Замонавий АКТларни яхши ўзлаштириш яхши. Аммо...
Саид Донишев/«Халқ сўзи». Яқинда қизим билан Телеграм каналларидаги зарарли ахборотлар, кибер жиноятчиларнинг турли алдовлари туфайли одамлар пластик карталаридаги пулларидан айрилиб қолаётгани ҳақида гаплашдик. Унга ҳушёр бўлиши, интернетдаги шубҳали ҳаволаларга кирмасликни тайинладим. Шунингдек, ЁуТубе тармоғи орқали тарқалаётган видеороликларни кўраётганда ҳеч қайсига лайк босмасликни маслаҳат бердим.
Бунга яқинда Телеграмда кўрган бир видеоролик сабаб бўлди. 57 ёшдаги бир аёл жиноий жавобгарликка тортилган. Сабаби, у 5 йил муқаддам Туркия давлатида ишлаб юрганида билиб-билмай таъқиқланган диний ташкилот томонидан тарқатилган видеога лайк босган. Аёлнинг ўзи бу видеони кўрган, кўрмаганини эслай олмайди. Балки унинг телефони бошқа кимсанинг қўлига тушиб, лайкни ўша одам босиб юборгандир.
Набираларимга ҳам интернетда тарқатилаётган ҳамма ахборотлар фойдали эмаслиги, уларнинг орасида одамларга зарар келтирадиган ахборотлар кўплигини тушунтирдим.
Тўғри, бугунги ёшлар замонавий, билимдон. Телефон, компьютер ва бошқа техника воситаларини чуқур ўзлаштирган. Аммо барибир яхши-ёмон, оқ-қорани ажратолмайди. Шундан ҳаётда қоқилишлари эҳтимоли юқори. Кибер жиноят атамаси билан ҳаётимизга кириб келган ўн бошли аждарҳо ҳеч нарсадан тап тортмаяпти. Битта «лайк» учун ёш жонини хатарга қўйиб, таъқиқланган анҳор бўйлари ёки юриб кетаётган машина, поезд устига чиқиб ўзини видеога олиш оқибатида ёшлар орасида ўлим сони кўпайиб бораётганини ҳам барчамиз кўриб, эшитиб турибмиз. Қолаверса, маънавияти ва ҳаётига хавф солаётган интернет ўйинлари орқали тушкунликка тушиб, ўз ҳаётини издан чиқараётганлар ҳам афсуски, йўқ эмас. Айниқса, Телеграм ижтимоий тармоғи орқали ёлғон хабарлар жўнатиб, аккаунтларни бузиб кирмоқда. Аккаунт эгаси номидан бузғунчи ғоялар тарқатиб, пластик карталар ҳисобидаги пулларни ечиб олмоқда.
Одоб-ахлоқ масалалари ёки йўлларда ҳаракат хавфсизлиги қоидалари болаликдан ўргатилишини яхши биламиз. Интернатда тарқатилаётган ахборотлардан фойдаланиш маданиятини боғчалардан тортиб, юқори синфларгача фарзандларимизга ўргатишимиз зарурлигини ҳаётининг ўзи кўрсатиб турибди. Хулоса ўзингиздан!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Бош прокуратура Алламжонов суиқасдига оид қўшимча ахборотни очиқлади
- 2025 йилда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар қанчага оширилиши маълум бўлди
- ДХХ ва Мудофаа вазирлиги раҳбариятидаги тайинловлар расмий эълон қилинди
- Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги Янгиҳаёт ва Бектемир туманларига ташриф буюрди — Фоторепортаж
- Шарқда ҳаммаси тинч эмас: Хитой ва АҚШ Тинч океанида фаоллашгани айтилмоқда
- Ватан ва виждон
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг