Кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди

18:12 15 Январь 2024 Сиёсат
318 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида асосий эътибор Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригининг мазмун-моҳиятига қаратилди.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқ ва марраларимизда Қуролли Кучларимиз ва уларнинг сафларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган минг-минглаб ҳарбийларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.

Кейинги йилларда «Халқ ва армия – бир тану бир жондир» деган эзгу ғоя асосида Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан модернизация қилиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада миллий армиямизда чуқур сифат ўзгаришлари юз бермоқда, унинг сафларида хизмат қилиш том маънода шон-шараф ишига айланиб бормоқда.

Айни чоғда ҳарбий хизматчиларимизнинг профессионал маҳорати ва обрў-эътибори жаҳон миқёсида ҳам юксалиб боряпти. Мамлакатимиз Қуролли Кучлари вакилларининг нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани фикримизни яққол исботлайди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров Ватан ҳимоячилари деганда нафақат қўлига қурол олиб чегарани қўриқлайдиган ҳарбийларни, балки Ватанни севувчи ва Ватан ҳимоясига лоқайд бўлмаган ҳар бир инсон – Ватан ҳомоячиси эканлигини, зарур пайтда ҳар бир фуқаро Ватанни ҳимоя қилиши, айниқса мафкуравий хуружларда партиянинг ҳар бир аъзоси муносиб ҳимоя қила олишга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги масала — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти бўлди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш жараёнидаги иштирокини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳисобот даврида Комиссия томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар қилинган. Хусусан, Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган 38 та қонун лойиҳаси юзасидан 80 дан зиёд асослантирилган таклифлар тайёрланган.

Шунингдек, Комисссия томонидан Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган назорат-таҳлил тадбирлари амалга оширилган. Назорат таҳлил тадбирлари давомида ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганишлар ташкил этилган.

Ўтган даврда Комиссия томонидан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, хорижий мамлакатлар ёшлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Мажлисда Комиссия томонидан амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, сиёсий партиялар фракциялари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, назорат-таҳлил фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?