Коинотдаги «шарпа шаҳарлар» ёхуд митти галактикалар ҳақида нималарни биламиз?

15:24 03 Февраль 2025 Илм-фан
121 0

Астрономлар яқинда жуда ноёб учта митти галактикаларни аниқлашди. Бу галактикалар жуда хира бўлиб, уларнинг ичида деярли янги юлдузлар йўқ. Олимларнинг фикрича, бундай галактикалар узоқ ўтмишда қандайдир кучли космик ҳодиса таъсирида ривожланишдан тўхтаган ва «шарпа шаҳарлар»га ўхшаб қолган.

Бу галактикалар йирик галактикалар – масалан, бизнинг Сомон йўли каби галактикалар билан солиштирилганда жуда кичикдир. Агар Сомон йўлида юз миллиардлаб юлдузлар бўлса, бу митти галактикаларда атиги бир неча юздан ёки мингтагача юлдуз бор. Улар шу қадар хира ва заифки, кўп йиллар давомида ҳеч ким уларни пайқамаган.

Бу галактикалар олимлар томонидан «NGC 300» галактикаси яқинида, «Skulptor» юлдуз туркумида топилди. Уларни Аризона университети астрономи Девид Санд тасодифан кашф этди. «Мен пандемия вақтида тасвирларни кузатиб чиққанимда, бу галактикалар бир неча соатдан кейин тўсатдан кўзимга ташланди», – дейди Санд.

Бу галактикаларнинг энг муҳим жиҳати – улар Сомон йўли ва бошқа йирик галактикаларнинг таъсиридан холи бўлишидир. Негаки, одатда бундай кичик галактикалар йирик галактикаларнинг гравитация кучи таъсирида газ ва моддаларни йўқотиб, ўз табиий ривожланишини ўзгартириб юборади. Аммо бу галактикалар ёлғиз бўлгани сабабли, уларнинг асл табиати бўйича аниқ хулосалар чиқариш мумкин.

Олимлар бу галактикаларнинг ичида газ йўқлигини ва фақат жуда эски юлдузлар борлигини аниқладилар. Бунга сабаб бўлиши мумкин бўлган иккита асосий назария бор, дейилади хабарда.

Биринчидан, «Катта портлаш»дан кейинги содир бўлган реионизация. Бунда олам пайдо бўлган илк босқичда жуда кучли ултрабинафша нурлар бутун коинотни қамраб олган ва энг кичик галактикалардаги газни йўқ қилиб юборган бўлиши мумкин. Газ йўқ бўлгач, янги юлдузлар шаклланмаган.

Иккинчидан, портловчи юлдузларнинг таъсири ушбу «шарпа шаҳарлар»га асос бўлган. Бунда галактикаларнинг дастлабки босқичида баъзи юлдузлар жуда катта энергия билан портлаб, улардаги газларни ташқарига итариб юборган бўлиши мумкин. Бу эса юлдузларнинг келажакда шаклланишини тўхтатган.

Бу галактикалар атрофида йирик галактикалар йўқлиги сабабли, газ йўқолишининг сабаби айнан шу иккита омил билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли катта.

Ушбу топилмалар бизга коинот қандай шаклланганини, юлдузлар қандай туғилганини ва кичик галактикалар қандай шароитда ривожланмаганини тушуниш учун жуда катта аҳамиятга эга. Негаки, агар бу назариялар тасдиқланса, олимлар коинотнинг дастлабки босқичларида қандай ҳодисалар содир бўлганини аниқроқ билиб олишлари мумкин бўлади.

«Биз ҳозирча фақат учта бундай галактикани топдик, лекин яна юзлаб ёки минглаб шундай галактикалар бўлиши мумкин. Агар уларнинг барчаси бир хил таъсир остида қолган бўлса, бу бизга коинотнинг илк шаклланиш жараёнларини тушунишга ёрдам беради», – дейди тадқиқотчи олимлар гуруҳи раҳбари Санд.

Ҳозирда олимлар ушбу митти галактикаларни сунъий интеллект ёрдамида топиш учун махсус дастур ишлаб чиқмоқдалар. Коинотдаги бу «шарпа шаҳарлар» – ўз вақтида ривожланишдан тўхтаган ва энди турғунликда коинотда «сузиб» юрибди.

Бу кашфиёт «DESI Legacy Imaging Surveys», «Gemini South» телескопи ва «Dark Energy Spectroscopic Instrument» каби илғор илмий технологиялар ёрдамида амалга оширилди. Эндиликда олимлар сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда яна кўплаб шундай галактикаларни топишга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу коинотнинг қандай шаклланганини тушуниш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Коинот сирларини очиш эса инсониятга ўз келиб чиқишини англашда беқиёс ёрдам беради. Кейинги босқичда ушбу галактикаларда ерга ўхшаш сайёралар бор ёки йўқлиги аниқлаш назарда тутилмоқда.

Галактикалар ҳам тирик организмлар цингари ўз ҳаёт тсиклига эга бўлиб, вақт ўтиши билан улар ҳам сўна бошлайди. Олимлар галактикаларнинг ўлимини асосан янги юлдузлар шаклланишининг тўхташи билан боғлашади. Янги юлдузларнинг ҳосил бўлиши учун улкан газ ва чанг булутлари керак бўлади.

Агар галактика ўз газ захираларини йўқотса ёки юлдуз шаклланиши секинлашса, у «ўлик» галактикага, яъни «шарпа шаҳарлар»га айланиб қолади. Бу жараённи тезлаштирувчи омиллар орасида йирик қора туйнукларнинг газларни ташқи томонга итариши, катта галактикалар билан тўқнашувлар ҳамда коинотнинг кенгайиши туфайли моддалар зичлигининг камайиши кабилар бор.

Бизнинг Сомон Йўли галактикамиз ҳам абадий яшамайди. Олимларнинг тахминларига кўра, у яқин келажакда Андромеда галактикаси билан тўқнашади. Бу тўқнашув тахминан 4-5 миллиард йилдан сўнг содир бўлиши кутилмоқда. Ушбу жараёнда иккала галактика ҳам шаклини ўзгартириб, катта эллипс шаклидаги янги галактикага айланиши мумкин.

Дастлаб юлдузлар шаклланиши тезлашади, лекин кейинчалик газ захиралари тугаб, янги юлдузларнинг пайдо бўлиши бутунлай тўхтайди. Бу эса Сомон Йўлининг «сўниб бораётган» галактикага айланишига олиб келади.

Қуёшимиз ҳам бир кун келиб ўзининг мавжудлигини тугатади. Ҳозир у ўртача ёшдаги юлдуз бўлиб, тахминан яна 5 миллиард йил давомида барқарор ёниб туради. Аммо вақт ўтиши билан ундаги водород захиралари камайиб боради. Бу содир бўлгач, Қуёш қизил гигантга айланади ва ҳажми кенгайиб, ҳатто Ерни ҳам ютиб юбориши мумкин. Кейинги босқичда у ўз ташқи қатламларини йўқотиб, кичик оқ митти юлдузга айланади. Оқ миттилар аста-секин совийди ва миллионлаб йиллар давомида ёруғлик таратмайдиган совуқ космик жисмларга айланишади.

Қуёшнинг йўқ бўлиши бизнинг сайёрамиз учун ҳам ҳалокатли бўлади. Қизил гигант босқичида у жуда кўп иссиқлик чиқариб, Ердаги барча сувларни буғлатиб юборади. Атмосфера йўқолади ва сайёрамиз ҳаёт учун бутунлай яроқсиз жойга айланади. Ҳатто инсоният келажакда бошқа сайёраларга кўчиб ўтса ҳам, Қуёш тизимининг бутунлай «сўниши» муқаррар жараён бўлиб қолади.

Санжар Шомуродов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?