Коррупцияга қарши курашиш ва очиқлик бўйича Тошкент форуми ўтказилди

08:17 05 Декабрь 2021 Жамият
252 0

Коррупцияга қарши курашиш ва очиқлик бўйича Тошкент форуми бўлиб ўтди.

Унда Хитой, Малайзия, Словения, Украина, Грузия, Озарбайжон ва Қозоғистон коррупцияга қарши курашиш бўйича идора раҳбарлари, шунингдек, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

«Аксилкоррупция ҳафталиги» доирасида ўтказилаётган ушбу тадбирда Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева кириш сўзи билан иштирок этди.

Давлат раҳбари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида таъкидлаганидек Ўзбекистонда ушбу иллатга муросасиз кураш янги босқичга кўтарилган, бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма ташкил этилган.

Мамлакатимизда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Парламентнинг ҳар икки палатасида махсус коррупцияга қарши курашиш қўмиталари ташкил этилиб, парламент назорати институти мустаҳкамланди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилди.

Давлатимизда қонунчилик ва маъмурий соҳаларда амалга оширилган тизимли ислоҳотларнинг натижасида, Ўзбекистон 2020 йил якунларига кўра «Очиқ маълумотларни кузатиш» халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.

Ўзбекистон дунёда биринчилардан бўлиб «Очиқлик презумпцияси» тамойилини Президентнинг «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан мустаҳкамлади.

Тадбирда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, давлат хизматининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишнинг илғор механизмларини жорий этиш бўйича миллий ва халқаро тажрибани тақдим этиш, қолаверса, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Форум доирасида хорижий мамлакатлар мисолида коррупцияга қарши бўйича кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва хусусиятларини очиб берилди. Тадбирда юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди.

Бундан ташқари, давлат бошқарувида коррупцияга қарши курашиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни кўриш, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, мансабдор шахсларнинг мол-мулкларини декларациялаш ва тартибга солишнинг усуллари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини жалб этиш юзасидан иштирокчилар ўртасида фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган аксилкоррупциявий ислоҳотларни халқаро ҳамжамият вакилларига етказишга қаратилган “Uzbekistan Anti-corruption digest” журналининг илк сони тақдимоти бўлиб ўтди.

Кўрилган масалалар юзасидан иштирокчилар томонидан таклиф ва тавсиялар тайёрланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?