Курск ҳужуми Москвага Украина шарқидаги юришни тезлаштиришга имкон берди — Путин

17:07 05 Сентябр 2024 Дунё
242 0

Фото: AFP

Курск ҳужуми Донбасс юришини секинлаштирмаган ва Киевнинг ушбу ҳаракати акс таъсир кўрсатиб, Москвага Украина шарқидаги юришини тезлаштиришга имкон берган.

Бу фикрни Россия президенти Владимир Путин Шарқий иқтисодий форумидаги нутқида айтиб ўтди.

Шу ўринда у Донбассни қўлга олиш Москванинг 2022 йилда бошланган кенг кўламли “махсус ҳарбий операцияси”нинг асосий мақсади эканлигини ва Украинанинг Россия чегара минтақаларига қарши ҳаракати фронтнинг қолган қисмида ўз кучларини заифлаштирганини таъкидлади.

“Душманнинг мақсади бизни хавотирга солиш эди. Айниқса, Донбассда бизнинг ҳужумимизни тўхтатиш бўлган. Бу режа иш бердими? Йўқ”, деди Путин.

Шу йилнинг 6 август куни амалга оширилган Курск ҳужуми Иккинчи жаҳон урушидан бери Россия суверен ҳудудига қилинган энг йирик босқин бўлиб, унда минглаб украиналик аскарлар дронлар, оғир қуроллар ва артиллерия гуруҳлари иштирок этди.

Ўз навбатида, Украина президенти Владимир Зеленский Курск ҳужуми урушни Россияга кўчириш, Путинни тинчликка мажбурлаш ва қўшни Суми минтақасига ҳужумларнинг олдини олиш учун буфер зона яратишга уриниш эканини қайд этди.

Украинанинг юқори мартабали қўмондони генерал Александр Сирскийнинг айтишича, Курск ҳужумининг мақсадларидан бири Россия кучларини бошқа ҳудудлардан, биринчи навбатда Покровск ва Курахове яқинидаги Шарқий Украинадан чалғитиш бўлган.

Путиннинг қўшимча қилишича, ҳудуддан душманни чиқариш Россиянинг олий бурчи бўлиб, вазият барқарорлашмоқда. Курскдаги ҳужумлар бошланган вақтгача келишувни рад этган Россия раҳбари энди музокараларга тайёрлигини билдирмоқда. Унинг айтишича, жараён 2022 йилда Истанбул шаҳрида эришилган икки мамлакат музокарачилари ўртасида бекор қилинган битимга асосланиши керак. Путинга кўра, ўша йилги келишувдан Украина мамнун бўлган, аммо бундай қилмаслик буйруғи бўлганидан кейин келишув охирига етмаган. Чунки АҚШ, Европа элиталари Россияни стратегик мағлубиятга учратиш ниятида бўлган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?