Корхона муваффақияти молиявий кўмакка боғлиқ

15:01 24 Октябр 2024 Жамият
404 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Зардўзларнинг бешинчи авлоди саналган Маҳфуза Салимова болалигини яхши эслайди. Ўшанда жажжи қизалоқ корчўп олдида туриб, қўлига нинани тутар, унинг хатти-ҳаракатларини кўриб кексалар «Бундан манаман деган зардўз чиқади», дея башорат қилишарди.

– Яхши гапга фаришталар ҳам омин дер экан, – дейди Бухоро шаҳрида яшовчи М. Салимова. – Шукр, ҳунарли бўлдим. Зардўзлик ортидан обрў-эътибор топдим. Ўнлаб шогирдларим бор. 2017 йилда «Малика Султон» оилавий корхонаси фаолиятини йўлга қўйдик. Бундан икки йилча муқаддам яна бир орзуйим ушалди. Зардўзлик маркази ва музейдан иборат мажмуа барпо этдим. Уч қаватли ушбу лойиҳа қиймати 5 миллиард сўм бўлиб, шунинг 1,2 миллиард сўмини бизга Халқ банки кредит тариқасида ажратди. Ушбу молиявий муассасанинг қўллаб-қувватлаши бизнинг мушкулимизни осон қилди, ютуқлар сари йўл очди.

«Шуҳрат» медали соҳиби саналган Маҳфуза опанинг айтганича бор. Марказда 40 нафар уста ва 60 нафар шогирднинг меҳнат қилиши учун барча қулайликлар яратилган. Оилавий корхона маҳсулотлари АҚШ, Қозоғистон, Россия, Бирлашган Араб Амирлиги каби қатор давлатлардаги буюртмачиларга етказилмоқда. Корхонанинг муваффақияти банк молиявий кўмагининг самарали эканини кўрсатяпти.

Халқ банки молиявий кўмагида фаолият юритаётган Бухоро вилоятидаги тадбиркорлик объектлари билан яқиндан таништириш мақсадида мақсадида ташкил этилган пресс – турда оммавий ахборот воситалари ходимлари ушбу оилавий корхонада бўлишди. Бу ерда миллий ҳунармандчилигимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар барчада илиқ таассурот қолдирди.

Банк томонидан ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва савдо каби турли соҳалар учун таклиф этилаётган кредит маҳсулотлари ҳамда хизматлари тадбиркорларга ўз бизнесини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, иш ўринларини яратиб, аҳоли бандлигини таъминлашда асқатмоқда. Ғиждувон туманидаги «Бек Багс Бусинесс», Когон туманидаги «Парравшан транс» масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти бунга далил бўла олади. Бу корхоналарнинг бирида 30, иккинчисида эса 40 дан зиёд иш ўрни яратилган. Банкнинг молиявий кўмаги уларга ҳар жабҳада қўл келяпти.

Пресс-тур дастури доирасида маҳаллий ОАВ, жамоатчилик фаоллари ва ҳудудий матбуот котиблари учун «Давлат ташкилотларида коммуникациянинг ўзига хос хусусиятлари» мавзуида семинар-тренинг ҳам ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?