Кўҳна Қўрғон туризм маҳалласига айланди

14:07 11 Декабрь 2024 Жамият
173 0

Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Бундан икки йил муқаддам Ғиждувон туманидаги “Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида иш бошлаган, асл касби муаллима Ойниса Шариповани бу гўшанинг бой тарихи қизиқтириб қўйди.

Маълум бўлишича, туман марказида қадимий Қўрғон, яъни шаҳристон мавжуд бўлган. Унга милоддан аввалги асрларда туркий қабилалардан саналган ўғузлар асос солган. “Қўрғон” ёпиқ меъморий мажмуа бўлиб, у ташқаридан яъни, ташқи оламдан яхлит девор билан ўралганлиги билан ажралиб турган.

“Буюк ипак йўли” ёқасида жойлашгани боис бу маскан Х асрда Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз каби йирик шаҳарлар қаторида тилга олинган. Ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган қалъа девори қолдиқлари ҳамда тепалик ҳам унинг бой тарихга эгалигидан далолат беради. Қолаверса, маҳалла ҳудудида XIV асрда барпо этилган тошҳаммом, XVI асрда қурилган “Бобораҳим”, XVII асрда қад ростлаган “Бозори қаймоқ”, “Боло қассобон” масжидлари, иккита қадимий қудуқ, 300 ёшли тут дарахти, ўнта кўҳна уй бор.

Қўрғонда ҳунармандчилик ва савдогарлик аждодлардан мерос саналади. Айнан, шу жиҳат ҳам Ойнисани бефарқ қолдирмади.

— Синчиклаб кузатсам, маҳалламиз одамлари кечаю кундуз меҳнат қилишаркан, — дейди у. — Гап шундаки, 512 та хонадоннинг 317 таси у ёки бу ҳунар этагидан тутган. Ғиждувоннинг машҳур бозорига ширмой нон, патир, ҳолва, парварда, турли пишириқларнинг энг сарасини улар етказиб беради. Кабобпазлик, темирчилик, кулолчилик, қуроқчилик, бешиксозлик билан шуғулланадиган сулолалар бор. Бирор бир бекорчи кишини учратмайсиз. Бошқа жойдан бу ерга келин бўлиб тушганман. Шу боисданми, маҳалладошларимга ҳавасим келади.

2022 йилда маҳалла “қизил” ҳудудда эди. Ҳозир у жиноятчиликдан ва ишсизликдан холи ҳудудга айланган. Бу маҳалла фаолларининг оилалар билан ҳамкорликда ишлаши, жамоатчилик назоратининг оқилона йўлга қўйилгани натижаси, албатта. Қолаверса, ҳозир маҳалла кўчаларида 52 та кузатув камерасини кўриш мумкин. Яқин орада яна шундай 44 та мослама ўрнатилиши кутилмоқда.

Қайси бир маҳаллада мигрантлар масаласи йўқ, дейсиз. “Қўрғон”да бу муаммонинг ечимини топишмоқда. Чунончи, маҳаллада гастрономик кўча ташкил этилди. 14 та хонадон миллий таомлар тайёрлашга ихтисослашди. Оиласидан олисда, совуқ ўлкаларда ишлаб юрган уч нафар мигрантга ортга қайтиш таклифи берилди. Улар ҳозир маҳаллада фойдали ижтимоий меҳнат билан банд. Бахтиёр Бурҳонов ана шуларнинг бири. Унга маҳалла кўмагида банкдан 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бахтиёр бу маблағ эвазига ўз бизнесини йўлга қўйди, аниқроғи, гастрономик кўчада ошхона очди. Ҳолвапазлар сулоласининг олтинчи авлоди саналган Одил Садилов эса фаолиятини кенгайтириб, имтиёзли кредит эвазига уй–меҳмонхона фаолиятини йўлга қўйди.

Бу орада ҳокимлик ва тегишли ташкилотларнинг қўллаб-қувватлаши ортидан кўҳна масжидлар ва чойхонани реставрация қилиш ишлари амалга оширилди. Қадимий Пермас ариғи ён-атрофи ободонлаштирилди. Ёшлар сайлгоҳи барпо этилди. Яқин ўтмишнинг таниқли ҳунарманди Ибодулла Нарзуллаев яшаган ҳовли уй–музейга айлантирилди. Ҳудудда яна бир музей барпо этиш тадориги кўрилмоқда. .”Қўрғон”нинг ислом оламида маълум ва машҳур Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қадамжоси шундоқ ён томонида жойлашгани ҳам уни бу меъморий ёдгорлик билан уйғун тарздаги туризм маҳалласига айлантиришда қўл келди.

Айтмоқчи, яқинда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф–муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси томонидан “Қўрғон”га “туризм маҳалласи” мақоми берилгани ҳақидаги сертификат топширилди. Бу ҳудудда сайёҳлар оқимининг кўпайишига, миллий ҳунармандчилигимиз равнақига, асрий анъана ва қадриятларимизнинг асраб–авайланиши ва келгуси авлодга етказилишига хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?