Коронавируснинг янги штамми қанчалик хавфли? Вакциналардан умид борми?

00:13 29 Ноябрь 2021 Дунё
1922 0

Ўтаётган ҳафтанинг сўнгги кунлари Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да «SARS-CoV-2» (COVID-19)нинг янги штамми аниқлангани ҳақидаги хабар коронавирус пандемиясидан тинкаси қуриб, энди ўзига келаётган дунёни яна бир қалқитди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу мутация Африка чегараларидан чиқиб, Осиё ва Европанинг айрим мамлакатларига етиб келган. Янги штамм билан зарарланиш ҳолатлари Ботсвана, Гонконг, Бельгия, Исроил, Германия, Буюк Британия, Чехия, Италия, Нидерландия, Австралияда қайд этилган.

Янги штамм ҳақида нималар маълум?

Хўш, «қўрқинчли мутация» дея таърифланаётган ушбу штамм ҳақида ҳозиргача нималар маълум?

26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Жанубий Африка Республикасида коронавируснинг янги штамми В.1.1.529 аниқланганини эълон қилди ва у «Омикрон» деб номланди.

Уни «ташвишли вариантлар» рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарор ушбу штаммнинг COVID-19 эпидемиологиясига хавфли таъсири ҳақида тақдим этилган далилларга асосланган маслаҳат гуруҳининг тавсиясига биноан қабул қилинган.

Янги штамм биринчи марта 9 ноябрда ЖАРда аниқланган. ЖССТ эса маълумотни 24 ноябрь куни олган. Унинг пайдо бўлиши мазкур мамлакатда касалланишнинг кескин ўсишига сабаб бўлган. Экспертлар гуруҳининг таъкидлашича, янги вариантда жуда кўп мутациялар мавжуд бўлиб, бу жиддий ташвиш уйғотади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, мазкур мутациялар иммунитети заиф одам организмида пайдо бўлган. Шу боис у коронавируснинг аввалги «Альфа», «Бета» ва «Дельта» штаммларига қараганда жуда хавфли бўлиши мумкин.

«Бу мутация бизни ҳайратда қолдирди. У катта эволюцион ривожланишни амалга оширди ва қарийб 50 та мутациядан ўтди», дейди Жанубий Африка Республикаси Эпидемиологик реакция қилиш ва инновациялар маркази профессори Тулио де Оливейра журналистларга.

50 та мутациядан 30 га яқини спайк-оқсил — вирус қобиғидаги тожга ўхшаш тиканларга тегишли. Улар ёрдамида вирус одам ҳужайрасига жойлашади. Бу янги штаммнинг энг хавотирли ўзига хос жиҳати. Олимларнинг айтишича, вакциналарнинг катта қисми ана шу тиканларни нейтраллаштириш учун ишлайди. Вируснинг спайк-протеиндан бошқа қисми янги вариантда 10 марта мутацияга учраган. Таққослаш учун «Дельта» штаммда вируснинг бу сегменти иккита мутацияни амалга оширган.

ЖАР юқумли касалликлар миллий институти айни пайтда ушбу штамм ҳақида маълумотлар камлигини, мутахассислар унинг потенциал таъсирини ўрганиш учун кенг кўламли кузатишлар олиб бораётганини билдирди. Шунингдек, ҳозирча мазкур мутация билан қанча одам зарарланганини аниқ айтишнинг имкони ҳам йўқ.

Лабораториялардан олинган дастлабки маълумотларга кўра, янги мутация ЖАРнинг аҳоли энг зич жойлашган Гаутенг провинциясида тарқалган. Айни пайтда мамлакатнинг қолган саккиз провинциясида ҳам ушбу штамм билан зарарланиш мавжудлиги эҳтимоли катта.

Ўз навбатида, ЖССТ вакили Мария Ван Керкхове ҳам янги мутация ҳақидаги маълумотлар камлигини маълум қилди.

«Биз ҳали кўп нарсани билмаймиз. Аниқ биладиган нарсамиз шундаки, бу вариант жуда кўп мутацияларга эга. Бу хавотирга сабаб бўлади. Чунки кўплаб мутациялар вируснинг хулқ-атворига таъсир қилиши мумкин», деди ЖССТ вакили.

Мария Ван Керкхове олимлар ушбу мутацияларнинг табиатини аниқлаш ва диагностика, даволаш ҳамда унга қарши вакциналарнинг самарадорлигини аниқлашга интилаётганини қўшимча қилди.

Жанубий Африка Республикаси соғлиқни сақлаш органлари маълумотларига кўра, ҳозирги кунга қадар янги вариант мамлакатда эмлаш даражаси энг паст бўлган ёшлар ва болалар орасида қайд этилган.

Ўз навбатида, Мария Ван Керкхове, эмлашларга қарамай, ҳамма ҳамон ниқоб тақиш ва гавжум жойларга боришдан тийилиш кераклигини эслатди. «Вирус қанчалик тез тарқалса, унинг мутацияга учраш имконияти шунчалик кўп бўлади», деди у.

ЖССТ маълумотларига кўра, мавжуд ПСР тестлари «омикрон» штаммларини таниб олишга қодир. Коронавирус инфекциясининг янги штамми пайдо бўлиши фонида ЖССТ COVID-19 га қарши эмлашни кўпайтиришга чақирди.

«Омикрон» Африка чегараларидан чиқиб кетди

Дастлаб янги штаммни юқтириш ҳолатлари ЖАР ва Ботсванада қайд этилган бўлса, кейинчалик Гонконг, Бельгия, Исроил, Германия, Буюк Британия Чехия, Италия, Нидерландия, Австралияда ҳам зарарланиш ҳолатлари аниқланди. Мазкур давлатларда янги штамм билан касалланиш Жанубий Африка Республикасидан учиб келиш билан боғланмоқда.

Масалан, Гонконгда биринчи ҳолат ушбу давлатдан келган фуқарода аниқланган. Иккинчи ҳолат карантин меҳмонхонасида у билан ёнма-ён яшаган одамда аниқланган. Бельгияда бир неча кун олдин Мисрдан келган кишида ушбу штамм чиқди. Исроилдаги ҳолатнинг эҳтимолий сабаблари ҳақида ҳозирча маълум қилинмаган. Германияда ҳам янги штамм билан зарарланишнинг биринчи ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Гессен федерал ери ижтимоий масалалар вазири Кай Клозе маълум қилди.

«ЖАРдан қайтган одамда янги штаммга хос бир нечта мутациялар борлиги аниқланди. Шубҳалар жуда катта. Шунинг учун у изоляцияга олинди», деди Кай Клозе. Шу ўринда вазир ўтган ҳафта ЖАРдан қайтганларнинг барчасини тестдан ўтишга ва атрофдагилар билан мулоқотни чеклашга чақирди.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жовид ҳам мамлакатда янги штамм билан иккита зарарланиш ҳолати қайд этилганини маълум қилди.

Дунё давлатлари ўзини изоляция қилмоқда

Баъзи экспертлар «қўрқинчли мутация», «биз кўрган энг ёмони» деб атаётган коронавируснинг янги штамми — «омикрон» тарқалиши фонида дунё давлатлари жуда тезлик билан Африканинг айрим мамлакатлари билан парвозларни чекламоқда.

Жумладан, 26 ноябрдан бошлаб Буюк Британия Жанубий Африка Республикаси, Ботсвана, Зимбабве, Лесото, Намибия билан парвозларни вақтинча бекор қилди.

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляен Европа Иттифоқи ҳукуматларини ушбу ҳолатга қатъий ва мувофиқлаштирилган тарзда жавоб беришга чақирди.

Душанбадан бошлаб АҚШ ҳам Африканинг бир қанча давлатларидан парвозларни тақиқлади. Вируснинг янги штамми ҳақидаги баёнотда Президент Жо Байден Жаҳон савдо ташкилотини коронавирус вакциналарига патентларни бекор қилишга чақирди. Аввалроқ Вашингтон бу мурожаатни дунё давлатларига қилган, бироқ Европа уни қўллаб-қувватламаган эди.

Австралия ЖАР, Намибия, Зимбабве, Ботсвана, Лесото, Сейшел ороллари, Малави ва Мозамбикдан парвозларни икки ҳафтага бекор қилди. Япония ҳукумати Африканинг аксарият давлатларидан ташриф буюрувчилар 10 кун давомида карантинда бўлиши ва шу вақт ичида жами тўртта тестдан ўтишлари кераклигини билдирди.

Ҳиндистон ҳам ЖАР, Ботсвана ва Гонконгдан ташриф буюрувчилар учун қаттиқроқ назорат ва тестларни жорий қилди. Россия, Эрон, Бразилия, Канада, Таиланд ҳам шунга ўхшаш чоралар амалга киритилганини билдирди. Бундай давлатлар сони соат сайин кенгайиб бормоқда.

Вакциналардан умид борми?

Вакцина ишлаб чиқарувчи бир нечта фармацевтика корпорация «омикрон»ни ўрганишни бошлагани ва агар зарур бўлса, ўз препаратларини ўзгартиришга тайёр эканлигини билдирди.

Жумладан, Американинг “Moderna” фармацевтика компанияси коронавируснинг яқинда аниқланган «омикрон» штаммига бардош бера оладиган вакцина ишлаб чиқмоқда. Компания матбуот хизмати томонидан хабар берилишича, “Moderna” расман тасдиқланган вакциналарнинг кучайтирувчи дозаларини қўллашни таклиф қилмоқда. Қайд этилишича, янги штамм «дельта» вариантида мавжуд мутацияларни ўз ичига олади. Шу билан бирга, унинг мутациялари комбинациясида табиий ва вакциналардан келиб чиқадиган иммунитетнинг заифлашишини тезлаштиришнинг сезиларли потенциал хавфи ҳам бор.

“Moderna” аллақачон клиник жиҳатдан иккита номзод вакцинани ўрганмоқда. Биринчи номзод (mRNK-1273.211) «омикрон» вариантида мавжуд бўлган бир нечта мутацияларни ўз ичига олади. Улар коронавируснинг «Бета» штаммида ҳам бўлган. Иккинчи номзод (mRNK-1273.213) «омикрон»да мавжуд бўлган кўплаб мутацияларни ўз ичига олади. Аниқлик киритилишича, тадқиқот натижалари яқин ҳафталарда маълум бўлиши кутилмоқда.

“Pfizer” (АҚШ) вa “BioNTech” (Германия) компаниялари агар янги штамм уларнинг вакциналарига нисбатан чидамли бўлса, тахминан 100 кун ичида ушбу мутацияга қарши махсус мослаштирилган вакцинани яратишни ва ишлаб чиқаришни билдирди.

«Спутник V” вакцинасини ишлаб чиққан Россиянинг Академик Н.Ф. Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази раҳбари Александр Гинцбургнинг айтишича, россиялик олимлар вакцинани янги штаммга мослаштиришга тайёр. Аммо биринчи навбатда, марказ ушбу мутацияси учун мавжуд препарат самарадорлигини синаб кўрмоқчи.

«Вакцинани жуда тез ўзгартириш мумкин. Лекин бундай қилиш керак ёки йўқлиги препаратнинг вирусни зарарсизлантириш хусусияти кўриб чиқилганидан кейин маълум бўлади», дейди А. Гинцбург.

Шу ўринда Гинцбург «Спутник V” коронавируснинг «Дельта» мутацияси пайдо бўлганидан кейин ўзгартирилмаганини ва ушбу препарат унга қарши 90 фоизгача самарали бўлганини эслатиб ўтган.

“AstraZeneca” (Буюк Британия/Швеция) компанияси эса Оксфорд университети билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилган вакцинаси пайдо бўлиши мумкин бўлган янги вариантларга тезда жавоб беришга имкон берувчи платформа эканини таъкидлади. Маълум қилинишича, компания сўнгги мутация аниқланган ҳудудларда аллақачон тадқиқот олиб бормоқда. Яъни вакцина «омикрон»га қарши синаб кўриляпти ҳамда унинг самарали бўлишига умид қилиняпти.

Кемадан тушиб қолишнинг иложи йўқ

Коронавирус пандемияси шуни кўрсатдики, бугунги глобал ҳамжамият улкан бир кема. Унда Ўзбекистон ҳам бор. Шунинг учун ҳушёрлик, огоҳлик бугун ҳар қачонгидан муҳим. Јолаверса, коронавирус пандемиясининг биринчи, иккинчи ва учинчи тўлқинлари, у келтирган оқибатлар ва йўқотишларни ҳали унутганимиз йўқ. Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар, аниқ ўйланган пухта режалар, халқимизнинг саломатлигини сақлаш йўлида сарфланган катта-катта маблағлар, шунингдек, тиббиёт ходимларининг қаҳрамонлиги туфайли Ўзбекистон ушбу босқичлардан бошқа давлатларга қараганда камроқ талафотлар билан ўтиб олди.

Лекин мутахассисларнинг таъкидича, ҳозирги вазият янада қалтис. Шу боис бир эшик нарида яшайдиган қўшнимиз ёки бир маҳалла узоқда истиқомат қиладиган ота-онамиз ёки яқинларимиз дийдорига ташна бўлган кунларни эсдан чиқармаслик керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан айтилган ижтимоий масофа, ниқоб тақиш, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, шунингдек, унинг жиддий назоратини кучайтириш керак. Лекин афсуски, бу қоидалар бугун унутилгандек. Яшириб ўтирмаймиз, кўча-кўйда, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида, бозорларда ниқоб таққан инсонлар тобора камайиб кетмоқда. Бу борада назорат ишлари ҳам сусайгандек. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маълум қилинишича, ҳозир мамлакатимизда болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ)нинг даврий кўтарилиши кузатилмоқда. Шу боис тиббиёт муассасаларига мурожаатлар ва «Тез ёрдам» хизматига чақириқлар сони сезиларли даражада ортган. Шуларни инобатга олган ҳолда, вазирлик ЎРВИга чалинган бемор болаларга ўз вақтида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, шифохоналарда қўшимча ўрин-жойлар ташкил этиш, бу орқали тиббиёт муассасаларига тушаётган юкламаларни камайтириш бўйича зарур чоралар кўрмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар шифохоналарида қўшимча 884 та, мамлакатимиз бўйича 5 062 та стационар ўрин-жой ташкил этилган ва пойтахт шифохоналаридаги жами ўрин-жойлар 3 521 та, юртимиз бўйича эса қарийб 19 800 тага етказилган. 

Ана шундай мураккаб вазиятда янги штаммнинг мамлакатимизга кириб келиши соғлиқни сақлаш тизимига катта юклама бўлиши аниқ. Шу боис санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, эпидемиологик хавф катта бўлган мамлакатлардан юртимизга кириб келувчилар учун карантин чораларини кучайтириш бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифасидир.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?