубларини ўзгартирмоқда. Маблағингизни маълум муддатда бир неча баробар кўпайтириб беришни зўр бериб тарғиб қилаётган турли электрон платформалар шулар жумласидан.
Яқинда маҳалламизда шу пайтгача тинч-тотув яшаб келаётган, даромади ўртаҳол оилада қиёмат қойим жанжал чиқиб, эр-хотинни муросага келтириш учун икки тараф қудалар, маҳалла оқсоқоли ҳамда хотин-қизлар фаоли анча овора бўлишди. Маълум бўлишича, оила бекаси фарзандининг олий ўқув юртида таҳсил олиши учун турмуш ўртоғи маошидан орттириб йиғиб юрган маблағни эридан яширинча ана шундай молиявий пирамидалардан бирига тикиб юборган. Платформа кутилмаганда фаолиятини тўхтатгач, қизининг контракт тўлови учун тўплаб қўйилган маблағ ҳавога учган. Янги ўқув йили яқинлашаётгани сабабли оила бошлиғи тўлов қилиш учун уйда йиғиб қўйган маблағни сўрагач, сир фош бўлган.
Афсус, фирибгарлар тузоғига тушиб қолаётган бундай оилалар сони кам эмас. Қўшни маҳаллада шу ойнинг охирига мўлжалланган тўй номаълум муддатга қолдирилди. Сабаби хонадон эгаси тўйга аталган маблағни тўй муддати келгунча кўпайтириб оламан деб ўйлаб, молиявий пирамидалардан бирига тикиб юборган ва чув тушган. Буниси ҳали ҳолва, текин даромад илинжида бор-будини, машинасини, қорамолу қўй-эчкисини сотиб бундай молиявий пирамидаларга аъзо бўлганлар қанча.
Электрон молиявий пирамиданинг аччиқ оқибатларига «Parker», «Golden Cash Store»,»MetaGO» мисолида гувоҳ бўлдик. Бироқ шунга қарамасдан юртимизда «Whats», «Aif» платформалари оммалашиб бораётгани ташвишли ҳол. Ушбу дастурларнинг ишлаш принципи ҳам деярли бир хил: рўйхатдан ўтасиз, пул тикасиз, ҳар кун топшириқ сифатида берилган видеоларни кўрасиз ва лайк босиш орқали пул йиғасиз. «Aif» дастурида пирамида иштирокчиси учун қиймати 50, 70, 200, 250, 500, 1000, 21000 USDT (1 USDT тахминан 1 АҚШ долларига тенг) бўлган пакетларни сотиб олиш таклиф қилинади ва 75 кун давомида тиккан маблағингизни 3 баробар қилиб кўпайтириб бериш ваъдаси берилади. Асосийси, молиявий пирамида тепасидаги аъзоларга даромад пирамидага янги жалб қилинаётган аъзолар тиккан пул маблағлари ҳисобидан ечиб берилади. Агар янги аъзолар қўшилиши камайса, пирамида қулай бошлайди ва бу пайтда ташкилотчилар томонидан турли акциялар ўтказилади, ҳар хил бонуслар берилади. Денгиздаги йирик муз бўлаги — айсбергга эътибор берган бўлсангиз, унинг кичик бир қисми сув юзасида, асосий қисми эса сув остида бўлади. Молиявий пирамида ҳам худди шундай: пирамида учидаги аъзолар қандайдир фойда олади, асосий катта кўпчилик эса айсбергнинг сув остидаги қисми каби «чўкади».
Хўш, молиявий пирамида шаклидаги фирибгарлик тўрига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак? Мутахассислар фикрича молиявий пирамидани характерловчи қуйидаги хусусиятлар мавжуд:
— молиявий пирамида ташкил қилган компания фуқаролардан пул жамғарувчи фаолият билан шуғулланиши ҳақида тегишли лицензияга эга бўлмайди;
— ташкилот фаол рекламада бўлади ва бозор даражасидан анча баланд даромадни ваъда қилади;
— пирамидага жалб қилинган ҳар бир мижоз ҳисобидан фойда ундириб берилиши ваъда қилинади ва шу орқали имкон қадар кўпроқ одам фирибгарлик тўрига тортилади;
— пулли ўтказмаларни қандайдир электрон ёки криптоҳамёнга юбориш сўралади ва киритилган пуллар айнан қаерга кетишини билишнинг имкони йўқ;
— компания сайтида на телефон рақами, на электрон почта манзили, на почта манзили кўрсатилади. Иштирокчи фақат чатлар ёки мессенжерлар орқали операторлар билан боғланиши ва қайта алоқага чиқишларини айтиши мумкин.
Ачинарлиси, айрим «уддабуронлар» жойларда молиявий пирамида ташкил этган компанияларнинг гўёки «офис»ларини очиб, фуқароларни бу ноқонуний фаолиятга жалб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1881-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолият учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Шу ўринда халқимизнинг доно мақоли яна эсга келади: «Текин пишлоқ қопқонда бўлади». Эҳтиёт бўлинг, кейинги бекатлардан бирида тўр албатта, тортилади!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- Энди таълим гранти талабаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар йили қайта тақсимланади
- АҚШда журналист қиз Трампнинг юзига микрофон билан уриб юборди
- Ўзбекистонда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади
- Тадбиркор аёлларга гаровсиз кредит ажратилади
- «Қамчиқ» довонида фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда. Қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг