Корхона эҳтиёжининг 40 фоизи қуёш фотоэлектр станцияси орқали таъминланмоқда

15:18 12 Февраль 2024 Жамият
264 0

Жорий йилнинг дастлабки ойидан бошлаб “Қоракўл Кумуш калава” масъулияти чекланган жамиятида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг салмоқли қисми қуёш фотоэлектр станцияси воситасида қондирила бошланди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги мазкур корхонада шу мақсадда қиймати 18,2 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилди. Бино том қисмида 2450 та қуёш панели ўрнатилди.

— Корхонамиз ҳудуди салкам 3,5 гектарни ташкил этади, — дейди масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асрор Мансуров. — Шунинг 10 800 квадрат метри бино ва иншоотлардан иборат. Биласиз, одатда, тўқув дастгоҳлари электр энергиясини кўп сарфлайди. Қолаверса, корхонадаги иш самарадорлиги кўп жиҳатдан энергиянинг узлуксиз етказиб берилишига боғлиқ. Хитойдан харид қилинган фотоэлектр станцияси шу каби масалаларга оқилона ечим бўлди. Унинг қуввати йилига 1,4 мВтни ташкил этади. Биз корхонада электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг қирқ фоизини қуёш панеллари воситасида қоплашга эришаяпмиз. Таҳлиллар кўрсатаяптики, бунинг натижасида маҳсулот таннархи 16 фоизгача арзонлашмоқда. Уни буюртмачиларга ўз вақтида етказиш борасидаги имкониятларимиз ҳам кенгайди.

320 нафар ишчи фаолият кўрсатаётган мазкур корхона йилига ўртача 7 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотни хорижий давлатларга экспорт қилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?