Кўнгил ҳайратлари
Иллюстратив фото
Умрни зойеъ этма, меҳнат қил,
Меҳнатни саодатнинг калиди бил.
Алишер Навоий
Маълумки, китобат ва ёзишмалар тарихида мақсад ва матлабни ифодалаш учун тасниф этилган ҳар бир битик аввалида Аллоҳ таолонинг буюк, тенгсиз қудрати мужассам бўлган биринчи оятнинг битилиши шарт бўлиб, унинг доимо дилда, тилда зикр этилиши эзгу ният ва хайрли амалларни мустажоб, қабул бўлишида очқич, калит, мифтоҳ ул-қулуб саналиб, унинг қайта-қайта такрори ислом уммати учун вожиб, бурч саналади.
Чексиз зоҳирий, ботиний маъноларга тўла бу раҳмоний муқаддас оят мўъмин бандаларнинг қулфлик қалбига нур, зиё, кўнглига ором, осудалик, ақл-заковатига тенгсиз шуур, дилига илоҳий муҳаббат, сурур, руҳига таскин, хотиржамлик, зикрига қувват, нафсида эса қаноат, шукроналик бахш этувчи сифати ила Аллоҳни таниш йўлида, тавҳидда бирламчи далил ҳисобланади.
Шарқ оламининг етук алломалари, забардаст сухансарой шуаро, зурафо, комиллари ўз ёзишма, битикларида ифодаланмиш воқеалар тафсили, тасвирини айнан шу тавҳид асроридан зоҳир бўлганига ишора қиладилар.
Шайх Низомий Ганжавий “Махзан ул-асрор”да:
Равшани ақл бе жон додаай,
Чошни дил бе забон додаай.
Пардаи савсан мусобеҳи туст,
Жумла забон аз паи тасбеҳи туст.
(Мазмуни: Ақл чароғин танга бергансан, Қалб лаззатин тилга бергансан. Савсан пардаси нури шуъланг партавидир, Жумла тил зикри табеҳинг шодасидир). Бу икки байтни шарҳлашнинг ҳожати йўқ, чунки қудрат соҳиби инсонни ана шундай гўзал мартаба билан улуғлаган.
Алишер Навоий ҳазратлари “Ҳайрат ул-аброр” дастони киришида:
“Мим”и очиб манзили мақсудга йўл,
Балки бу манзил аро сарчашма ул.
Байтда “мим” ҳарфий белги сифатида Аллоҳнинг исми аъзамига ишора бўлиб, ташбеҳга тортилган, “мим” мақсуд манзилига элтувчи йўл, балки бу манзил (орзу, ният )да у мен учун сарчашма (илҳом манбаъи) ва барча баён, ёзишмалар шу манбаъдан олинди деган ғоя игари сурилади Ҳазрат томондан.
Илоҳий маърифатидан илҳомланиб, сўз мулкининг ширинкалом шоирлари томонидан шарқона тафаккур ва шарқона услубда битилган руҳафзо бадиий-назмий асарларнинг қиёсий таҳлили ўта нозик масала ва бу борада амалга оширилган қиёсий тадқиқотлар ўтмиш классикларимизнинг тафаккур мезони ва фалсафий камолотини тўла очишда етарли деб бўлмайди. Чунки асар матнида фасоҳат ва балоғат билан ифодаланган бадиий тимсоллар, истиоравий, мажозий, ташбеҳий воситаларнинг лисоний маъно хусусиятлари таҳлили, тавсифида тадқиқотчи, муфассирда ўта нозик дид, табъ (чутьё), фаҳм, идрок, топқирлик, сезим ва ўткир ҳиссий қобилият бўлиши талаб қилинади, бизнингча.
Шу мезон ва талқин йўлида тасниф этилган бир асарни ўқиш орзуси, иштиёқи кўпдан бери қалбим тўрида ўрнашиб, хаёлимни банд этиб келарди. Иттифоқан, шарофатли кунларнинг бирида етук навоийшунос олим, филология фанлари доктори, Самарқанд Давлат университети муддарриси, профессори Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг ижодий изланишлари натижаси бўлмиш “Кўнгил ҳайратлари” номли рисолани “Tamaddun” нашрёти томонидан илм аҳли ва ихлосмандларга тортиқ қилиниши хайрли ва кўпдан кўнгилда кечган ғуборларни тарқалишига боиси мужиб бўлди. Қониқиш билан айтиш лозимки, “Кўнгил ҳайратлари” олимнинг илм-маърифат йўлида амалга оширган ва навоийшунослик илми ривожига қўшган диққатга молик улуши ҳисобланиб, рисолани маърифий, илмий-амалий, услубий тавсияларга тўла, бой ўқув қўлланма дейиш мумкин.
Жумладан, тадқиқот сирасига киритилган мавзулар тавсифи, таҳлили мени мушоҳада, тафаккур водийсига етаклаб, мутолаа давомида англашган ва зоҳиран юрак тубида ҳосил бўлган мулоҳазаларни битмакка ўткинчи қайсар хаёл хоҳишимга монелик қилиб, истакларимни қораламоққа йўл бермай, вақт ўтиб кетаверарди. Товба деб, фурсат ўтган сари ўз-ўзимга таскин бериб, сукут сақлаб, кўнгил дафтарини ошкор қилишга Ўзининг марҳаматидан мадад тилаб, сабрла кутдим...
Ва ниҳоят, Алишер Навоий ҳазратларининг муҳибларига “Маҳбуб ул-қулуб”да йўллаган “Сабр...аччиғдур, аммо судманд... Фараҳлар мифтоҳидур ва бандлар фаттоҳидур”, ҳикматли башорати менга қўл, даст келиб, ўрнашган ғуборларнинг тарқалишига сабаб бўлди. Тадқиқотни, айнан фараҳ- فرح хурсандлик, шодлик, хушҳолликка даъват этувчи очқич, калит ва фаттоҳ- فتاح ни эса муаммо, тугунларни фатҳ этувчи, ғолиб, мушкилкушо каби маъноларга нисбат бериб, йўйиб рисолани маърифат манзиллари сари йўл, ирфоний тафаккурга қадам деб, ҳисоблашга қарор ва қабул қилдим.
Вақеан, саодатли кунларнинг бирида профессор Нурбой Жабборовнинг “Халқ сўзи” газетасида “Низомий ва Навоий: Туркий адабиётнинг икки меҳвари” сарлавҳа остида қиёсий руҳда таҳлилга тортилган мақоласи эълон қилиниши ва унинг мутолааси йўлимга тўсиқ бўлиб, сўзлашга изн бермай келган ғовни суриб ташлашга муъжиби далил бўлди.
Мақола теран илмий мушаҳода ва қиёсий тавсиф, таҳлил асосида амалга оширилган тадқиқот сифатида диққатга молик. Олим бадиий ижодда бу икки буюк зотнинг эстетик қарашлари ва ғоявий йўналишларини таққослаб, умумлаштириб, муштарак томонларини бир неча илмий-назарий гуруҳларга бўлади ва хулосада: “ ...Чуки ижод сир-синоатга тўлиқ жараён. Қалбида ҳидоят нури бўлганларгина ҳам халққа, ҳам Ҳаққа манзур асарлар битиш шарафига нозил бўлади. Шайх Низомий ва ҳазрат Навоий ижоди бунинг ёрқин исботидир, улар асарларининг умрбоқийлиги боиси ҳам шунда”, дея фикрини далиллаб, мисоллар келтириш орқали якунлайди.
Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий: “Эй саодатли ўғлон, савдогарлик қилмоқчи бўлсанг, халқ билан қилма, зарар кўрасан, Ҳақ йўлида қил, фойда топасан... ва саодат ганжини Аллоҳнинг даргоҳидан топасан...”, дейди.
“Кўнгил ҳайратлари”нинг тадқиқ объекти, чегараси ўта кенг, ўлчам ва ўлчови, юки ниҳоят вазмин, залворли. Матлаб, мақсади эса улуғ. Тадқиқот Шарқ маснавий жанр йўналишида битилган ва асрлар оша ўқувчилар руҳини илоҳий нурга, қалбини завқ-шавққа, дилини лаззатга тўлдириб келган умумбашарий, жаҳоний шарқона тафаккур дурдонаси саналмиш Ҳаким Абу Муҳаммад Илёс ибни Юсуф ибни Закий ибн Муъид Низомийнинг “Махзан ул-асрор”и, Амир Хисрав Деҳлавийнинг “Матлаъ ул-анвор”и, Нуриддин Абдураҳмон Низомиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Жомийнинг “Туҳфат ул-аҳрор”и ва Мир Низомиддин Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр”и каби достонларнинг қиёсий таҳлил ва тавсифига бағишланган.
“Кўнгил ҳайратлари” жуда катта ҳашамат ва бу бино-ҳашаматни барпо этишда кетган куч-қувват ва вақтнинг қадри ҳисобсиз. Чунки муаллиф томонидан чиқарилган илмий-назарий, амалий хулосалар адабиётшунослик илмида нечоғлик қадр-қийматга молик эканидан мундарижа сирасида қайд этилган “Муқаддима”, “Ҳайрат ул-аброр” ҳайратлари”, “Баҳромнома” ҳайратлари” ва “Ҳайрат учқунлари” каби уч қисм таркибига киритилган йигирмадан ортиқ фаслларнинг мазмуни далолат беради.
Аввало, қониқиш билан айтиш лозимки, муҳтарам устоз, академик Тўра Мирзаев (охиратлари обод бўлсин) рисолага бағишлаб ёзган мақоласи адабий жараёнда қиёсий таҳлил йўсинида амалга оширилган тадқиқотлар саноқли экани, хусусан, типологик тадқиқотлар адабиётшунослик фанида умумназарий муаммолар ечимида жуда муҳим ўрин тутиши ҳақида фикр билдиради. “Муслиҳиддин Муҳиддинов илмига амал қиладиган заҳматкаш олимлардан... “Кўнгил ҳайратлари” деб номланган ушбу монографияда олимнинг нуктадонлик ва жўшқин эҳтирос ила баён этган хулоса ва кузатувлари билан ошно бўлиш мумкин. Мен қониқиш билан адабиётшунослигимиз хазинаси яна бир қимматли тадқиқот билан бойиганини қайд қилиб... Муслиҳиддинхон Муҳиддиновга ... ижодий баркамоллик тилаб қоламан”, дея, оқилона баҳо беради.
Мўътабар устоз, академик Тўра Мирзаевнинг тадқиқотни “хазина” деб аташларида қадрланган илмий ҳақиқат ва рамзий маъно бор, бизнингча. Рисолада адабий-эстетик жараённинг шарқона тафаккур қобиғида умумғоявий тамойиллар руҳида шаклланиши ва ривожланиши хусусида муаллиф тақдим этган назарий тавсиялар, таҳлилий хулосалар айнан тадқиқот мазмунига мос деган фикрдамиз.
Исботи сифатида қиёсга тортилган нозик мушоҳадали нуқталарнинг тақдимоти бундан далолат беради. Масалан: “ ... ўзбек адабиёти ўзининг кўп асрлик тараққиёти тарихида қўшни халқлар адабиёти билан зич алоқада бўлиб, ўзаро баҳрамандлик қонунияти асосида ривожланиб келди... Туркий тилдаги адабиёт араб ва форс тилида яратилган адабиёт билан бақамти ривожланиб, адабий анъаналар, жанрлар, ғоя ва образларда муштараклик касб этди...” деб, ўзбек адабиёти тарихан форс-тожик адабиёти билан ўзаро узвий “баҳрамандлик қонунияти асосида” тараққий топгани хусусида шарқшунос ва адабиётшунос олимларнинг илмий тадқиқотларидан айрим “муштарак” томонлари таҳлилга тортилгани, аммо соҳанинг умумназарий жиҳатлари, адабий-бадиий қонуниятлар етарли ўз ифодасини топмаганлиги хусусида сўз юритилади.
Кейинроқ муаллиф масаланинг жиддийлиги ва унинг ечими ҳақида: “...бир-бирига ўхшаш ёки ғояси, образлари, усул-услуби яқин асарлар Шарқ адабиётида жуда кўп. Бундай муштарак фактларни қидириб топиш ва қайд этишнинг ўзи кифоя эмас. Асосий вазифа ана шу муштаракликлар замирида ётган ижтимоий-ахлоқий, адабий-эстетик ҳодисалар сабабияти, умумийликнинг илдизларини очиш ва типология қонуниятига амал қилиш, шу қонуният ичида шаклланган адабий ҳодисаларнинг хусусияти, оригиналлик даражалари, таъсир ва индивидуал маҳорат масалаларини ечиш керак бўлади. Ана шунда жуда кўп баҳсли масалалар ҳам ўз-ўзидан ҳал қилинади”, деб, муаммоли тезисни илгари суради.
Келтирилган иқтибос алифбо сифатида рисолада назарга тутилган барча мавзуларнинг тадқиқи ва ечими учун кўрсатгич ҳисобланади ҳамда ушбу иқтибос мазмунига суянган ҳолда муаллиф таклиф этган муаммолар таҳлилини аниқлашга ҳаракат қиламиз:
Биринчидан, муштарак адабий-эстетик, ижтимоий-ахлоқий ҳодисалар сабаби нимада?
Иккинчидан, ўзаро адабий алоқалар руҳида муштараклик ғоялари қай тарзда вужудга келган?
Учинчидан, типологик қонуният адабий ҳодисаларнинг шаклланишида умумийлик қандай амалий роль ўйнаган?
Тўртинчидан, индивидуал ва оргиналликда Навоийнинг маҳорати нимада?
Тадқиқотда муаллиф икки халқ орасида вужудга келган муштарак адабий эстетик ҳодисаларнинг генетик ҳосил бўлиш тарихи юзасидан кенг қамровли таҳлилий экскурсга қўл уриб, бу соҳанинг етук тадқиқотчилари — профессор Нажмиддин Комилов ва Раҳим Воҳидов томонидан ўзбек ва тожик адабий алоқалари тадрижини қиёсий-типологик метод юзасидан амалга оширилган илмий ишларда изоҳланган ижодий ҳамкорлик натижасида юзага келган умумийлик, муштараклик анъанаси хусусида чиқарган қимматли назарий-амалий хулосалар, тавсиялар адабиётшунослик илмида муҳим, жиддий аҳамият касб этганини эътироф этади.
Бундан ташқари, рус ва ўзбек олимлари томонидан бу соҳага бағишланган тадқиқотлар ҳақида ҳам кенг фикр юритиб, хусусан, атоқли шарқшунос олим Е.Э. Бертельснинг “Искандар ҳақидаги роман ва унинг Шарқдаги версиялари”, “Навоий ва Аттор” номли асарларида Алишер Навоий ҳазратлари ижодига берилган холисона баҳо алоҳида диққатга сазовар деб таърифланади.
Дарвоқе, адабиёт чексиз, поёнсиз майдон ва бу муҳташам майдон асрлар давомида юзлаб, минглаб шоиру адибларнинг зарварағи, тахайюл шаъми чироғи билан яшнаб, порлаб, улкан маъно денгизи (баҳр ул-маъоний)га айлангани барчага аён. Муқаддимада таҳлил давомида тадқиқотчи баъзи Ғарб олимлари Навоийни форс адабиёти таржимони деб, билдирган фикрлари ноҳақ, бир ёқлама эканини исботлаб, Шарқ адабиётида сара асарларга салафлар томонидан назира боғлаш анъана тусига киргани ва “...Назира эпигонлик ҳам, тақлид ҳам эмас, балки ўзига хос ижодий мусобақа, куч синаш воситаси бўлиб... буюк салафларнинг асарларидан илҳомланган ҳолда, мавжуд асарга ҳам ғоя-маъно ва ҳам услуб-ифода, маҳорат жиҳатдан мос келадиган, аммо айни вақтда янгича жаранглайдиган, янги ижодкорнинг қалами кучини кўрсатиб, овозини ифодалайдиган янги асарни дунёга келтирган...”, дея фикрини далиллайди. “Пайравлик”, “назира”, “татаббуъ”, “жавобия”, “таврия” каби истилоҳларнинг луғавий маъноларига атрофлича изоҳ беради, таърифга тортади. Жавобия, пайравлик, татаббуъ боғлаш азалдан шоирлар орасида ўзига хос мусобақа, маҳорат майдони экани ва бу майдонда ғолиб бўлиш учун ўта тенгсиз истеъдод бўлиши керак дея, Хисрав Деҳлавийнинг “Хамса”си Низомий достонларига назира тариқасида жавобия бўлиб, оргинал асарларидан кўра китобхонлар орасида қадрлангани ва шоир эл-юрт орасида эъзозлангани, шуҳрат топгани ҳақида сўз юритилади.
Ҳар бир асар, рисоланинг моҳиятини белгилашда сўз боши, муқаддима калит вазифасини ўтайди ва кейинги таҳлилу тамсилларга йўл очади. “Кўнгил ҳайратлари” ҳам ана шу қурилма билан бунёд этилган ирфоний бино.
Йўл бошида турган Ҳазрат:
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ...
Керак шер олдида ҳам шери жанги,
Агар шер ўлмаса, бори паланге.
Бу мисралар ўзликка хитоб, сулукка даъват, шунингдек, майдон ичри турмоқ осон эмаслиги, Низомий бешлигига қўл урмоқлик нақадар мушкил экани изҳори, ижодий мусобақа, шер олдида шердек тайёр туришлик шартлиги, ҳеч бўлмаса, қоплон (леопард, барс, пантера)дек ғайрат-шижоатли бўлишлик ғояси англашади.
“Ҳайрат ул-аброр”да Абдураҳмон Жомийга бағишланган боб мазмун ва моҳият нуқтаи назаридан “Хамса” дебочаси. Муаллиф Жомийнинг уйида илму адаб аҳли билан суҳбат руҳи шоирга ўзгача ҳаяжон, завқ бағишлаган ҳолатга алоҳида эътибор бериб, тариқат пири, устози томонидан хамсанавислик анъаналари ҳақида, хусусан, Низомий ва Амир Хусрав “Хамса”ларига татаббуъ, назира, жавобия боғлаш борасида билдирилган мулоҳазалар баёни достон сатрларида ҳажонли тарзда акс этганини шарҳлайди ва фикрини далилаш учун: “Воқеан, назира ёки жавобия нима? Унинг вазифаси-мақсади, моҳияти қандай бўлиши керак, деган саволларга ҳазрат Навоий аниқ жавоб бериб келганлар”, дейди. “Ҳайрат ул-аброр” ва бошқа достонларда Низомий, Амир Хусрав, Жомий ҳақларида бағишланган боблар баёнига таяниб: “... шоирнинг фикрлари фақат салафлар эҳтироми эмас, балки адабий-этетик қарашлари, тутган мавқеини ҳам ифода этади”, деган фикрни баён қилади.
Шунингдек, тадқиқотчи тавсиф давомида адабий-этетик ҳодисаларнинг ғоявий шаклланиши хусусида мулоҳаза юритиб, унинг хусусияти бўлмиш тасвирий воситаларнинг умумийликка юз тутиши ва мустаҳкам қарор топиши даврий ҳодиса экани ва ҳодисанинг маънавий-маърифий даражага кўтарилиши, ижтимоий-ахлоқий омилга айланиши, оддий жараён эмаслиги, балки унинг туб манбаи, чуқур илдиз мавжудлиги, айниқса, унинг илҳомлантирувчи манбаи муқаддас Қуръони карим экани ва бу илоҳий калом лаззати барча каттаю кичик, шоиру зурафо, мавлоларнинг исломий тафаккур ва исломий ақида, исломий маърифат руҳиятида камол топишида етакчи восита сифатида адабий-эстетик ҳодисаларни бадиятга кўчиши учун замин вазифасини ўтади, деган назарий хулосага келади.
Муаллиф Жомийнинг “Туҳфат ул-аҳрор” достони ҳақида келтирилган маълумотларни шарҳлар экан, янги битилган асарни ўқиш давомида Навоий руҳида юз берган туғёнга алоҳида эътиборни қаратади. Ҳақиқатда бу мулоқот манзара, ҳолат тасвири ўта ноёб драматик кўринишга эга ва билвосита XV асрнинг иккичи ярми Темурийлар салтанатининг ижтимоий, маданий, маърифий тамаддунини тўлиқ акс эттрувчи реал чизма, Уйғониш галерияси ва “Ҳайрат ул- аброр” достонининг битилишида боис бўлган энг ҳаяжонли ҳолат деб англаш лозим.
Навоий ҳазратлари эмоционал ҳолатда бор овозда, ҳайрат билан:
Ким бу йўл ичраки алар солди гом,
Бир неча гом ўлса манга ҳам хиром.
Форси бўлди чу аларға адо,
Турки ила қилсам ани ибтидо,
дер экан, натижада “Ҳайрат ул-аброр” битилди ва туркий адабиёт дурдонасига айланди.
Навоий ҳазратларига бу муҳташам йўлни босиб ўтиш осон бўлмаган, албатта. Низомий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий достонларига назира боғлаш ўта машаққатли қасри уло эди, аммо ҳазрат улуғларнинг тафаккур булоғидан маънавий озуқа олиб, руҳидан ижодий қувват тилаб, улкан маънолар хазинасини ярата олди ва ўз асрида адабий, маданий муҳитни юксак марраларга кўтаришга беқиёс амалий ҳисса қўшди. Тенгсиз мушоҳада соҳиби, нозик таб, закий, ориф, покиза қалб, буюк шоир, камтарин инсон сифатида “Ҳайрат ул-аброр” сатрларида уфурган жўшқин нафас муаллиф томонидан зўр иштиёқ, меҳр билан талқин ва таҳлилга тортилади рисолада.
Муфассир туркий тилда битилган маънавий неъматнинг ҳар бир сатрига эҳтиром, ҳурмат-ла муносабат билдирар экан, ғурур, муҳаббат била: “Ҳайрат ул-аброр” фақат “Маҳзан ул-асрор” ва “Матлаъ ул-анвор”га татаббуъ бўлиб қолмай, балки Жомий асарига ҳам жавоб эди, яъни назирага назира ёки Навоий асари тўртинчи муваффақиятли назира сифатида ўзидан олдинги иккита назира —Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий асарларини ҳам руҳан ифодалаш керак эди... Навоий бир йўла учта асарга жавоб айтиши керак бўлган” дея маснавий байтларини келтиради:
Ботин ила қилмаса ул икки рад,
Зоҳир ила бу бири қилса мадад...
Йўлдаса бу йўлда Низомий йўлум,
Қўлдаса Хисрав била Жомий қўлум.
“Кўнгил ҳайратлари”ни ўқир экан, ўқирман ҳақиқатда тавсифий, таҳлилий баёнларда теран мушоҳадалар, жозибали ҳолатлар изҳорига гувоҳ бўлади. Хусусан, Хисрав Деҳлавий тасвири достонда ўта нозик сатрларда мавжланади: “Шамъ киби базм фурузанда ул, Базм фурузандау сўзанда ул” деб, ровий Хисравнинг базм (шеърият)да шам каби нур сочувчи, нурафшон ҳолатини сифатласа, кейинги мисрада базм нурафшон, аммо ошиқ қалби ишқ ўтидан пора-пора, игна тешик эканига ишоравий маъно юклайди. Деҳлавийни назм бўстонида ғолиб сифати, танҳолиги, ишқда эса сўзанда экани тасвиридан муфассир ҳайратланади ва тахайюл гирдобига чўмади, руҳан сатрлар билан уйғунлашиб, бирлашади, сайрга чиқади.
Ҳазрат айтганларидек: “Бўлса алар озми дашти адам, Мен ҳам ўлай соя киби ҳамқадам. Каҳфи бақо ичра алар бўлса гум, Мен ҳам ўлай Робиуҳум калбуҳум”. Мисралар талқину тавсифдан орий. Рақсу само. Мана унинг тасдиғи: “Навоий Амир Хусравни мажоз усулида ижод қилиб, ишқи ҳақиқийни куйлаган шоир деб таърифлайди. Бу усулда унга тенг келадиган шоир йўқ. Сўзу гудоз, яъни ёниш ва ўртаниш ҳиндистонлик шоирда устун...” Таҳлилни давом эттириб, “Амир Хусрав ифода-тасвир устаси, тили сеҳрли ва жозибали. Унинг қалами кишини ҳайратга солади, гўё олам-олам дур сочаётгандай туюлади, деб, таърифу тафсирга тортади.
Навоий ҳазратларининг даражама-даража камол топишида муҳим хусусият касб этган омил юзасидан сўз юритиш фарз, вожиб саналади ва унинг исботи “Ҳайрат ул-аброр”. Чунки достон бошидан то адоғигача фалсафий мушоҳада ва илму ирфон устқурмаси асосида такмил топган. Ҳар бир ҳамд, ҳар бир муножот, мақолотда сифатланмиш воқелик ҳазратнинг пояма-поя юқори, комиллик сари кўтарилишидан гувоҳлик беради. XI аср сўфия тариқатининг етук донишманди, “Муқарраби Борий”, орифлар муқтадоси Ҳирот пири Хожа Абдуллоҳ Ансорий “Юз майдон” (“Сад майдон”) рисоласида обид ва уламо орасида “Алиф”нинг мақоми, мартабаси ҳақида сўз юритиб, Зуннун Мисрий, Боязид Бастомий, Жунайд Бағдодий, Абубакр Каттонийнинг келтирган далил ва талқинларига этиборни қаратади. Зуннун Мисрий “алиф”ни Илм; Боязид Бастомий, Жунайд Бағдодий Қаср; Абубакр Каттоний Мақом деб таъриф беришганини қайд этади. Аллоҳ азза ва жаала Ўзининг муқаддас каломи Қуръони каримнинг Оли Имрон сурасининг 163-оятида “...ҳум даражот...” деб марҳамат қилади. Аллоҳнинг муқарраб дўстлари, мўътабар фозилу комиллари “алиф” хусусида берилган ботиний таъриф ва таъкидни, камина муфассирнинг тавсифру талқинларига суянган ҳолда, салкам XVI асрдан буён бадиий адабиётимиз дурдонаси ва миллатимизнинг маърифий ойинаси бўлиб келган муҳташам хазина “Хамса” достонларини бадият гултожининг нодир яратқиси сифатида, шунингдек унинг ҳашаматини эса қасри муалло, тутган ўрнини юксак даража деб ва муқаддас оятда ваъда қилинган даражот мақомига мушарраф бўлган Навоий ҳазратларини комил Инсон, етук, тенгсиз зариф шоир, фозил шахс тимсолида эътироф этишни бурч ҳисоблаймиз.
Хожа Убайдуллоҳ “Фиқроти Аҳрорриййа”да “Ҳиммати баланд одамларга аввалги қадамдаёқ вусул шарафига мушарраф бўлиш истеъдоди берилган”лиги хусусидаги таъриф, айнан ҳазрат Навоийнинг ҳасбу ҳолларига қарата айтилган тасдиқ биз учун. Ҳақиқатда ҳазрат наслу насабда пок, ахлоқда карим, тоатда муқим, ижодда беназир, саховатда сахий сифатлари билан умр солномасини безаган.
Муқаддимага киритилган муаммолар ечими муаллиф томонидан зукколик назари билан таҳлилга тортилган, чиқарган илмий-назарий хулосалари амалиёт билан узвий боғланган. Жумладан, татқиқотчи: “...алоҳида достонларни қиёслаш хийла самарали йўл деб баҳолаймиз, чунки бунда конкрет таҳлил орқали татаббуънинг хусусияти анъанавийлик ва оригиналлик муносабати ойдинлашади, умумий адабий жараён хусусиятлари аёнлашади”, дейди. Зотан, муаллиф томонидан чиқарилган бу илмий-таҳлилий хулоса, мушоҳада назаримиздан ўтган барча саволлар учун ечим вазифасини ўтайди.
Филология фанлари доктори, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов томонидан қиёсий-типологик қонуният ва адабий-эстетик мезон асосида нашр қилинган “Кўнгил ҳайратлари” асари етук монографик тадқиқот ва унинг мазмуни дарслик сифатида ўқув жараёни талабига тўлиқ жавоб беради.
Сўнг сўз сифатида биз Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг “Силсилат ул-орифин” манзумасида “...илмни дунёвий маош василаси ва шуҳрат ҳосил қилиш сабаби қиладиганлардан узоқ бўлмоқ лозим”, дейилган ҳақиқатга риоя этиб, Муслиҳиддин Муҳиддиновни илмни дунёвий маош ва шуҳрат ҳосил қилиш учун эмас, балки қалбимизга маънавий озиқ, руҳимизда маърифатнинг ғалаба қозониши учун суюкли муҳибларга тортиқ қилинган тароватли “Кўнгил ҳайратлари”ни эса туҳфа сифатида қабул қилишимиз лозим.
Исҳоқхон НОСИРОВ, Ангрен университети доценти, филология фанлар номзоди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг